Қўтир касаллиги ва унинг олдини олиш

Қўтир - жуда юқумли тери касаллиги бўлиб, уни қўтир кана паразитлари қўзғатади. Касалликнинг юқиш йўллари кўп ҳолларда каналарнинг айрим турлари мол, қўй, эчки, от, мушук ва ит каби уй ҳайвонларида паразитлик қилиб, соғлом одамларга уларни парваришлаганда бевосита контакт йўли орқали юқиши мумкин.
 Қўтир касаллиги бемор одамдан соғлом кишига контакт ва жинсий алоқа йўллари орқали юқиши мумкин. Болаларга шахсий гигиенага амал қилмаганда, кўпроқ уй ҳайвонлари билан ўйнаганда қўтир канаси тез юқади.
Бу касалликнинг яширин даври  7-10 кундан 20-30 кунгача давом этади. Одам терисига тушган қўтир канаси зудлик билан тери остини кавлаб кириб олиб, эпидермис қавати бўйлаб терини тешишда давом этади ва ковак йўллар тизимини ҳосил қилади. Шу жойларда терида майда пуфакчалар тошади. Тошмалар бармоқлар орасидаги бурмаларда, кафтнинг ён томонларида, эркакларда асосан таносил аъзоларида тошади. Агар касаллик жинсий алоқа орқали юқадиган бўлса, тошмалар асосан қов, киндик атрофи, қорин соҳаси ва жинсий аъзолар соҳасида бўлади. Болаларда шахсий гигиенага амал қилмаганда эса ҳаво исиганда аксарият кафт ичи, сонлар оралиғи ва думба зарарланди. 
Касалликнинг асосий белгиси - бу терининг тинимсиз қичишишидир. Қичишиш баъзан аллергик ҳолатни келтириб чиқаради ва беморни анча безовта қилади. Тошмалар қаттиқ қичишади, айниқса, кечаси ва иссиқ ҳавода кучаяди. 
Қўтир касаллигининг олдини олишда бемор атрофдагиларга хавф туғдирмаслиги учун алоҳида хонага  ажратилиб изоляция қилинади. Бемор билан мулоқотда бўлганлар ва оила аъзолари шифокор кўригидан ўтказилади. 
Беморнинг ички ва устки кийимлари, ўрин-кўрпалари, ишлатган шахсий асбоб-анжомлари, болалар ўйинчоқлари дезинфекция қилинади. Кийим-кечаклар эса яхшилаб қайнатилади ва ювилиб дазмолланади. 
Бу касалликнинг олдини олишда аҳолининг моддий фаровонлиги, санитария ва тиббий маданиятини оширишга қаратилган чора-тадбирларини ҳаётга тадбиқ этиш асосий аҳамиятга эгадир. Айниқса, шахсий гигиенага амал қилиш, ички кийимлар ва чойшабларни тез-тез ўз вақтида алмаштириб туриш, ювилганларини эса албатта дазмоллаб ишлатиш, бировларнинг ўрин-кўрпасида ётмаслик, тасодифан жинсий яқинликдан сақланиш қўтир касаллигининг олдини олиш ва саломатлик гаровидир.
Д.Истатова,
 туман кўп тармоқли марказий поликлиника 
тери-таносил шифокори.