ЖАНГДА ҲАМ, ҲАЁТДА ҲАМ ЖАСОРАТЛИ ЭДИ

Инсон хотира билан тирик, қадр билан улуғ. Ўтганларни, уларнинг хайрли ишларини, жасоратини ёдга олмоқ, эъзозламоқ халқимизга хос эзгу фазилатлардандир. Иккинчи жаҳон урушида ҳалок бўлган минглаб юртдошларимиз хотирасини ёд этиш, оловли жанглардан омон қайтган боболаримизга, оғир кунларни сабр-бардош билан енгган, машаққатли дақиқаларда ҳам ўзлигини йўқотмаган, имони бутун юртдошларимизга ҳурмат-эҳтиром кўрсатиш том маънода миллий қадриятга айланди. 
Иккинчи жаҳон урушининг даҳшат ва азобларини бошдан кечириб, жангу жадалларда ўзининг фидойи хизматлари билан эл-юрт олдида шон-шуҳратга эга бўлган юзлаб, минглаб, миллионлаб юртдошларимиз орасида даҳбедлик Бузрукхон Матлубов ҳам бор эди. 
Бузрукхон Матлубов 1919 йилда таваллуд топган. 1926-36 йилларда ўрта мактабда  ўқиган. 1939 йилда Самар-қанд  механизация техникумини битириб,  армия хизмати сафига жўнаб кетади. 1941 йил Иккинчи жаҳон уруши бошланган вақтда у армия сафидан ўз уйига қайтмасдан, жасорат билан  урушга отланади. 1945 йилга қадар урушда мардларча иштирок этган, қонли жанггоҳларда мислсиз қаҳрамонликлар кўрсатиб, ўз она юртига ғалаба билан қайтиб келган Бузрукхон Матлубов шу давр оралиғида қанчадан-қанча қийинчилик ва азоб-уқубатларни бошидан ўтказмади дейсиз. Тинчлик ва осойишталик учун қанчадан-қанча юртдошларимиз жон олиб жон берди. Айниқса, ўша даҳшатли йиллари Бузрукхон Матлубовнинг уйига  икки маротаба   қора хат келганлиги унинг оила-аъзолари учун катта мусибат бўлган эди. Шунга қарамасдан ёлғизгина фарзанди урушдан соғ-омон қайтиб келганда эса ота-онасининг хурсандчилиги чексиз бўлган эди...
Урушдан сўнг Бузрукхон Матлубов 1946 йил Тошкентда партия мактабида ўқиди. 1948-53 йилларда Самар-қанд Давлат Университетининг тарих факультетини имтиёзли тугаллади. 1954 йилда ўзининг илк иш фаолиятини Ленин колхозининг 51-мактабида мактаб директори лавозимидан бошлади. 1955-56 йилларда Оқдарё тумани ҳоким ёрдамчиси лавозимида фаолият олиб боради. 1957 йил туманимиздаги "Комуннизм учун" газетаси  бош редактори лавозимига тайинланади. 1962-78 йилларда тумандаги  38, 39, 41-умумтаълим мактабларида директор лавозимида самарали меҳнат қилиб, 60 ёшида нафақага  чиқади. Нафақага чиққандан сўнг ҳам умрининг охирги кунига қадар Оқдарё туман Нуронийлар жамғармасида фаолият юритиб, туманимиз тараққиётига ўз ҳиссасини қўшади. Отахоннинг оиласида етти фарзанди бўлиб, улар уч ўғил ва тўрт қиздан иборат. Бугунги кунда у кишининг фарзандлари оилали ва неварали, иймонли, инсофли, диёнатли, диний ва дунёвий билимли инсонлардир.  Ўғиллари ҳайдовчи, олий маълумотли архитектор, қизлари олий тоифали педагог ва шифокорлар бўлишган. Ҳозирги кунда 7 нафар фарзандларидан  неваралари орасида ҳуқуқшунос, молия, ҳисобчи, архитектор, шифокор ва фан доктори бўлиб етишиб, фаолият кўрсатишмоқда. Отахоннинг неваралари 19 нафардан иборат бўлиб, улар  олий таълим даргоҳларида таҳсил олишмоқда. Пиру бадавлат отахон Бузрукхон   Матлубовнинг тарбиясини олган фарзандлар, неваралар ва эваралар, келин ва қизлари намунали оила бўлиб яшаб келмоқдалар. 
Бузрукхон Матлубов 2009 йил 9 декабрь куни 90 ёшида бу дунёни тарк этди. Инсон хотира билан тирик, қадр билан улуғ. Ўтганларни, уларнинг хайрли ишларини, жасоратини ёдга олмоқ, эъзозламоқ халқимизга хос эзгуликлардан саналади. Хотирани асраш, хотирани эҳтиёт қилиш - бу бизнинг ўзимиз ва авлодлар олдидаги ахлоқий бурчимиздир. Хотира - бизнинг бойлигимиздир.    Кечаги кун сабоқларини, халқимиз келажаги йўлида жон фидо қилган инсонларни хотирлаш бугунги кунимизни қадрлашга ўргатади. Хотира бу - тарих. У кечаги  ўтмишни, аждодлар ўгитини, миллий меросимизни англатиб турувчи - муқаддас китоб зарварақларидек ҳаётимизни ёритиб туради. Шу боис, инсон ўз хотира бойликларини қадрлайди. Она юртимизнинг гуллаб-яшнашига, тинчлик, барқарорлик ҳукм суришига боболаримизнинг килган фидойи меҳнатлари биз ёш авлодни қалбимизда абадий сақланади.
 Суннатулло ИБРАГИМОВ.