Т А Қ Д И Р Ҳ А З И Л И Қ и с с а

(Охири. Бошланиши ўтган сонларда)
Бошимга бало бўлди.
- Сиздек форс тилидан хабари борлар армия учун ҳаводек зарур. Таржимонлик қиласиз, - деди ҳарбий комиссар бошлиғи.
- Ўқишимга бир йил қолганда-я?..
- Биз ҳамма ҳужжатларни расмийлаштирганмиз. Худо хоҳласа уруш тугаса олийгоҳга қайтиб, ўқишингизни бемалол давом эттирасиз. Ҳозир, масала талашишни пайти эмас. Мамлакат тақдири сиз билан менинг қўлимдами? Тушунарли бўлгандир...
Шундай қилиб мен Амударё устида савлат тўкиб турган Хайратон кўприги узра Мозори шарифга, ундан яна қандайдир мен билмаган, етти ухлаб тушумга кирмаган жойларни кўрдим. Қўмондонлик штабида мени таржимонликка тайинлашди. Қиладиган ишим тилмочлик. Шу баҳонада афғон-пуштин тилини ўзлаштириб олишга муяссар бўлдим. Ҳар қалай ҳар бир нарсани тезда илғаб олишга зеҳним ўткир эди.
Муқаддас деб юритилган китобларга кўз югуртирганимда икки кишини бир дин вакиллари бўла туриб бир-бирларига қарата тош отиб, бир-бирларини камситиш, совуқ қурол ўқталиб, бир-бирларига ғазаб қилмоқ катта гуноҳ эканлигини ўқиганман. Лекин, афғон юртида билишимча, китобдан олган сабоқларимнинг аксини кўрдим. Қўлига курол олиб бир-бирларига ғазаб қилганлар бир диннинг икки вакиллари эди. Мен хизматим давомида шуни англадимки, бу ўртадаги маънавий шикасталик, илмсизлик, ўзликни англаб, кадрига етмаслик, шаккоклик ҳукмрон экан. Киши қалби ана шу шикаста туйғуларга, ҳис-ҳаяжонларга тобе экан, одамийликнинг энг нозик ва гавҳар ҳислари ундан йироқлашади. Инсонни чин гўзал туйғуларига боғлиқ эканлигига яна бир бора ишондим.
Уруш - жанг, жангари! Улар бир тоифа, бир қаср ичида яшайдиган унсур. Унинг ҳайқириғида жудолик, вайроналик, харобалик яшириниб олган. Жанг майдони ҳеч кимни сийлаб ўтирмайди. У ғолиблик ва мағлублик ўртасидаги кечинма.
Қақшатгич отишма ўртасига тушиб қолдик. Жангарилар бизни жуда олис қоялар пистирмасидан кузатувга олган экан. Дайди ўқлар беўхшов овоз чиқариб заминга чийиллаб санчилиб, тупроқни титиб ташларди. Биз машина кузатувидан чаққон сакраб ўзимизни машина рамаси остига олиб атрофга назар солдик. Орада сониялар жимлик чўкди. Афғон шамолининг чанг-тўзони кўзни очирмайди. Шундай пайтда орамиздагилардан бири машина остидан судралиб чиқиб қаддини тик ростлади. Автоматини қўлига олиб нималарнидир нишонга оларди. Шу чоғ шувуллаган ўқ овози эшитилди. У довдираб кетди. Кийимидан қон оқа бошлади. У умрининг поёни етганини билди. Автоматини баралла кўтариб. "- Золимларга ўлим!" дея югуриб борарди. Унинг ичаклари чўзилиб ерга тўшалиб, ўзидан қон излари қолдирарди. Ўн икки қадамдан сўнг ичаги танасидан узилди. Мен бошимни ушлаб телбалардек ўзимни тўрт ёққа урардим. Бундай аянчли ҳолатга биринчи дуч келишим. Атрофимдагилар мени бир зум тинчлаштиришди…
Бу мантиқсиз урушда қайсидир бир ғаддол томон, содда, нафс ва амал балосига гирифдор бўлганларни бир-бирига душман кўрсатиб, ишлаб чиқарган қуролларини синаб кўрдилар, уни сотишдан катта даромад орттирдилар. Лекин, ўртада қанчадан-қанча одамлар ҳаётдан кўз юмдилар, қанчалари саломатликларини йўқотиб ногирон бўлиб қайтишди. Лекин бу урушнинг қора тутуни узоқ йиллаб Афғон осмонида аждардек тебраниб соя солиб, ўтмиш кўзгусида соя солиб туради. Бу қисматлар, фарзанд доғи ота-оналар, ватан қалбида жойлашган.
Норпўлат ҳикоясини шу ерга етказиб, дастурхон четида турган пиёладаги совиган чойни икки бор ҳўплаб жойига қўйиб, қолган жойидан яна давом эттира бошлади.
- Қисқаси, биз орзиқиб кутган дамлар етиб келди. Бутун бошли ҳарбий кучларимиз хурсандчилик билан юртларига қайтиб келди. Узоқ йиллардаги юрт соғинчи, ватан меҳри бизни шунчалар ўзига ташна қилган эди-ки, бу таърифларга тил ожиз. Мен олийгоҳ остонасига қадам қўяр эканман, курсдошларимни номма-ном, бир-бир эсладим, улар орасида мен учун нақадар азиз бўлган, бахт ҳадя қилган Ҳаргизани изладим... Курсдошларимни битириб келганларига икки йил бўлган экан.
Курсимиз бошлиғи Фатхулла муаллимга рўбару келдим. У дарҳол мени таниди.
- Норпўлат Қодиров! Ростакам сизми- сиз?.. Қаерларда қолиб кетдингиз?!.
- Ҳарбийдан тўппа-тўғри бу ерга кела қолдим. Ҳужжатларимни расмийлаштириб, ке-йин ота-онам бағрига, қишлоққа боришни режа қилганман.
- Жуда яхши, жуда яхши ўйлабсиз. Ҳойнаҳой Афғон урушидамидингиз?
- Шундай!..
- Сизни соппа-соғ кўрганимдан ҳурсандман. Насиб этса бу ёғига ўқишингизни давом эттирасиз.
- Шундай, устоз!..
- Юринг, мен сизни деканатга олиб кирай. Янги раҳбар, ҳар ҳолда нотаниш. Таништириб қўйсам нур устига нур бўлади.
- Раҳмат, домла!
Улар олдин-кетин декан хонасига равона бўлишди.
Сочларига оппоқ қиров тушган факультет декани Анвар Шомақсудов уч марта мумкинми ишораси билан юмшоқ қоқилган эшикка кўз ойнаги ости билан нигоҳ ташлаб:
- Кираверинг, марҳамат! - деди.
- Бемалол-ми? - деди Фатхулла Ғуломов. - Сизга меҳмон олиб келдим, устоз.
- Қани, ўтиринглар-чи!
- Тинчликми, иним?
- Тинчлик-тинчлик, устоз! Мана бу йигит Норпўлат Қодиров бўлади. Факультетимиз талабаларидан бири бўлган. Давр тақозоси билан Афғон урушига олиб кетилган...
- Ғалаба билан табриклайман, йигит! Мен ҳам сиз каби Ватан озодлиги учун бўлган жангларда иштирок этиб, душманни сўнгги уясигача қувиб бориб, Рейхстакда Ватан байроғини ҳилпирашида иштирок этганман. Мана, қаранг, бир қўлимни ватан тинчлигига ҳадя қилганлардан бириман, - деб чарм қўлқоп кийган чап қўлини кўрсатиб.
- Шукрлар қилинг, сизни бу фалокатлардан асраб, эсон-олам юртингизга кузатиб қўйишибди. Мен ҳам сиз каби олийгоҳга 1943 йил кириб, орадан бир йил ўтиб фронтга жўнагандим. Ғалаба билан туғилган тупроғимга қайтиб келиб, дорилфунунда қолган талабалик йилларимни ўтказдим. Йигитлик қоп- қора сочларимга бугун қиров ёғилиб, шу муқаддас даргоҳда камол топдим...
Факультет декани, профессор Анвар Шомақсудов сониялар жимликдан сўнг:
- Фатхуллажон, сизга топшириқ. Бу йигитнинг ҳужжатларини расмийлаштиришда ёрдам қилинг. Фанлардан қарздорлигини аниқланг. Факультет рўйхатига киритинг...
Норпўлат бир ниманидир демоқчи бўлиб турганида, профессор дарҳол тушунди.
- Бир нима демоқчисиз, шекилли? Бемалол, тортинмасдан гапираверинг. Қулоғим сизда.
- Ҳарбий қисмдан бўшатилгач, тўғри бу ерга келавердим. Рухсат этсангиз. Сурхондарёга бориб ота-онам, хеш-ақробаларим ҳолидан ҳол сўраб келсам...
- Майли, бир ҳафта етади-ми?
- Раҳмат, домлажон!..
Мен икки йил деганда дорилфунунни битирдим. Шу ўтган икки йил арафасида Ҳаргизани роса суриштириб изладим. Лекин, изларини тополмадим. Таҳририятда ишлайдиган курсдошларимдан суриштирдим. Аниқ бир тўхтамли жавоб ололмадим. Улар бошқа манзилга кўчиб кетишган экан. Ва ниҳоят, кунларнинг бирида Саодат исмли курсдошимни учратиб қолдим. У Ҳаргизани турмушга аллақачонлар чиқиб кетганини, фарзандли бўлганини, лекин эри унинг ҳуснига рашк билиб уйдан ҳеч қаёққа чиқармай қўйганини айтиб қолди. Ана шундан кейин кишлоққа қайтишга мажбур бўлганман. Унга бахт тилашдан бошқа иложим қолмаган эди, менда.
Баҳром онаси бериб юборган мактуб замирида нималар яшириниб ётганининг тагига энди етди. Қутбидин Норхўжаев унга шунча йил нон-туз бериб опичлаб катта қилган бўлсада, лекин ҳақиқий ота меҳрини бера олмаган эди.
- Нима бўлганида ҳам қонингда бошқа бировнинг қони бор-да, деган кесатишлари кўнглини чўктирар эди. Мана бугун у, Қутбиддиннинг кесатишларидан ростдан ҳам қон томирларида ўз отаси қони жўш урганини англади. У қадимда ота-боболардан қолган қарийсан-қартаясан, асли наслингга қайтасан, - деган ҳикматнинг моҳиятига етди.
- Баҳромжон, ўғлим, - деди Норпўлат. Баҳром ялт этиб унинг кўзларига боқди. - Ҳаёт митти-митти заррачаларидан иборат. Бу заррачалар ўз ҳикмати билан дунёга келган. Уларнинг ҳар бирларини пешонасига қисмат деган ёзув битилган. У битикларни ҳеч бир кимса ўқий олмайди. У ҳеч бир кимсанинг гапига кирмайди. Унинг ўқувлари ўзгача. Бу ўқувларни ҳеч ким кўра билмайди...
Одам боласи нималарни орзу қилмайди? Унга етишиш учун не-не азоб-уқубату, ҳаётнинг найрангларига дуч келади. Ўзини гоҳ ўтга, гоҳ сувга уради. Ўт эса баданини ловуллатиб куйдираман дейди, сув эса қаъримга чўктираман, деб ўйинлар кўрсатади. Гулхан алангасида қолган одамни-ю, сувда чўкаётган одамнинг илтижоларини эшитганмисиз, ҳеч?..
Бирор нарсага эришар бўлсак, дилдан қувониб жонимизни қўйишга жой тополмаймиз. Йўқотадиган бўлсак ғамга ботиб куйинамиз. Аслида қувонч ва шодлик, кулги ва қаҳ- қаҳа, жимжитлик, қайғу, ғам, ўкинчларимизнинг барчаси меҳмон эмасми?! Буларнинг барчасини тагида тақдир ўйини турганини билсангиз керак. Қисматга йўғрилган бу ўйлар ҳар кимнинг бошига ҳар-ҳил томошалар кўрсатади. Инсон боласи бу томошанинг мафтункор иштирокчисига айланиб қолганини баъзан ўзи ҳам сезмай қолса ажаб эмас.
Салом бериб бир йигит кириб келди. Норпўлат унга ёнидан ўтиришга жой ҳозирлади. Икки йигитнинг нигоҳлари бир-бирларига тўқнашди. Нақадар бир-бирларига ўхшаш чеҳралар... Иккиси ҳам ҳайратда эди. Норпўлат уларнинг қулф-калитини очиб қўйди.
- Танишинглар, нега бир-бирларингга термилиб қолмасаларинг? Бу қадар ўхшаш чеҳраларинг ака-укаликларингдан нишона-ку,- деди Норпўлат.
Инилар бир-бири билан қўл олиб кўришишди. Лекин тиллар ожиз эди.

Янги асар хабари
- 11 мар, 17:02

Янги асар хабари
- 08 мар, 15:10

Янги асар хабари
- 04 мар, 13:37

Янги асар хабари
- 01 мар, 00:05

Янги асар хабари
- 25 фев, 16:00