9 май - "Хотира ва қадрлаш куни" ХОТИРА - АБАДИЙ, ҚАДР – МУҚАДДАС

9 май - "Хотира ва қадрлаш куни" мамлакатимизда умумхалқ байрами сифатида кенг нишонланади. Инсон хотира билан тирик, қадр билан улуғ. Ўтганларни, уларнинг хайрли ишларини, жасоратини ёдга олмоқ, эъзозламоқ хал-қимизга хос эзгу фазилатлардандир. Бинобарин, хотира бу - унутмаслик, деганидир. Соҳибқирон Амир Темур ҳам сўзини "Бизким..." дея ўз Ватанини, халқини, аждодларимиз ҳурматини бажо этиш билан бошлаган. Ўз навбатида, Мирзо Улуғбек ҳам, шоир ва саркарда Бобур ҳам, шоирлар султони Алишер Навоий ҳам аждодлар руҳига муносиб, буюк ишларнинг давомчиси бўлишга интилганлар.
Иккинчи жаҳон урушида ҳалок бўлган минглаб юртдошларимиз хотирасини ёд этиш, оловли жанглардан омон қайтган боболаримизга, оғир кунларни сабр-бардош билан енгган, машаққатли дақиқаларда ҳам ўзлигини йўқотмаган, имони бутун юртдошларимизга ҳурмат-эҳтиром кўрсатиш том маънода миллий қадриятга айланди. Ўтганларни, уларнинг хайрли ишларини, жасоратини ёдга олмоқ, эъзозламоқ халқимизга хос эзгу фазилатлардан ҳисобланади.
Инсон - ҳаёт гултожи. Унинг қадри, ҳурмати ҳар доим эъзозга лойиқ. Халқи-мизга хос хислатлар ҳақида айтадиган бўлсак, албатта, қадр-қиммат, меҳр-оқибат каби фазилатлар тилга олинади. Кексаларни ардоқлаш, кўмакка муҳтожларнинг ҳурматини жойига қўйиш қон-қонимизга сингиб кетган фазилат. Айниқса, ўт-ганларни хотирлаш, азиз отахон-у онахонларнинг дуосини олмоқлик саодати ўзгача.
Хотира шундай руҳий-маънавий қудратки, у инсоннинг инсонлигини англатувчи, уни ўтмиш ва истиқбол билан боғлаб турувчи буюк қадрият, илоҳий қудратдир. Хотирлаш - халқ манфаати учун курашган, эл-юрт ҳурматига сазовор бўлган кишиларни эслашдир. У оламдан ўтган аждодларни эслашгина эмас, асрлар мобайнида Ватан учун курашда ҳалок бўлганлар хотирасини ҳурматлаш ҳамдир.
9 май - "Хотира ва қадрлаш куни" муносабати билан халқимизнинг эзгу фазилатлари янада ёрқин намоён бўлади. Иккинчи жаҳон уруши даҳшатларини бошдан кечирган кишилар осойишталикни дилдан ҳис қилган, унинг нақадар муҳим эканини англаб етиб, бу йўлда Ватанини, оиласини, ўзлигини ҳимоя қилиш учун иккиланмасдан жонини гаровга қўйиб хизмат қилганлар. Минг афсуски, ҳозирги кунда уларнинг сафлари тобора камайиб бормоқда. Ёшлигининг навқирон чоғларини уруш оловларида, жанггоҳларда ўтказиб, бугунги тинч ва осойишта ҳаётимиз учун курашган инсонлар жасорати беқиёсдир. 
Хотирани асраш, хотирани эҳтиёт қилиш - бу бизнинг ўзимиз ва авлодлар олдидаги ахлоқий бурчимиздир. Хотира - бизнинг бойлигимиздир.
Кечаги кун сабоқларини, халқимиз келажаги йўлида жон фидо қилган инсонларни хотирлаш бугунги кунимизни қадрлашга ўргатади. Хотира бу - тарих. У кечаги  ўтмишни, аждодлар ўгитини, миллий меросимизни англатиб турувчи - муқаддас китоб зарварақларидек ҳаётимизни ёритиб туради. Шу боис, инсон ўз хотира бойликларини қадрлайди.
Бугун нишонлаётган байрамимиз шундай бир кунки, у шу юртда яшаётган ҳар қайси оила, ҳар қайси хонадон учун бевосита дахлдор бўлган, уларнинг ҳаётида қандайдир чуқур из қолдирган тарихий санадир. 9 май - Хотира ва қадрлаш кунида ўтган асрнинг суронли йилларини ёдга олиб, бугун кексалик нашидасини сураётган нуронийларимизни йўқлаб, улар билан суҳбатлашиш асносида беихтиёр хаёлимиздан ана шу ўйлар ўтади. Иккинчи жаҳон урушида матонат кўрсатган ҳамюртларимиз жасоратини, асрни қаритган отахонларимизнинг уруш хотираларини тинглай туриб, ўтмишдан сабоқ оламиз.
Она юрт тинчлиги, тунларимиз осо-йишталигию тонгларимизни хотиржам, тотли орзу-ният, янги режа-мақсад билан қарши олишимиз, болаларимизнинг кулгиси, кексаларимиз чеҳрасидаги шукроналик - нақадар улуғ неъмат. Бу саодатни қадрлаш, мустақиллигимизни янада мустаҳкамлаш, элу юрт хизматида бўлиш ҳар биримизнинг фарзандлик бурчимиздир.