ТУПРОҒИНГ КЎЗИМГА ҚИЛАЙ ТЎТИЁ

Дугонам Ҳаж зиёратига бориб келди. Муборак бўлсинга анча кечроқ бордим. Бир ҳисобда яхши бўлган экан - келиб-кетувчиларнинг оёғи узилган, бемалол суҳбатлашиш имкони бор.
Дугонамдан Ҳаж сафари ҳақида анчагина маълумот олдим. Тўғриси, ҳавасимни яшира олмадим, чин дилдан менга ҳам насиб этсин, дея тилак тиладим.
Гап орасида дугонам хорижлик бир аёл билан танишганлигини айтиб қолди. Аёл имкон топса ҳар йили, имкон қилолмаса 2-3 йилда Ҳаж зиёратини канда қилмас экан. Пули, имкони беҳисоб, лекин ўзини бахтсиз ва беватан ҳисоблар экан. Нега, деган савол дугонам сўзини тугатмаёқ туриб, бўғзимдан отилиб чиқди. Ахир мусулмон киши учун Ҳаж - бешинчи фарз, иймони бут, рўза ва намозини ўз вақтида адо этадиган, закот беришни бурч деб билган инсонгина охирги фарзни бажаришга қодир. Аёл беш фарзни тўлиқ амалга оширса-ю, ўзини бахтсиз, Ватансиз ҳис қилса, бу ажабланарли-да!
Дугонамнинг ҳикоясидан ўта таъсирландим.
Асли келиб чиқиши Ўзбекистондан бўлган аёл Туркияда истиқомат қилар экан. Ота-онаси барвақт вафот этишган, турмуш ўртоғи бошқа аёлни никоҳига олиб, узоқ вилоятлардан бирида яшар экан. Ўғли ва қизи вояга етиб, таълимни Америкада давом эттиришган ва шу ерда ўз жуфтларини топиб, уйли-жойли бўлишган экан. Аёл ширинликлар тайёрлаб сотиш орқали анчагина бойлик тўплабди. Ҳозирда ширинликлар тайёрлаш цехида 15-20 гача ишчиларга бош экан. Лекин оила меҳри, Ватан ишқи унга бегона. Бир неча бор Ўзбе-кистонга келишга ҳаракат қилибди-ю, ота-онаси, аждодлари ҳақида ҳеч қандай маълумотга эга эмаслиги уни бу йўлдан қайтишга мажбур қилибди. "Ҳеч бўлмаганда ё отам ёки онамнинг туғилган манзилини билганимда эди, ўша ерга қанот қоқиб борардим.
Манбалардан ўзбек халқи, унинг қадриятлари, урф-одатлари ҳақида кўп ўқийман, ҳайратланаман, Уларга ич-ичимдан ҳавас қиламан. Ахир аёл учун оиланг, фарзандларинг, суянгувчи турмуш ўртоғинг борлиги, Ватанинг қучоғида яйраб-яшнаб ҳаёт кечиришнинг ўзи дунёларга алишмас бахтку, дебди дугонамга у аёл.
Ҳақиқатан ҳам ўзбек хонадони бахтлар макони, меҳрнинг кони, Ватанга садоқат, Ватанни севмоқ сабоғи оиладан бошланади. Зеро, оила Ватан ичра кичик бир Ватандир. Хорижлик аёлнинг Ватанга талпинишида ҳам ҳикмат бор, ибрат бор. Тўғри, у аёл яшаш тарзи, моддий таъминот жиҳатдан ўзбек аёлидан устундир. Лекин тандирдан узилган иссиқ патир, бир пиёла кўк чой, муҳими кун ва туни тинч ва осуда ўзбек аёли унданда бойроқ ва бахтлироқдир. Ўзбек аёлининг Ўзбекистон деган муқаддас ошёни бор, бугуни, эртаси тинч, келажаги буюк Ватани бор, "тупроғинг кўзимга айлай тўтиё" деб фахрланувчи жаннатмакон она замини бор, осмони мусаффо, тинчлик деган хуш каломи бор.

Янги асар хабари
- 11 мар, 17:02

Янги асар хабари
- 08 мар, 15:10

Янги асар хабари
- 04 мар, 13:37

Янги асар хабари
- 01 мар, 00:05

Янги асар хабари
- 25 фев, 16:00