ҒАФЛАТ Юнуси Имомназар (Нурназаров)
Деярли беш йилдан бери мен ва Ирода бир том остида яшаймиз ва қўлимиздан келганича рўзғорнинг оғир-енгилликларига чидаб келмоқда эдик. Биргаликдаги ҳаётимизнинг маҳсули эса 3 ёшли эркатой қизим Амина эди. Ирода болалар боғчасида кичик болалар гуруҳи тарбиячиси, мен эса маҳалла ҳудудидаги мактабга посбонлик қилар эдим.
У йиллар давлатнинг (СССРнинг) парчаланиши одамларни анча қийин аҳволга солиб қўйган эди.
Ким бўлишидан қатъий назар ҳар киши, турли йўллар билан маоши яхши иш топишга ҳаракат қилар, ёки имкон бўлса, ватанни тарк қилиб бирор осудароқ жойни ихтиёр қилган эди. Чунки рўзғор тебратиш кундан-кун оғирлашиб бормоқда эди. Ушбу ташвишлар сабабми, ёстиқдошим Ирода жуда беҳузур бўлар эди, аҳён-аҳёнда минғир-минғир қилар эди, бир куни эса қўққисдан гапириб қолди: бу қашшоқона бир хил зайлдаги ҳаётдан, тўғриси юрагим тарс ёрилай деяпти.
- Нима ҳоҳлайсан, ўзи, - дедим.
- Юрагим, бош олиб, бошқа жойларга кетишни хоҳлаяпти.
- Бу нима деганинг? Қаерга борасан?
- Хоҳлардимки, Сиз ва қизим Амина мен билан бўлсаларингиз, уччовимиз бошқа бир узоқ манзилларга кетсак. Масалан, шундай жойларга кетсакки, Самарқанддан ҳеч ким бизни манзилимизни билмаса. Америками, Европа давлатларими, қаер бўлса ҳам, узоқроқ жой бўлса, бас. Дунё кўрамиз, ҳаёт лаззатларидан татиймиз, болаларимиз эса оқил ва замонавий бўлиб вояга етадилар.
- Гапинг дурустку-я, аммо бизнинг пулимиз йўқ-ку. Биласанми, бу сафарнинг сарф-харажати қанчага тушишини?
- Нимамизки бўлса, барини сотамиз. Кетсак, бир гап бўлар, Оллоҳим меҳрибон, ўзи етказади.
- Айтиш осон, кўрқаманки, кўчада қолиб дунё азобларини тортмасак, деб.
- Бир кўзингизни катта очинг, атрофга назар ташланг. Ҳар тарафдан димоққа қимматчиликнинг нафаси урмоқда, четга борганлар даста-даста пул ишлаб олиб келяптилар, биз бўлсак томоша қилиб ўтирибмиз...
Бу хил жанжал талотўплар мен ва хотиним Ирода ўртасида бир неча бор содир бўлди ва ниҳоят Ирода ўз ниятига етди.
Уйда пулга борадиган нимаики бўлса сотдик, сафар харажатларини тўпладик ва не-не азоблар билан яхши ҳаёт орзусида Олмонияга етдик.
У ерда Ирода Берлин яқинидаги Ораниенбург шаҳрида яшашни маъқул кўрди. Бизнинг Олмония давлатини танлашимизни сабаби бор эди. Ирода маълум даражада немис тилини билар эди, сўзларига қараганда мактабда немис тилини устозидан яхши ўрганган, яна бир муддат ўзи ҳам мустақил ўрганган экан.
Бу баҳова, тоза ва озода шаҳарда Ирода ўзини жуда ҳам эркин ҳис этарди, қаерга бормасак ўз мақсадини айтиб кишилар билан тез тил топишар эди.
У кунлар унинг хурсандчилигининг чек чегараси йўқ эди, ҳар замонда оғушига олиб менга миннатдорчилик изҳор этар эди:
- Сиз менинг жону-дилимсиз, азизим, мени хушбахт қилдингиз. Нега йиллар бу орзу юрагимда армон эди, ниҳоят орзуйимга етказдингиз.
- Аммо мен хавотирдаман, Ирода.
- Нега ахир?
- Ҳамма гуллаб-яшнаш ва озодлик шу ерда бўлса, асло хавотир олманг!
- Биз ҳозир ишлашимиз керак, бирор жойга мен посбонлик қилсам. Сен ҳам бу ерда кимга мураббийлик қилмоқчисан?
Сизнинг посбонлигингиз яхшироқ. Агар сиз инженер ёки доктор бўлганингизда, бекорчилик ёки паст ишдан руҳингиз азоб чеккан бўлар эди. Ҳозир бўлса, тўрт тарафингиз қибла, нима иш қўлингиздан келса, қилинг. Ким билади, фаррош бўласизми, ёки ҳаммол, хизматкор бўласизми, ёки даллол?!
- Яъни, сен хоҳлайсанки, одамларни оёғини тоза қилсам, ғуломлик (қуллик маъносида) ҳам қилсам, ё...
- Нима фарқи бор? Мен ҳам шундай ишларни бажаришдан ор қилмайман.
Пул топсак бас, бошқа мақсад йўқ! Ким бизни танийди? Агар хоҳласангиз Самар-қандга хабар жўнатамиз ва ёзамиз, гўё сиз катта компанияда меҳнат қилаяпсиз, мен эса котибаман...
Бу гап-сўзлардан қарийб бир ой ўтгач, пулларимиз тамом бўлди. Ирода бир ресторандан икковимиз учун иш топди. Ресторан жуда катта эди, мен пол ва столларни ювардим, Ирода эса идиш-товоқларни тозалар эди. Биз хурсанд эдик, иш топганимизга, аммо бошқа тарафдан ташвиш келиб қолди, у ҳам бўлса қизчамизнинг қаровсиз қолгани эди. Тонг саҳардан ярим кечгача иш билан машғул бўлганлигимиз сабабли 3 ёшли қизчамиз Аминани бирор кишига қарашга топширишга мажбур эдик. Бир неча кун ичида қўшниларимиздан қари немис кампири билан келишилган ойлик пул эвазига қизимизни унинг тарбиясига топширдик.
Ҳар куни анча кеч, ярим кечада уйга қайтардик ва Аминани капирдан олар эдик. Уни бир неча дақиқа уйқусираган ҳолатда кўрар эдик ва бу ҳолат мени изтиробга солар, беҳузур бўлар эдим.
Ирода бўлса, мени юпатишдан чарчамас эди:
- Ҳеч безовта бўлманг, қизимиз яхши жойда тарбияланмоқда, кампир одамнинг жонини олади, яхши тарбия беради.
- Бу хил тарбиядан менинг дилим ғаш, қўрқаманки, қизимиз бегона жой маданияти, урф-одатлари билан тарбия топмаса, ишқилиб.
- Бу қайтанга яхшику. Амина замонавий, ҳушёр ва доно бўлиб вояга етади, қарашлари тор-танг бўлмайди, дадаси.
Шу тариқа, Олмонияда қолдигу, ўзимиз бехабар, ўн икки йил умримиз ўтиб кетибди. Бу йиллар давомида Ирода ўзини бахтли ҳис этар эди, аммо мен эса аччиқ хаёллар гирдобига ўралиб, руҳим синиқ ҳолатда яшадим.
Унинг гапига қараганда, қизимиз ҳам анча замонавий бўлиб ўсмоқда эди, кийиниши ва характерлари эса айни европача эди.
Аслида қизимизда заррача тожикона одоб кўрмас эдим: на тожикча сўзлайди, на ўзимизга мос андишали кийим кияди, на ота-онага қизларча меҳрибонлик одоби... Қилган муомалаларидан баъзан шундай жунбушга келиб, танбеҳ бермоқчи бўлар эдим, аммо қаерда! Парво ҳам қилмас эди, мен киму, нима сўзлар гапираяпман.
Типпа-тик, юзимга қараб гап қайтарар эди, ҳатто бир марта шундай ҳам деди, сен кимки, менга гап ўргатасан, сени мен билан бу алфозда гаплашишга ҳаққинг йўқ.
Охири бўлмади, жуда қаттиқ асабийлашдим ва юзига тарсаки тортиб юбордим. Ўша вақт мен шуни ҳис қилдимки, мен бегона мамлакатдаман ва фарзанди аржумандим ҳам бошқа муҳитда вояга етган. Бизнинг ота ва бола ўртасидаги анъанавий тожикона муносабатлар аллақачон йўқ бўлган.
Шу тарсаки бўлдию, ўз қизим мени полицияга топширди ва эшимчага қўшимча бўлиб ўз хотиним Ирода ҳам мени полиция олдида қизимга қўшилиб маломат қилди. Ноилож, каттагина жарима тўлаб, ахлоқ ва "қонун ҳимоячилари"дан халос бўлдим. Энди мен мажбур эдим, хотиним ва қизимнинг нозу ва қилиқларига бардош беришга ва муроса қилишга, яъни бундан баттар юракни ларзага солувчи бошқа воқеаларга содир бўлганча.
Бу густоҳликлари камлик қилгандай, бир неча кун ўтгач, қизим тамоман уйдан оёғини узди. Ирода ҳам бу ҳолатдан саросимага тушди ва мени қизимни излашга жўнатди. Ўзимча тахмин қилдимки, коллежнинг ётоқхонаси бўлса, албатта ўша ерда ҳамкурслари билан ётиб-туриб юрган бўлиши керак.
(Давоми бор)
Тожикчадан Собир АМИРОВ
таржимаси.
Янги асар хабари
- 11 мар, 17:02
Янги асар хабари
- 08 мар, 15:10
Янги асар хабари
- 04 мар, 13:37
Янги асар хабари
- 01 мар, 00:05
Янги асар хабари
- 25 фев, 16:00