Турмуш чорраҳаларида ОНА МЕҲРИ

Турмуш чорраҳаларида

ОНА МЕҲРИ

Қиз олийгоҳни битиргач, қишлоғидаги бир йигитга турмушга чиқди. Шу орада бир-биридан ширин фарзандлари дунёга келди. Рўзғорнинг барча ташвишлари аёлнинг зиммасида эди. Чунки эри бирор жойда ўқимаган, бирорта ҳунари ҳам йўқ бўлганлиги учун одамларнинг уйларида мардикорлик қилиб кун ўтказарди. Аёл эса мактабда тил ва адабиёт фанидан дарс берар, ўз касбининг ҳақиқий билимдони бўлганлиги учун ойлик маоши ҳам рўзғорни бемалол эплашга етарди. Ачинарли томони шунда эдики, эри ичкиликка муккасидан кетган, топганини уйига олиб келмасди. Кейинги пайтларда ҳафталаб уйга келмайдиган одат чиқарди. Суриштириб билса, кўп қаватли уйлардан бирида яшовчи аёл билан бирга шаръий никоҳдан ўтган экан. Буни аёл эшитсада, билсада, ҳеч кимга лом-мим демади. Ҳатто болалари ойи, отам қаерга кетган, қачон келади, деб сўрашганларида ҳам узоқ жойга ишлашга кетган, эрта-индин келиб қолади, деб уларни овутарди. Аҳвол шу даражага етдики, ўша шаръий никоҳдан ўтган аёлнинг онаси бир куни уларнинг уйига келиб, эрингиз менинг қизимга уйланган эди, фарзандли бўлди, деган гапларни айтганида, ҳайрон қолди. Наҳотки, уч фарзандини етим қолдириб, кўчадаги бир аёлга уйланишга журъат этган бўлса, деган фикр ўтди. Аммо осмон узоқ, ер эса қаттиқ. Дардини ҳеч кимга айтолмайди. Барча дардини ичига ютиб, фарзандлари учун яшашга қарор қилди. Шу орада эри  касалхонада жигар касаллигидан вафот этди. Унинг барча маъракаларини ўтказишга ҳам анча-мунча кетди. Шундай бўлсада, ҳеч кимдан ёрдам сўрамади. Ҳар дарди ичида бўлиб, келажакда болалари унинг оғирини енгил қилишига ишониб, яшай бошлади.

Орадан кунлар, йиллар ўтди. Аёлнинг сабр-тоқати ўз меваларини бера бошлади. Ўғлини уйлантириб, қизларини чиқарди. Ширин набиралар кўрди. Айни пайтда ҳаммаси унинг атрофида парвона. Эридан рўшнолик, меҳр ва муҳаббат кўрмаган аёл ўз фарзандлари билан чинакам бахт нима эканлигини ҳис қиларди. Баъзида у шоирнинг "аёлга меҳр беринг, муҳаббат беринг ва гул беринг", деган сўзларини эслаб турарди. Бу сўзлар замирида бир олам маъно борлигини ҳис қиларди.

Эй, садоқатли, муқаддас аёл, сенга таъзимдамиз...   

ЖЎШҚИН.



Мавзуга оид: