САРАТОН КАСАЛЛИКЛАРИ ВА УЛАРНИНГ ОЛДИНИ ОЛИШ

Саратон касаллиги бу - инсоннинг тўқима ва органлардаги бир гуруҳ ҳужайраларнинг турли ташқи ёки ички потологик омиллар сабабли организмга мутлақо бўй-сунмайдиган ғайриоддий бўлиниши ва кўпайиши бўлиб, вақтида даволанмаса, ўлимга олиб келувчи ўсма касаллигидир.
Кимёвий моддаларнинг айрим турлари, экология, гормонал фоннинг  бузилиши ёки сурункали касалликлар сабабли организмдаги орган ёки тўқималар ҳужайраларининг бўлиниши назоратдан чиқиб, улар организмга бўйсунмай қўяди. Инсон организмида алоҳида бир ген борки, у "онкоген" деб аталади. Улар нормал ҳужайраларда одатда ухлаб ётади ва ҳужайралар бўлинишида муҳим роль ўйнайди. Тамаки чекиш, алкоголизм, ультрабинафша ва радиактив нурлар, вирус, паразит гижжалар мавжуд бўлганда  "канцероген генлар" таъсирида организм иммунитети сусаяди,  нормал ҳужайралар мутацияга - бўлинишга учрайди, кўпайиб, юпқа пардали қобиқ билан ҳимояланган ўсмага айланади.
Эркакларда асосан чекиш, ичиш ёки кимёвий таъсирлар туфайли ошқозон-ичак, қизилўнгач, ўпка ва простата бези рак касалликлари кўп кузатилади. Ҳозирги вақтда дунё бўйлаб саратон касалликлари шиддат билан кўпайиб, "ёшариб" бормоқда,  ҳаттоки болаларда ҳам тез-тез учраб турибди. Болаларда асосан оққон касаллиги - лейкоз ёки лимфолейкоз ва шунга ўхшаш яна бир қатор органлар ўсма касалликлари қайд этилмоқда. Ўсма - рак касалликлари қон-томир касалликларидан кейинги иккинчи ўринни эгаллайди. У айниқса аёлларда жуда кўп учрайди. Хавфсиз ўсмалар: кўкрак бези мастопатияси, бачадон миомаси каби касалликларни вақтида бартараф этмаслик хавф-ли ўсимта - кўкрак бези раки, бачадон раки ёки бачадон бўйни раки касалликларига олиб келиши мумкин. 
Саратон касалликларини олдини олиш мумкин: Кундалик турмушда фойдаланадиган оддий кимёвий тозалаш воситаларию, косметика буюмларидан тортиб, техник аппаратураларгача иложи борича улар билан камроқ контактда бўлиб, барча гигиеник қоидалар ва инструкция талабларига амал қилган ҳолда иш юритиш лозим.  Инсон аввало соғлом турмуш тарзига амал қилиб яшаши, тўғри ов-қатланиши, зарарли одатлардан онгли равишда воз кечиши, жисмонан фаол, руҳан тетик ва бардам бўлиши, вақтида ухлаб дам олиши даркор. Стресс ҳолатларига берилмаслик, кино, концертларга, сайилларга, зиёратгоҳларга ва музейларга бориб туриш, қўшимча бирорта санъат тури билан машғул бўлиш керак. Ортиқча ғазабланиш ва ўта нафратланиш, тез-тез одамлардан хафа бўлиб ҳадеб нолийвериш, ўзини ва яқинларини қилмишлари учун  вақтида кечира олмаслик ёки кек сақлаб юриш одатларидан воз кечишни ўрганиш керак. 
Йилига 2 марта чуқурлаштирилган тиббий кўрикдан ўтиб туриш, айниқса аёллар маммолог-онколог  ва гинеколог кўрикларидан ўтиб туришса, саратон касалликларининг олди олинади. Касалликни даволагандан кўра, унинг олдини олиш осон. Соғлиғингиз ўз қўлингизда, азиз юртдошлар! 
З. ЭГАМҚУЛОВ,         
кўп тармоқли марказий 
поликлиника онколог шифокори.