"КАМТАР АДИБ"

- Фалон адиб китобини, 
ҳамма олар талашиб. 
- Биласизми, оломон 
юрар шундоқ адашиб. 
- Фалон шоир 
     шеърларидан, 
кўринади - 
У буюк. 
- Қўйсангиз-чи, 
ёзганлари 
ҳатто ўзидай суюқ. 
- Хўш, фалончи 
     драматург?.. 
(У силтайди қўлини). 
- Ахир, том-том китоби бор! 
- Ҳа, қилган-да "йўли"ни. 
- Унда яхши адиб, дея 
тан оласиз, хўш, кимни? 
Яхшилари ўтиб кетган, 
энди эса… ўзимни!

ИНТЕРНЕТ-У ТЕЛЕГРАМ...

Хўб ажойиб замон келди: 
Кўзимиз интернетда, 
Сўзимиз интернетда, 
Ўзимиз интернетда, 
Юзимиз интернетда... 
Энди ҳеч ким ружу қўймас "юз грамм"га, 
Кайф қилмоқ-чун боқар телеграмга. 
Кўзимиз телеграмда, 
Сўзимиз телеграмда, 
Ўзимиз телеграмда, 
Юзимиз телеграмда... 
Интернет-у телеграмда бўлсин дейман: 
Дилимиз пок, 
Кўнглимиз оқ, 
Кайфимиз чоқ, 
Бўлмайлик шок... 
Бу майдонда жавлон урсин дейман мудом: 
Фақат яхшилар, 
Дилкаш бахшилар, 
Қалби нақшилар. 
Виртуал олам ичра бўлмасин асло ўрин: 
Бетайин ғийбатларга, 
Асабий ғурбатларга, 
Гоҳ сархуш улфатларга, 
Фалокат-кулфатларга... 
Интернет-у телеграм хизмат қилсин доим: 
Эзгулик аҳдимизга, 
Умидбахш шаҳдимизга! 
Туганмас бахтимизга, 
Истиқбол - тахтимизга. 
Тўлқин ЭШБЕК.
Мавзуга оид: