Гўшт маҳсулотларини сотишга қандай талаблар қўйилади?

Сўйиладиган ҳайвонлардан олинадиган гўшт ва гўшт маҳсулотларини тегишли шароитлар яратилган бозор, савдо объектлари ва турғун савдо шаҳобчаларида сотишга рухсат берилади.
1. Қандай ҳолларда ҳайвонларни гўшт учун сўйиш тақиқланади?
Ветеринария врачининг рухсати бўлмаганида;
куйдирги, эмфизематозли карбункул, йирик шохли ҳайвонлар ўлати, туялар ўлати, қутириш, қоқшол, хавфли шиш, брадзот, қўйларнинг энтеротоксемияси, йирик шохли ҳайвонлар ва қўйларнинг катарал безгаки (тил кўкариши), чўчқаларнинг африка ўлати, туляремия, ботулизм, сап, эпизоотик лимфангоит, мелиоидоз (сохта сап), миксоматоз ва қуёнларнинг геморрагик касаллиги, парранда гриппи билан касалланган ёки гумон қилинган ҳайвонлар;
ўлим талвасасида бўлган ҳайвонлар;
куйдирги касаллигига қарши эмланган ва даволанган ҳайвонларни эмлашдан (даволашдан) кейин 14 кун давомида, оқсил касаллигига қарши эмланганда, эмланишдан кейин 21 кун давомида;
маллеинизация қилинмаган бир туёқли ҳайвонлар шунингдек, 14 кундан кичик бўлган ҳайвонлар гўшт учун сўйилишига рухсат берилмайди.
Гўшт учун фақатгина соғлом ҳайвонларни сўйишга рухсат этилади.
2. Ҳайвонлар гўштини сотишга қандай ҳолларда йўл қўйилади?
агарда уларнинг сўйилиши ихтисослаштирилган ва мини сўйиш корхоналарида амалга оширилган бўлса;
гўшт сотиш учун тегишли барча шароитлар, шу жумладан совутгичли махсус расталар ташкил этилган бўлса;
тегишли ветеринария ҳужжатлари мавжуд бўлса;
ветеринария-санитария жиҳатидан хавфсизлиги кафолатланган гўштларнинг ягона электрон маълумотлар базасига белгиланган тартибда киритилган бўлса.
3. Қандай ҳолларда гўшт маҳсулотларини сотишга рухсат берилмайди?
сўйилиши ихтисослаштирилган ва мини сўйиш корхоналарида амалга оширилмаган бўлса;
гўшт ва гўшт маҳсулотларини ташиш учун белгиланмаган транспорт воситалари ёрдамида етказиб берилган бўлса;
тегишли ветеринария ҳужжатлари бўлмаса;
ветеринария-санитария экспертизасининг хулосаси (маълумотномаси) бўлмаса;
оёқлари ва бош қисми жун билан бирга бўлса, шунингдек парранда ва қушларнинг патлари юлинмаган бўлса;
хона ёки кўча ҳароратида илгакка осилган ёки ерга (очиқ раста устига) очиқ ҳолда қўйилган ҳолатда бўлса;
ветеринария-санитария жиҳатидан хавфсизлиги кафолатланган гўштларнинг ягона электрон маълумотлар базасига киритилмаган бўлса.
4. Гўшт ва гўшт маҳсулотларини сотиш тартиби қандай ?
Гўшт совутгичли махсус витриналарда сотилиши, совутгичли витриналарнинг ҳар томонлари зич ёпиладиган бўлиши зарур.
Гўштни майдалаш ва ажратиш махсус ёғоч кундаларда амалга оширилиши лозим. Кундаларнинг юзаси текис бўлиши, улар мунтазам равишда пичоқ билан тозаланиб турилиши, иссиқ сув билан ювилиши ҳамда иш куни якунлангандан кейин устига катта заррачали туз сепилиши ва дока билан қопланиши лозим.
Савдо объектлари ва турғун савдо шаҳобчалари қувур орқали келувчи иссиқ ва совуқ сув, қўл ювгич ва бошқа зарур асбоблар (пичоқ, болта, тарози ва бошқалар) билан таъминланган бўлиши лозим.
5. Гўшт сотувчисига қўйиладиган талаблар қандай?
Сотувчи тўлиқ бўлган махсус кийим бошда ишлаши ҳамда харидорга гўшт маҳсулоти тўғрисидаги зарурий ва аниқ ахборотни бериши, хусусан қуйидагиларни маълум қилиши шарт:
— гўшт ва гўшт маҳсулоти олинган ҳайвоннинг тури, сўйилган санаси;
— истеъмолга яроқлилигини тасдиқловчи ветеринария маълумотномаси.
Ҳар бир совутгичли витрина устида ушбу гўшт олинган ҳайвон тури тўғрисидаги маълумот ёзуви бўлиши шарт.
Харидорнинг талабига биноан сотувчи, шунингдек етказиб берувчининг фирма номи ҳамда жойлашуви тўғрисидаги маълумотни ҳам тақдим қилиши шарт.
Бозор маъмурияти, дўконлар ва гўшт сотиш шаҳобчалари раҳбарлари, мулкчилик шаклидан қатъи назар, тиббий кўрикдан ўтмаган ва ветеринария-санитария курсларида таҳсил олмаган шахсларнинг ишлашига йўл қўйганлиги учун жавобгар бўлади.
Мазкур талабларни бузган ҳолда ҳайвонлар гўштини сотганлар улар келтирган ҳуқуқий оқибатлар натижасига кўра маъмурий ёки жиноий жавобгарликка сабаб бўлади.
Мавзуга оид: