Машҳурлар ҳаётидан РАШКЧИ МАЛИКА

Хотиржамликнинг ғоясини оилада яратиш керак. Оиласида хотиржамлиги йўқ кишиларнинг барчаси асабийлик исканжасидаги бахтсизликдир. Бу даъвоимизга тарихда мисоллар тўлиб-тошиб ётибди. Эр-хотин ўртасида муттасил давом этувчи можаролар оила осойишталигига мутлақо путур етказади.

Франция императори Наполеон Бонапартнинг қариндоши Наполеон III ўз ҳукмронлиги даврида дунёдаги энг гўзал қиз графиня Тебская, яъни Мария Евгения Августина де Монтихони севиб қолади ва унга уйланади. Гарчанд мулозимлари унга бу малоҳатли аёлнинг келиб чиқиши бетайинлигини, аллақандай номаълум испаниялик графнинг қизи эканини айтишса-да, ўз билганидан қолмайди. Навқирон йигитнинг қалби муҳаббатдан тўлиб-тошган, мафтун бўлиб қолганди. "Мен ана шу ҳеч кими йўқ аёлни севиб қолдим. Уни жудаям ҳурмат қиламан", дея мулозимларига жавоб қилади.

Келин ҳам, куёв ҳам соғлом, куч-қувватга тўлган пайт эди. Боз устига, салтанат, шуҳрат, бойлик, гўзаллик - буларнинг ҳаммаси ишқибозлик учун етарли эди. Севишганларнинг муқаддас никоҳи машъали ярқираб кетганди. 

Надоматлар бўлсинки, бу муқаддас машъала ҳеч қанча фурсат ўтмасдан сўна бошлади. Бу ўтли муҳаббат ўзидан кўмирдай қора кул қолдириб, ҳарорат йўқолди. Наполеон Евгенияни бу ғаройиб Франциянинг қироличаси даражасига кўтариши лозим эди. Аммо унинг тожу тахт, куч-қудрати, порлоқ муҳаббати Евгениянинг инжиқликларини, асоссиз рашкларини енгишга ожизлик қиларди. 

Евгениянинг тихирликлари шу даражага етдики, асло Наполеонни ёлғиз қолдирмасди. Ёки хуфия пойлоқчилар орқали назоратни кучайтирарди. Исталган вақтда унинг иш идорасига бостириб кирар, давлат ишларини бажаришига ҳалақит берарди. Ўзга давлат вакиллари билан музокаралар олиб бораётган пайтда ҳам писанд қилмай ташриф буюрар, музокараларни барбод қиларди. 

Евгения эрини қизғонар, ҳар доим танишларига, опасига ёмонлар, бақириб, тўс-тўполон қилиб йиғларди. Иш шу даражага етиб бордики, Наполеон Евгенияга дуч келиб қолса, қочгани жой тополмай қолди. Хўш, бунча ноўрин хархашалари билан Евгения нимага эришди?

Мен сизга Е.А.Рейхардтнинг "Наполеон ва Евгения. Бир ҳокимиятнинг икки кўриниши" номли кишини лол қолдирувчи китобидан қуйидаги парчани келтираман:

"Вазият шу даражага етдики, бора-бора Наполеон чиндан ҳам ўзга хонимлар суҳбатига ошиқадиган, ҳаво алмаштириш баҳонасида ғайритабиий "сайл"ларни истайдиган бўлиб қолди. Бундай шароитларни яратиш учун унинг яқин кишилари ҳамиша ҳозиру-нозир эдилар. Наполеон чапаничасига кийиниб олиб, махфий эшик орқали дўстлари назоратида махсус ишратхонага йўл оларди. Гоҳо шаҳарнинг ажойиб кечаларида сайр қилиб, ўзини овунтирарди..."

Мана, Евгения нималарга эришди! Тўғри, бу аёл Франция маликаси тожини кийди. Чиндан ҳам Евгения ҳаддан ташқари чиройли аёл эди. Бахтга қарши, салтанатдаги тутган юксак мақомлар, унвонлар, мол-мулк, гўзаллик, муҳаббатни асраб қолишга қодир эмасди. Ўзининг нохуш хатти-ҳаракатлари, жазавалари билан Наполеоннинг кўнглини совутиб юборди. Инжилда "Нимадан қўрқсанг, ўшанга рўбарў бўласан", деганлари ҳақ.

Ўз далилига эга бўлмаган бўҳтон ва рашк, ҳаддидан ўтган эркалик, таннозликдан туғилувчи инжиқлик, гумонсирашлар севгини емиради, ҳалок қилади.

Дейл Карнегининг "Чидаш санъати" 

китобидан олинди.