ИФЛОС ҚЎЛ КАСАЛЛИГИ ВА УНИНГ ХАВФЛИ АСОРАТЛАРИ

Ифлос қўл касаллиги бу нима? Уч ёшгача болалар орасида учрайдиган овқатларнинг нотўғри берилиши билан боғлиқ ошқозон-ичак фаолиятининг бузилиши билан кечадиган касалликларга ифлос қўл касалликлари дейилади. Нима учун бу  касалликлар ифлос қўл касалликлари дейилади?  Касалликни бундай таърифланишига сабаб 3-5 ёшгача болажонлар тўлиқ катталар парвариши ва кўмаги ёрдамида овқатланишадилар. Болани овқатлантиришда тозаликка риоя қилмаслик, яъни шахсий гигиенага риоя қилмаслик, сунъий овқатлантирилувчи болаларда овқатланиш идишларининг нотоза сақланиши (гел ва ювувчи химикат воситалар билан ювилиши), кўп сақланган эски овқатларни истеъмол қилиш кабилар бу касалликга сабаб бўлади. Касаллик белгилари боланинг иштаҳасизлиги, ҳолсизлик, кичик ёшдаги болаларда кучли йиғи, қусиш, ич кетиш, баъзи ҳолларда кучли иситма қилиш билан номоён бўлади. Оналар шифокорга мурожаат қилганда кўпинча кучли иситма ёки қайт қилиш, ахлати суюқ келишидан шикоят қилиб келади. Агар оналар эътиборли бўлишса касалликнинг дастлабки белгилари яъни ҳолсизлик, инжиқлик ва иштаҳасизлик кузатилганда шифокорга мурожаат қилинса боланинг азоб чекишини олдини олган бўладилар. 3-5 ёшгача болаларнинг тез-тез ошқозон ҳазм фаолиятини бузилиши келажакда сурункали гастрит ва ошқозон яра касалликлари келиб чиқишига сабаб бўлади. Бу эса болаларимизнинг узоқ вақт ёки умри давомида ушбу касалликлардан азият чекишига, ўғил болаларни вояга етганида ҳарбий хизматга қабул қилинмаслигига, қиз болаларимизни ҳомиладорлик даврини ўта оғир ўтказилишига сабаб бўлади. 
Мисол тариқасида тумандаги 45-ИДУМнинг ўқувчиси шу йилнинг март ойида  ТТБнинг болалар бўлимига оғир аҳволда олиб келинди. Текширишлар натижасига кўра, қизчада ошқозон яра касаллиги асорати натижасида ошқозон-ичак трактидан қон кетганлиги аниқланди. Бу ҳолатда қизчанинг қон таҳлилида гемоглабин 40г/литрга тушиб қолган. Беморнинг бу ҳолатга тушишига биринчи навбатда  гўдаклик даврида ўз вақтида ва тўғри овқатлантирилмаганлиги, фасфуд маҳсулотларини кўп истеъмол қилиши сабаб бўлган. Қизчани даволаш ишларини ташкил қилишда туман прокурорининг катта ёрдамчиси Т.Қиличев, 45-ИДУМ директори Ж.Юсупов, синф раҳбари Н.Саидова, ТТБ қон қўйиш бўлими ходими Р.Муродовлар яқиндан кўмак бериб жонбозлик кўрсатишди. Даволаш мақсадида қон компоненти бўлган R масса қуйилди. Бунда 45-ИДУМ ўқитувчиси А.Ҳабибов саховат йўлида донорлик қилди. Оқдарё ТТБ маъмурияти томонидан даволовчи врач У.Темиров ва 45-ИДУМ ўқитувчиси А.Ҳабибовларга алоҳида ташаккур билдирилди.
Бу каби мисолларни кўплаб келтиришимиз мумкин. Ҳурматли онажонлар, болаларимизнинг ошқозон-ичак касалликларига чалинишига асосан биз аёлларнинг эътиборсизлигимиз сабаб бўлади. Шундай экан, оила пазандалари бўлган азиз аёллар, бизнинг меҳр-муҳаббатимизга муҳтож бўлган жажжи фаришталаримизни доимо соғ ва омон асрашимиз ўз қўлимизда.
З.АБДУЛЛАЕВА,         
ТТБ бош педиатри.