Мутахассис огоҳлантиради БАЙРАМ ДАСТУРХОНИГА БОТУЛИЗМ ХАВФ СОЛМАСИН!

Ҳозир айни қиш пайти. Тез орада Янги йилни кутиб олиш учун тўкин дастурхон ёзамиз. Бундай вақтда кўпчилик бекалар ёз бўйи  беркитган банкаларини очиб дастурхонга қўйишга ҳаракат қилади. Афсуски, айнан мана шу байрамларга бой куз-қиш мавсумида ботулизмдан жабр кўрган кўпгина ҳамюрт-ларимиз шифохонага тушиб қолишади.

Тўғри, уйда бекаларимиз тайёрлаган маҳсулотлар дастурхонга кўрк бағишлаши мумкин. Бироқ, кўза кунда эмас, кунида синади.   Уй шароитида тайёрланган, сифати кафолатланмаган ботулизм заҳари билан зарарланган консерва маҳсулотларини истеъмол қилиш оқибатида овқатдан заҳарланишларнинг энг оғир тури - ботулизм касаллигига дучор бўлиш мумкин.  

Эҳтиёткорлик - профилактикада муҳим қадам

Ботулизм ўзи нима? Бу овқатдан заҳарланишнинг бирмунча оғир ва ўлим кўрсаткичи юқори бўлган тури ҳисобланади. Касаллик қўзғатувчиси кислородсиз шароитда ривожланади ва ўзидан заҳар ишлаб чиқаради. Уй шароитида консерва маҳсулотлари тайёрлашда ҳамма ҳам зарур технологик жараёнлар, санитария ва шахсий гигиена қоидаларга тўлиқ риоя қилмайди. 

Ботулизм қўзғатувчилари кислородли шароитда нобуд бўлса-да, ботулизм билан зарарланган сабзавотлар, қўзиқорин, гўшт, балиқ, консерва маҳсулотлари очилганда ҳам улар ишлаб чиқарган заҳар сақланиб қолади. Заҳарга ташқи муҳит омиллари таъсир этмайди. 

Ботулизм билан зарарланган консерва маҳсулотларининг ташқи кўриниши ва таъмида деярли ўзгариш кузатилмайди. Айрим ҳолатларда эса идишнинг қопқоғи "шишиши" мумкин. Бундай маҳсулотларни умуман истеъмол қилиш ярамайди. Афсуски, айрим уй бекалари консерваланган сабзовотни очиб, бир неча дақиқа қайнатгач, овқатга ишлатса бўлади, деб ҳисоблайди. Бундай "тежамкорлик" кимнинг ёки кимларнингдир саломатлигига жиддий путур етказиши, ҳатто умрига зомин бўлиши мумкин.

Ботулизмдан заҳарланган одамда касаллик белгилари икки соат ўтиб, ёки саккиз-ўн кун давомида пайдо бўлади. Заҳар асосан марказий нерв тизимини фалажлайди, натижада нафас олиш қийинлашади, ҳолсизлик, кўнгил айниши, қусиш, қорин соҳасида оғриқ кузатилади. Жисмлар кўзига иккита бўлиб кўриниши (диплопия), кўз қовоқларини осилиб қолиши (птоз), ютиш қи-йинлашиши ва гапириш қобилияти пасайиши, бўйин ва оёқ мушаклари заифлашиши касалликнинг клиник белгилари ҳисобланади. 

Заҳарга қарши зардобсиз иш битмайди. Касалликни уй шароитида ўз билганича даволаш қатъиян ман этилади. Ботулизмдан заҳарланиш содир бўлганда зудлик билан шифокорга мурожаат қилиш зарур. Ҳозирда тиббиётда заҳарга қарши махсус зардоблар мавжуд бўлиб, беморга ўз вақтида тиббий ёрдам кўрсатилса бу ҳолат асоратсиз кечиши мумкин.

Аксарият касалликлар сингари ботулизмнинг олдини олиш ҳам инсоннинг ўз қўлида. Бугунги кунда замонавий тиббиёт хонадон шароитида бодринг, помидор, патиссон маринадлари, бақлажон икраси, умуман консерва маҳсулотларини тайёрлаш ва истеъмол қилишни тавсия этмайди. 

Агар оила аъзоларингиз, фарзандларингиз соғлом бўлишини истасангиз, истеъмол учун яроқсиз консерва маҳсулотларидан воз кечинг. Айниқса, бозорлар, кўча-куйлардаги ноқонуний савдо расталарида сотилаётган консерваланган маҳсулотларни харид қилманг.

Шуни унутмаслик керакки, авваллари ҳам оналаримиз уй шароитида помидордан қоқи, узум, шафтоли, ўрик, беҳи каби мевалардан эса қиём, бодринг, помидор, карамдан эса сирли идишларда тузламалар тайёрлашган. Бу ҳолда тайёрланган қиём ва тузламаларни истеъмол қилиш хавфсиздир. 

Бугун юртимиздаги қайси бир савдо мажмуаси ва бозорга кирсангиз, белгиланган талаблар асосида ишлаб чиқарилган консерва маҳсулотларининг  барча турлари бисёр. Ушбу маҳсулотларнинг сифати мувофиқлик сертификати билан кафолатланган. Унутманг, ҳар биримиз ўзимиз ва оила аъзоларимиз саломатлиги учун масъулмиз!


Эркин Аҳмедов,  

 туман Санитария-эпидемиологик  

осойишталик ва жамаот саломатлиги 

санитария-гигиена бўлими мудири. 

Мавзуга оид: