Инсон ва қонун ЎЗ ВАЗИФАСИНИ СУИИСТЕЪМОЛ ҚИЛГАН ИИБ ХОДИМИ ЖАЗОЛАНДИ

Судланувчи Шоҳрух Амиров (исми-шарифи ўзгартирилган), Самарқанд вилоят ИИБ ЖХХ ЙҲХБ йўл-патруль хизматида ҳайдовчи-оператор вазифасида ишлаб келар эди. У ўзганинг мулкини алдаш ва ишончини суиистеъмол қилиш йўли билан осон бойлик
орттиришни ўз олдига мақсад қилиб олади. 2023 йил 23 август куни Тойлоқ туман, "Гулобод" маҳалла фуқаролар йиғинида яшовчи фуқаро С.Исроилов бошқарувида бўлган "Нексия-2" русумли автотранспорт 
воситасида "Самарқанд-Каттақўрғон" йўналиши бўйлаб, Оқдарё тумани, "Кумушкент" маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудидан ўтувчи М-37 автомобиль йўлида бошқариб кетаётган вақтида 
қоидабузарликка йўл қўяди. Шундан сўнг Ш.Амиров тезликни ўлчаш мосламаси ўрнатилган "Нексия-3" русумли махсус 
автотранспорт воситасида қайд этилган қоидабузарликни камайтириб беришини айтиб, С.Исроиловдан 500.000 сўм 
миқдоридаги пулларини фирибгарлик йўли билан қўлга киритади.
Мазкур ҳолат юзасидан фуқаро С.Исроилов Ўзбекистон Республикаси ИИВ ШХББ Самарқанд вилоят бошқармаси ишонч 
телефонига мурожаат қилган. Ушбу мурожаатга асосан бошқарма масъул ходимлари томонидан шу куни соат 20:45 лар 
чамасида М-37 автомобиль йўлининг "Самарқанд-Бухоро" йўналиши Оқдарё тумани, "Кумушкент" маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида "Нексия-3" русумли автотранспорт воситаси текшириб кўрилади. 
Текшириш жараёнида ушбу автомашинада вилоят ИИБ ЖХХ ЙҲХБ йўл-патруль хизмати баталъони мобил қурилмалардан фойдаланиш гуруҳи ҳайдовчи-оператори Ш.Амиров хизмат олиб бораётганлиги аниқланади. Автомашина кўздан кечирилганда, автомашина ҳайдовчи
олд ўриндиғи пастки қисмида (полик) устида жами 500.000 сўм пуллар холислар иштирокида далилий ашё тариқасида
ҳужжатлаштириб олинган. 
Судланувчи Шоҳруҳ Амировга Ўзбекистон Республикаси ЖК 168-моддаси 3-қисмининг "в" банди билан, ЖКнинг 45-моддасини қўллаган ҳолда 2 йил муддатга муайян ҳуқуқдан, яъни Ўзбекистон Республикаси ИИО тизимларида мансабдорлик
ва моддий жавобгарлик лавозимларида ишлаш ҳуқуқидан маҳрум қилиниб, ҳар ойда ойлик иш ҳақидан 20 фоиз миқдорини 
давлат даромади ҳисобига ушлаб қолган ҳолда 2 йил 6 ой муддатга ахлоқ тузатиш ишлари жазоси тайинланди.
Ғ.САДИНОВ, 
туман прокурори катта ёрдамчиси, 
1-даражали юрист.