Мутахассис маслаҳати ҚЎТИР КАСАЛЛИГИ ВА УНИНГ ОЛДИНИ ОЛИШ
Қўтир - юқумли тери касаллиги бўлиб, уни қўтир кана паразитлари қўзғатади.
Қўтир касаллигининг юқиш йўллари: каналарнинг айрим турлари мол, қўй, эчки, от, мушук ва ит каби уй ҳайвонларида паразитлик қилиб, соғлом одамларга уларни парваришлаганда бевосита контакт йўли орқали юқиши мумкин. Бемор одамдан соғлом кишига контакт ва жинсий алоқа йўллари орқали юқиши мумкин.
Болаларга шахсий гигиенага амал қилмаганда, кўпроқ уй ҳайвонлари билан ўйнаганда қўтир канаси тез юқади.
Қўтир касаллигининг яширин даври 7-10 кундан 20-30 кунгача ҳисобланади. Одам терисига тушган қўтир канаси зудлик билан тери остини ковлаб кириб олиб, эпидермис қавати бўйлаб терини тешишда давом этади ва ковак йўллар тизимини ҳосил қилади. Шу жойларда терида майда пуфакчалар тошади. Тошмалар бармоқлар орасидаги бурмаларда, кафтнинг ён томонларида, эркакларда асосан таносил аъзоларида тошади. Агар касаллик жинсий алоқа орқали юқадиган бўлса, тошмалар асосан қов, киндик атрофи, қорин соҳаси ва жинсий аъзолар соҳасида бўлади. Болаларда шахсий гигиенага амал қилмаганда эса ҳаво исиганда аксарият кафт ичи, сонлар оралиғи ва думба зарарланди.
Касалликнинг асосий белгиси бу терининг тинимсиз қичишишидир. Қичишиш баъзан аллергик ҳолатни келтириб беморни анча безовта қилади. Тошмалар қаттиқ қичишади, айниқса, кечаси ва иссиқ ҳавода кучаяди.
Қўтир касаллигининг олдини олишда улар атрофдагиларга хавф туғдирмаслиги учун беморлар алоҳида хонага ажратилиб изоляция қилинади. Бемор билан мулоқатда бўлган ва оила аъзолари шифокор кўригидан ўтказилади.
Беморнинг ички ва устки кийимлари, ўрин-кўрпалари, ишлатган шахсий асбоб-анжомлари, болалар ўйинчоқлари барчаси дезинфекция қилинади. Кийим-кечаклар эса яхшилаб қайнатилиб, сўнг ювилиб дазмолланади.
Бу касалликни олдини олишда аҳолининг моддий фаровонлиги, санитария ва тиббий маданиятини оширишга қаратилган чора-тадбирларни ҳаётга тадбиқ этиш асосий аҳамиятга эгадир. Айниқса, шахсий гигиенага амал қилиш, ички кийимлар ва чойшабларни тез-тез ўз вақтида алмаштириб туриш, ҳар бир шахс ички кийимларини алоҳида тоғорачаларда ювиш, ювилганларини эса албатта дазмоллаб ишлатиш, бировларнинг ўрин-кўрпасида ётмаслик, тасодифан жинсий яқинликдан сақланиш қўтир касаллигининг олдини олиш ва саломатлик гаровидир.
Д.Истатова,
туман кўп тармоқли марказий
поликлиника тери-таносил шифокори.
Қўтир касаллиги ва унинг олдини олиш
- 04 ноя, 13:32
Қўтир касаллиги ва унинг олдини олиш
- 19 май, 12:13
Янги асар хабари
- 01 мар, 00:05
Огоҳ бўлинг!
- 21 дек, 10:50
Ветеринар маслаҳати
- 27 ноя, 13:56