ШОҲ ВА ГАДО (Давоми. Бошланиши ўтган сонларда)

Эрталабки нонуштани тугатиб, ишкомларга илинган беданалар сайрашига маҳлиё бўлиб турган қози чойнак тубида қолган аччиқ чойни пиёлага қуйди. Пиёлага қуйилган ёқутранг кўк чойдан таралаётган ёқимли ҳид қозини карахт этиб унга  завқу-шавқ бағишлади.
Қози дастурхонга дуо қилаётган пайтда дарвоза ортида кимдир томоғини  қириб йўталиб қўйди.
- Ташқарида кимдир бор. Қаранглар, - деди  у бироз овозини баланлатиб.
Ичкаридагилар чиқаман дегунча дарвоза ортидаги одам  даричани очиб  ичкарига  бир қадам ташлади:
- Узр тақсир, - деди келган киши ширин табассум аралаш, - сизни катта  янгилик кутаётган кўринади. Сабаби, ҳибсхонадаги тўғонбузарлар сизни сўрашмоқда. Кўчада извош тайёр. Махфий хизмат бўлинмаси ва қолганлар сизни кутишмоқда.
-   Ҳм.., - деди чорпоядан тушаётган қози, - охир-оқибат тил топишибди-да. Яхшиликка буюрсин илоҳим. Шундай экан, сен эртароқ бориб, яхшигина нонушта қилиб берарканмиз, қози шундай деди, деб огоҳлантир. Мен ҳам тезда етиб бораман.
- Қози жаноблари либосларини алмаштириб ва манзилга етиб борганда қуёш найза бўйи кўтарилган эди. Бироз ўтиб учала тўғонбузар ва беш нафар олий даражадаги арбоблар тергов хонасида жамул-жам бўлишди. Кириш олдидан эса  қози йиғилганларни одоб ва интизомга ҳамда асирларга нисбатан ёвқараш қилмасликка чақиради:
- Улар ҳам, биз ҳам, оддий одаммиз жаноблар. Мени яхши тушунинг ва эсдан чиқарманг, кўз ва тилга эҳтиёт бўлинг.
- Тушунарли, - деди Шарофиддин ота қўлини қозининг елкасига қўйиб. - Сиз бошлайсиз савол-жавобни ва ўзингиз якунлайсиз. Фақат сизнинг ижозатингиз билан гапириш ва  аралашувимиз мумкин бўлади.
Шундай қилиб ўттиздан зиёдроқ одамга мўлжалланган хонада барча ўз жойини топди. Эшикка яқинроқ жойда эса уч нафар тўғонбузар тик турарди.
Томоғини обдон қириб олган қози  терговни бошлади:
- Ўтган сафарги учрашувимизда таъкидлаганимиздек, - деди у мулойим оҳангда, - адашмаган, хато қилмаган одамни ўзи йўқ, биродарлар. Ҳар қандай хатони тузатса бўлади. Сабаби,  кимдир биров хато қилишга ундаши, алдаши мумкин-ку ахир. Ҳозирча бизга  қоронғу ва билмаймиз, кимлар сизни  жиноятга қўл уришга чорлади. Балки  ўзларингиз шундай қарорга келдингизми? Гапиринг!
Маҳбуслар бошларини кўтариб бир-бирига қараб олишди. Чап томонда турган маҳбус ортига боғланган иккала қўлини баланд, кўтариб ҳайратомуз битта  ҳаракат билан  олдинга ўтказиб олди ва бир қадам  олдинга чиқди:
- Биз қаттиқ адашганимизни тушуниб етдик. Қибла томон оқизиб юборилган қимматбаҳо ўрис дарахтларининг тақдири нима  кечди, ким уларни тутиб олди ва нимага  ишлатгани бизга қо-ронғу.  Биз уч бора ушбу жиноятга билиб-билмай қўл урдик.  Кимгадир бировга ушбу ёғочларни пуллаш ёки бирон нарсага айрибошлаш хаёлимизга ҳам келмаган. Худога шукур, оилаларимиз муҳтожлик нималигини билмайди, - деди-да муҳбус ортига чекиниб  қаторлади.
- Жуда яхши, - деди қози қимтиниб,- - сизни гапларингиздан шу нарса равшанлашдики, сизлар кимнидир буйруғини бажаргансиз. Шундайми?
Қатор ўртасида турган маҳбус олдинга чиқди:
- Худди шундай, тақсир, - деди у иккиланмай. Биз ўзимиз тушиниб етмаган ҳолда  жиноятчига айланиб қолдик. Узр сўраймиз. Шафқат қиласизларми ёки йўқми ихтиёр сизларда...
Шу пайт учинчи жиноятчи олдинга чиқди:  
- Тақдиримиз сизнинг қўлингизда, жаноб, - деди  кўзларини пирпиратиб. Биз бир  хулосага келиб бўлдик. Шафқат қилсаларингизда биз оиламиз ва яшаш жо-йимизга қайтмаймиз, бу ерда ҳам қолмаймиз. Аввал келишганимиздек, якун ясайдиган бўлсак, - деди қози бармоғини ҳавога кўтариб, - ҳаммаси жой-жойига тушиб кетади. Учалангизни ҳам авф этамиз.
Орага жимлик чўкди. Худди ҳаво етишмаётгандек қози чуқур-чуқур нафас ола бошлади. Қолганлар эса  жимгина вазиятни кузатарди. Шунда қози  бош вазир Оғамурод Абдираҳмон ўғли томон юзланди:
- Бош вазир, бирор нарса десангиз, деган фикрдаман. Ахир булар тўлиғича жиноятни тан олиб турибди.
- Яхши, - деди бош вазир ўрнидан туриб, - биз уларни авф этамиз, бироқ уларни ушбу жиноятга ундаган казо-казоларни номини эшитайлик, ким экан ўша бойваччалар. Керак бўлса биз уларни тутиб жазога тортайлик. 
- Майли, бўлар иш бўлди, деди ўртадаги маҳбус, - Ватанга  қайтмаслигимиз аниқ бўлгач, қўрқадиган жойимиз йўқ.  Айтамиз ва шафқат этсангиз, тўғри Макка томон йўл оламиз. Йўлда очдан ўламизми ёки  Аллоҳ уйига етиб борамизми  пешонамиздан кўрамиз.
У сўзида тўхтаб икки-уч маротаба  ютиниб олди ва шерикларига қаради. Улар "маъқул", деган маънода  бошини қимирлатиб қўйишди.
- Бизга раҳнамолик қилган киши сизларга жуда таниш. Бадавлат одам. Бир  вақтлар ўз ватанида айтгани-айтган, дегани-деган бўлган. Отаси қози вазифасида бўлгани сабаб қўли узун, тили  эса қўлиданда узун бўлган. У кишининг тўрт нафар ўзидан қолишмайдиган, қароқчилар тўдасига йўриқ кўрсатиб турадиган жиянлари бор. 
У ушбу кимсалар исми шарифини, уларнинг тўдасидаги қароқчилар сони, учала сойнинг қайси бирида фаолият  олиб боришини ва бошқа нарсалар ҳақида узоқ тўхталди:
- ўалла, дон маҳсулотларига ҳужум қилиш ва карвонни тум-тарақай этиши билан Мавлонхон шуғулланади. Узоқ ўлкаларга отланган ва газламалар билан шуғулланувчи карвонларни эса Қудратхон таъқиб остига олади.  Учинчи жиянлари Баракахон эса доимий равишда қимматбаҳо озиқ-овқатлар  карвонига  одамларни жойлаш ва қайтиш пайтида уларни тунаш билан шуғулланади.Тўртинчи жиянлари Умидхон - нашаванд. У киши энг қалтис ва жирканч ишлар: гиёҳлар билан шуғулланувчиларни ҳамда аёлларни ўғирлаш ва уларни қидириб топишдек ҳаром ишлар билан  шуғулланади. Кези келганда хотинларини ҳам аяб ўтирмасдан иккитасига  биттани алмаштириб юбораверади.
 У гапиришдан тўхтади. Елкасидан тоғ ағдарилган одамдек чуқур-чуқур нафас ола бошлади:
- Юқорида айтиб ўтганларим уч ака-уканинг катта кетишларидан шу  нарса маълумки, улар қачондир бир кун ташлаб, сизларни саросимага солиб қўйиш эҳтимолидан холи эмас.
Жимгина ўтириб вазиятни ўрганаётган Ҳамробек Исахон ўғли (ж.б.б.) қози  томон юзланиб қўл кўтарди. Қози "гапиринг", дегандек ишора қилди.
- Бор-йўғи битта савол, - деди  у босинқи овозда, - Учала қурбошнинг лашкарлари ҳақида нима дея оласиз. Тахминан уларнинг сонини айтолмайсизми?
- Тахмин эмас, аниқ рақамларга кўра  (бир муддат осмонга қаради ва бармоқларида рақамларни жамлади) учаласиники бўлиб тўрт юзга яқин лашкари ва беш юзга яқин отлари бор. 
Қози қўлидаги патқаламни жойига қўйди ва атрофдагиларга  қаради:
- Биз беш дақиқага сизларни ёлғиз қолдирамиз ва қайтиб якунлаймиз, - деди.
Қўшни хонага бежирим кўрпачалар тўшалиб, девордаги қозиқларда доимий  алмашиниб турувчи соқчиларга  тегишли кийимлар,  ҳуштаклар ва калтаклар осиғлиқ турарди. 
Тинчлик ва осойишталик посбонлари кўпи билан  ўн дақиқа ичида якуний қарорга келишди. Уларнинг  барчаси бир ёқадан бош чиқарган ҳолда қуйидаги  тўхтамга келишди:
- Мард ва жасур, ҳалол ва покиза  одамларни тутқунда ушлаб турган эканмиз, - деди қози шерикларига, - ёки мен  адашаяпманми?
- Асло адашмадингиз, - деди мудофаа вазири оҳиста, - Агарда қарорлари қатъий бўлса, душанба куни йўлга тайёргарлик кўраётган карвон билан ҳаж сафарига жўнатиб юборамиз.
- Ажойиб иш бўларди, - деди кўзлари чарақлаб Ҳамробек Исахон ўғли, - Карвонда одамимиз бўлади ва биз уларни доимий назоратда ушлаб турган бўламиз.
Барчаси ўрниларидан  туришиб терговхонага киришди.  Ҳар галгидек, қози  шошмасдан ва овозига урғу бериб шундай деди:
- Ҳурматли ҳайъат аъзолари билан маслаҳатлашган ҳолда  якуний қарорга  келдик.  Ҳалол ва покиза одамни садағаси кетсанг арзийди. Биз сизларни ҳеч қачон сотқинликда ёки жиноятчиликда айбламаймиз, аксинча ҳалол ва покиза  қалбингизни ҳурмат қиламиз. Ҳайат аъзоларининг фикр ва мулоҳазалари  қуйидагича: агарда сиз чинданда ва  бутунлай гуноҳлардан соқит бўлишни ният  қилган экансиз, биз тўлиғича фикрингизга қўшиламиз ва ёрдам берамиз. Умрбот тақиб остига олинмайсизлар. 
Қози бир муддат гапиришдан тўхтаб нафасини ростлаб олди ва сўзида давом этди:
- Келаётган душанба куни бир гуруҳ юртдошларимиз муборак ҳаж сафарига  жўнаб кетишга ҳозирлик кўришмоқда.  Истасангиз биз ўша карвон билан ҳаж сафарига боришингизга ижозат берамиз. Ҳаж харажатлари ва сизни осо-йишталигингиз тўлиғича кафолатланади. Шунга розимисизлар?
Тергов жараёнида кутилмаган ҳолат  юз берди. Олдин ўртадаги маҳбус ғайритабиий ҳолатда кескин ҳаракат билан  боғлоғлик қўлларини баланд кўтариб орқага ташлади.  Сўнгра кетма-кет учаласи ҳам тиз чўкишди.
- Қўлларини  бўшатинг, - деди қози Қаландар Искандар (хуфия ишлари вазири)  ўғлига қараб.
Бўшатилган қўллар шу заҳотиёқ ўз соҳибларини саждага чорлади. Улар қози "туринглар", демагунча бош кўтаришмади.
Давоми бор.
Саъдулла ҚЎШОҚОВ.
Мавзуга оид: