Турмуш чорраҳаларида СЎНГГИ ПУШАЙМОН

Кейинги кунларда аёлнинг тез-тез тоби қочадиган бўлиб қолди. Лекин, шундай бўлса-да, ўзини куч билан бўлса-да, ушлаб турди. Дори-дармонларга пул кетади, деб уйида даволанди. Ахир ҳозир дорихоналардан дори олай деса фалон пул кетади. Бир-икки кун ўтган бўлса ҳам унинг боши оғрир, тинимсиз йўталар, юраги ҳам онда-сонда санчадиган бўлиб қолганди. Охири туман марказига бориб шифокорга учрашди. Тиббий ташхис кўригидан ўтгач, доктор аёл бошини чайқади, ва: «Сиз зудлик билан касалхонада ётиб даволанишингиз керак” деди. Кейин қўшиб қўйди: “Бўлмаса соғлигингиз орқага кетади. Бу ёмон оқибатларга олиб келиши мумкин”.
Севара шифокорнинг «ёмон оқибатларга олиб келиши мумкин» деган сўзларини яхши англаса-да, бироқ эътибор бермади. Албатта ётаман, даволанаман, деди-ю, поликлиникадан чиқиб, бу фикридан тезда қайтди. Очиғи, қандай қилиб даволана олади? Ўзлари зўрға рўзғор тебратишаяпти-ку, ётишга ва дори-дармонга пул қани? Бу ҳақда эрига бир айтиб кўрсин-чи нима деркан? Эрталаб дастурхон олдида эри Шодига деди:
- Отаси, кеча дўхтирга борувдим. Ётиб даволанмасангиз бўлмайди дейишди.
Қовоғидан қор ёғилиб турган Шоди бу гапни эшитди-ю, ғазаб отига минди:
- Нима деяпсан, калланг жойидами? Сени ётиб даволанишингга пул қани? Шундай аҳволда ётиб даволанишингга бало борми? Бир амаллаб чидаб тур. Пул топсак бемалол ётиб даволанасан, - деди.
- Доктор тезда ётиб даволанмасанг, ёмон оқибатларга олиб келади, деган эди, - аёл қўрқа-писа шу сўзларни айта олди.
- Ўша доктор нимани ҳам биларди. Жуда ётиб даволангинг келаётган бўлса, пул топда, бориб даволанавер. Менда эса сенга берадиган пулим йўқ, - деди-ю ўрнидан туриб одатдагидек ишга жўнади.
Аёл бечора айтганига минг пушаймон бўлиб, мулзам бўлганча қолаверди. Кун сайин аҳволи оғирлашиб бораётганлигини ўзи ҳам сезарди. Баъзан кечалари юраги санчиб қолар, анча вақтгача ўрнида ўтирганча юраги соҳасини уқалаб чиқарди. Эрининг эса парвойи фалак. Ёнгинасида пишиллаб ухларди. Турмуш қийинчиликлари ҳам уни шу аҳволга солаётганлиги ўз-ўзидан маълум эди. Кундалик ташвишлар эса камайиш ўрнига ортиб борарди. Бугун эрталаб ҳам шундай бўлди. Хамир қилай деса ун қолмабди. Қўшнисидан сўрашга юраги бетламади. Ахир ундан ҳам бир хамирлик ун қарз-да. Кимдан олишни ўйлаб охири тегирмончини олдига боришга мажбур бўлди. Ялиниб-ёлвориб тегирмончидан бир хамирлик ун олишга муваффақ бўлди. Аёлнинг бу ҳолатини кўриб тегирмончи Аъзамнинг ҳам раҳми келди. Эндигина қирқдан ошган бу аёлнинг сочларига оқ оралаб, ўзи ҳам кун-сайин чўкиб борарди-да. Севара тегирмондан чиқаётган пайтда Аъзам деди: - Севара, намунча ўзингни қийнайсан. Эринг ҳар куни ичиб юради. Пулни қаердан олади билмадим-у, лекин кўчадан бери келмагунча, рўзғорга ёрдам қилса бўлмайдими? Ҳамма оғирлик сени бўйнингга тушибди-ку. Унинг юзига айтсанг бўлмайдими?
Аёл индамади. Ахир қандай айта олади, эрим рўзғорга умуман қарамайди, деб. Гапирсам дўппослайди, деб айта олармиди, аёл?! Очиғини айтганда, Севара бир-икки марта илгарилари эрига ҳам айтиб кўрган эди. Аммо эвазига тўғри гапи учун калтак еди. Кўзлари кўкариб, уялганидан бир неча кун кўчага ҳам чиқмади. Шу-шу бўлди-ю, бирор гапни эрига айтмайдиган одат чиқарди. Айтгани билан фойдаси бўлмагандан кейин нима керак ҳадеб айтавериб? Аёл ўз ёғига ўзи қовурилиб юрарди. Айниқса, бирорта оғайниси тўй қиладиган бўлиб қолса борми, унинг ташвиши янада кўпаяди. Ахир тўйга қуруқ қўл билан бориб бўлмайди-ку. Келин кўришга ёки тўй бўлаётган болаларга кийим-кечак олиш керак бўлади. Ана шундай пайтда аёл бировдан қарз олиб, тўйга борарди. Буни эрига сездирмасди. Билиб қолгудай бўлса калтак ейишини яхши биларди. Эри мендан яшириб қарз-қавола қилиб тўйга нарса олиб борадиган сенми, деб дўппослаши аниқ эди. Чунки бундай ҳолатлар илгари ҳам бўлган Олган қарзни узиш учун Севара тун-у кун ишлашга мажбур эди.
Кейинги кунларда аёлнинг аҳволи янада оғирлашди. Қўшнилари унга шифохонага бориб, даволанинг, дейишди. Аммо бунга эри қарши чиқди. Бир-икки кун уйда ётиб даволанса, яхши бўлиб кетади, деди. Севара кечалари алаҳсираб чиқар, бир-биридан қўрқинчли тушлар кўриб чиқарди. Кунларнинг бирида катта қизини чақириб насиҳат қилди:
- Қизгинам, менинг аҳволим тобора ёмонлашаяпти. Агар менга бирор нарса бўлса, отангга яхшилаб қаранглар. Кийимларини доимо ювиб, дазмоллаб беринглар.
Аёл шундай деб кўзларига ёш олди. Онасининг бу гапидан қизи ҳам юм-юм йиғларди.
Кўп ўтмай, аёл бандаликни бажо келтирди. У ўзи билан бирга бир олам орзу-армонларини ҳам олиб кетди. Катта ҳовли ҳувиллаб қолди. Унинг маъракалари ўтгач, аёлнинг ўрни сезила бошлади. Шоди ҳайҳотдек уйда ҳувиллаб қолган ҳовлиларга қарар экан, ўзини айбдор сезарди. Хотини бояқишнинг даволаниш учун ўтиниб сўраганларини эслаб баттар эзиларди. Хотинининг қабрига бориб йиғларкан, беихтиёр: «Кечир мени, Севара. Сенинг ўлимингга мен айбдорман», дея пичирлади. Аммо қабрдан садо чиқмас, унинг бу сўзларига қабрда ётган аёл энди зор ҳам эмасди…
Йўлчи МУҲАММАДИЕВ.
Мавзуга оид:

Янги асар хабари
- 11 мар, 17:02

Янги асар хабари
- 08 мар, 15:10

Янги асар хабари
- 04 мар, 13:37

Янги асар хабари
- 01 мар, 00:05

Янги асар хабари
- 25 фев, 16:00