АГАР МЕН АЁЛ БЎЛГАНИМДА ЭДИ...

  (Ҳажвия)
Саломхон трикотаж фабрикасига швейцар (эшикбон) бўлиб ишга кирди. Ойлик маоши 80 минг лирани ташкил этди. Бу пулга нафақат бир киши, ҳатто унинг тўртдан бири ҳам яшай олмас эди. Аммо, у ўзининг меҳнатсеварлигига ишонар эди. Ҳар ҳолда   хўжайини унинг интилишларини инобатга олиб, маошини кўтаришига умид боғларди. Швейцарлик энг паст ишлардан бўлгани билан илож қанча, яшаш учун одам ҳар қандай ишга рози бўларкан. Бизнинг дунё мувозанатини йўқотган замонда швейцарликка арзимайдиган одамлар хўжайин ва аксинча, одамлар ўрин алмашишган.
Моянасига хўжайинининг бироз пул қўшимча қилиши умидида у кечани кеча, кундузни кундуз демай, бор куч ғайрати билан ишлай бошлади: "О, қанийди, у кечки қоровул бўлиб қолса...! Фабриканинг кечки қоровули ойига 200 лир ойлик олади, иши ҳам тинчроқ". 
Агар киши бирор нарсага астойдил интилса, унинг орзуси амалга ошар экан. Ажойиб кунларнинг бирида хўжайин уни ҳузурига таклиф қилди:
- Мен сенинг ишингдан розиман,-деди хўжайин.
- Миннатдорман, раҳмат, деб жавоб қилди у.
 Хўжайин сўради:
- Уйланганмисан?
У худди жиноят устида қўлга тушгандай оҳиста жавоб қилди:
- Ҳа.
У худди айбига иқрор бўлган маҳкумдай бошини эгиб, қўшимча қилди:
- Иккита фарзандим ҳам бор, бой афандим.
Хўжайин ҳамдардона уни уялтирди:
- Ай, ай, ай! Қандай тирикчилик қиляпсан?
- Жуда ҳам қийин, бой афандим.
- Мен сенга яхшилик қилмоқчиман, швейцар ва кечки қоровулликни иккаласини бирга эплай оласанми?
- Эплайман, бой афандим.
- Тўғрисини айтганда, сен бир кунда бор-йўғи эшик олдида 6 соат турасан. Қўшимча саккиз соат тунги навбатчилик, жами ўн тўрт соат, ихтиёрингда яна ўн соат бўш вақтинг қолади. Розимисан? Кечки қоровуллик учун 30 лир қўшаман.
- Раҳмат сизга, бой афандим.
Шу куннинг ўзидаёқ кечаси кўп ухлашлиги рўкач қилиниб, ойига 200 лир маош оладиган тунги қоровулнинг паттаси қўлига берилиб, ишдан бўшатилди ва унинг ўрнига бизнинг швейцар ишга олинди.
Шундай қилиб, у кундузи эшикда швейцарлик, кечаси эса бўйнига назорат соати осиғлик ҳолда саккиз соат тунги қоровуллик қилиб, фабрикани қўриқлар эди. Унинг ойлик маоши энди 110 лир эди. У жуда ҳам интизомли ва итоаткор ходим эди. У ўйлар эди: Хўжайин ҳам аҳмоқ эмас, унинг саъй-ҳаракатларини инобатга олиб, яна бирор яхшилик қилса, ажабмас. Мана масалан, фабриканинг котиби этиб тайинласа, қандай ажойиб иш бўлар эди. Котиб ойига 300 лир маош олади...
Агар киши бирор нарсага эришишни астойдил орзу қилса, толе унга кулиб боқар экан. Хўжайин қоровулни ҳузурига чақириб деди:
- Мен сенинг ишингдан розиман ва сенга яхшилик қилмоқчиман. Кечаси сен кўп банд эмассан, шунинг учун идора ҳужжатларини юритишни ҳам сенга топширсам, нима дейсан, маошингга яна 60 лир қўшаман. Тунги қоровул ўйланиб қолди. Энди у 170 лир ойлик маош олиши мумкин эди...
- Оллоҳим сизга омонлик ва соғлик ато этсин, бой афандим,- деди у терисига сиғмай.
- Иш вақтида кўп хаёл суриш, кофе ичиб, сигарет чекиб, иш вақтидан унумли фойдаланмаганлиги рўкач қилиниб, шу заҳотиёқ 300 лир маошли фабрика котиби ишдан бўшатилиб, думи тугилди. Унинг ўрнига бизнинг швейцар ишга олинди.
Энди у кундузи эшик олдида швейцарлик қилар, кечаси тунги қоровуллик пайтида ёзув машинкасини олдига қўйиб, ҳар хил идора қоғозларини ёзар эди. У бетиним ишлар эди. Хўжайин ҳам  нодон эмас ахир. Эртами, кечми у ходимининг бу меҳнатларини муносиб тақдирласа керак. Фабрика бухгалтери ойига 100 лир ойлик олади: "Оҳ, қани эди, мен бухгалтер ҳам бўлиб қолсам!"...
Агар киши бирор нарсани жуда хоҳласа, истаги амалга ошар экан. Кунларнинг бирида хўжайин уни яна ўзига таклиф қилди:
- Мен биламан, бизнинг замонамизда 170 лир пул эмас, - деди у. - Шунинг учун мен ойлигингни оширмоқчиман!
- Раҳмат Сизга, бой афандим.
- Менинг ҳисобимча сенда бўш вақт талайгина. Уйда бекор чивин қўриб ўтиргунча, фабрика ҳисоб-китоби билан шуғулланасан.
- Шуғулланаман, бой афандим.
- Ажойиб, мен маошингга яна 45 лир қўшаман.
Ойига 400 лир оладиган фабрика ҳисобчиси кўз очиб-юмгунча, қўшиш ўрнига айириш, кўпайтириш ўрнига бўлиш амалларини бажаришда айбланиб, ишдан бўшатилди.
Энди бизнинг швейцар ойига 215 лир оладиган бўлди. Аммо, кундузи олти соат эшикда швейцарлик қилар, кечаси саккиз соатлик тунги қоровуллик билан бирга фабрика қоғозларини машинкада печать қилар, уйга келганда эса бухгалтерлик қилар эди. У ўзига талабчан, интизомли ходим бўлиб, кўп меҳнат қилар, талаб қилинганидан-да кўпроқ ишлар эди.
Энди у омбор мудирлигини ҳам қўшиб олишни ўйлай бошлади: "О-оҳ, омбор мудири ойига 450 лир олади-я!".
Агар киши бирор нарсани жуда хоҳласа, оҳи худога етиб, мушкули осон бўлиб, орзусига етар экан. Хўжайин уни яна ҳузурига чақирди:
- Мен сенга яна яхшилик қилмоқчиман. Агар мен сенга омбор мудирлиги вазифасини ҳам таклиф этсам, нима дейсан?
- Жуда хурсанд бўлар эдим, бой афандим!
- Офарин! Омбор мудирлигини қабул қил. Маошингга 35 лир қўшилади.
Хотираси паст, баъзи товарларни омбор ўрнига уйига ташийдиган омбор мудири дарҳол ишдан озод этилиб, унинг ўрнига бизнинг тунгги қоровулимиз ишга ўтди. 
У кеча ва кундуз ўз кучи ва вақтини аямасдан ишлар эди. Хўжайин ҳам нодон эшак эмас ахир, қачондир унинг меҳнатларини муносиб тақдирлаш керак-ку...
Ҳақиқатдан ҳам, ногаҳон... Хўжайин уни яна чақирди:
- Миннатдорман, сизнинг меҳнат фаолиятингиздан розиман! Ишлаган тишлайди, деганларидек, ким изласа, ахийри топади. Швейцарлик иши энди сизга муносиб эмас. Бошқа вазифалар ихтиёрингизда қолади. Ундан ташқари, мен сизни шу фабриканинг директори этиб ҳам тайинлайман.
- Директорлик?
Унинг тили калимага келмай қолди. У анчадан буён директорлик лавозими ҳақида ҳам орзу қилиб юрарди. Инсон бир нарсани жуда истаса амалга ошар экан. Ва ниҳоят у фабрика директори. Фабрика директори лавозими учун 90 лир маошига қўшилган билан, швейцарлик қисқаргани учун маош 80 лирга камайиши табиий ҳол, албатта. Хулласи калом, унинг ойлиги жами ишлари учун 260 лирни ташкил этди.
Ойига 500 лир оладиган фабрика директори хўжайиннинг котибасига шилқимлик қилгани учун ишдан ҳайдалди. Фабрикада 40 та ишчи, иккита уста (мастер), йигирмата дастгоҳ бор эди. У ишчи бўлиб ишлай олмайди, уста бўлиб ҳам, чунки дастгоҳларни тушунмайди. Фабрика идорасида ундан ташқари фақат котиба-машинистка қолган эди. Ишдан бўш вақтлари у котиба машинисткага хўжайинни оғзи кўпириб мақтар эди:
- Оллоҳ сийласин, хўжайинни, тани сиҳатлик, хотиржамлик ато этсин, илоҳим! Тилла инсон. Мен ушбу фабрикага 80 лир ойлик билан швейцар бўлиб ишга қабул қилинган эдим. Кейин менга тунги қоровуллик ишини қўшиб беришди, маошим 110 лир бўлди. Кейин корхонада котиблик ишини ҳам зиммамга юклади, моянам 170 лир бўлди. Ундан сўнг менга ҳисобчилик ишини ҳам ишондилар ва ойлигим 215 лирга кўтарилди. Ва ниҳоят мен корхона директори ҳамман. Ойлигим эса 260 лир!!!
Ўз навбатида котиба ҳам хўжайинни мақтай бошлади:
- Мен даставвал корхонага 40 лир эвазига фаррош бўлиб ишга кирган эдим. Кейин мен хўжайиннинг уйидаги куйдир-супур ишларини ҳам қила бошладим. Маошим эса 60 лир бўлди. Ундан кейин машинисткаликни ҳам юклашди. Ойлигимни 80 лирга кўтаришди. Кейин мен хўжайинга овқат тайёрлаш ва хўжалик ишларига ҳам жалб этилдим. Менга 100 лир тўлай бошладилар. Кейин..., кейин биласизми, мен у учун кимга айландим...?. Менга 15 лир яна қўшдилар. Ҳозир 115 лир ойлик оламан.
Бир замон у котиба-машинисткага юзланиб сўз қотди:
- Сен жуда кўп ишлаяпсан ва ниҳоятда чарчаяпсан.
Котиба-машинистка ҳозиржавоблик билан деди:
- Нима сиз кам ишлаяпсизми? Сизга шу ойлик озми? Яна қўшимча ойлик хоҳлаб қолдингизми?
У ҳайратдан қотиб котиба-машинисткага қаради. Кейин чуқур ўйга толди. Ҳақиқатдан ҳам фабрика идорасида у ва котиба-машинисткадан бошқа ҳеч ким қолмаган эди. У котиба-машинистканинг мажбуриятлари эсига тушиб, қўрқинчли туш кўриб уйғонган одамдай чўчиб кетди:
- Йўқ,-йўқ, - деди ўзига ўзи.
- Ҳеч қандай қўшимча маош истамайман. Шу ёғига ҳам худога шукур қиламан. Аммо, ростдан ҳам аёл бўлганимда, нима бўлар эди, а? Хўжайин сени ишдан бўшатиб, ойлигимга яна 20 лир қўшиб, мени ишлатар эди.
- Йўқ,- йўқ! ...Яратган ўзи асрасин-а... Менга бошқа қўшимча маош ва иш керак эмас!... Борига барака!... Лекин, аммо, бироқ... Мен аёл бўлганимда нима бўлар эди, а лаббай?...
Ўзинг паноҳингда асра эй, художон, ғофил бандангни!...   
Азиз Несин турк ёзувчиси.
 Рус тилидан Собир АМИРОВ
 таржимаси.
Мавзуга оид: