ЯНГИ ЎЗБЕКИСТОН - ЯНГИЧА ҚАРАШ

Янги ўқув йили олдидан "Янги Ўзбекистон - янгича қараш" шиори остида мактабимизда "Ҳар бир ота-она фарзанд тарбияси учун масъул ва жавобгардир"  мавзусида ота-оналар йиғилиши бўлиб ўтди. Йиғилишда сўзга чиққан мактаб директори Н.Ишмаматова ота-оналарни, устозларни  Мустақиллигимизнинг 30 йиллиги билан табриклар экан, ўз нутқини Жалолиддин Румийнинг қуйидаги сўзлари билан бошлади: "Ҳаётда муваффаққиятга эришиш учун уч нарса керак: диққат, интизом ва ҳаракат". Агар бизда мана шу нарсалар бўлсагина биз кўзлаган мақсадимизга эришамиз. Халқ - улуғ ва шарафли йўлдан илгарилаб бораётган улкан карвондир. Биз эса ана шу карвоннинг бир бўлагимиз. Шундан сўнг ота-оналар эътиборига  " Меҳрибон ота" ведиоролиги ҳавола этилди. 
Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлигининг 2020 йил 21 майдаги 131-сонли буйруғи билан тасдиқланган "Умумий ўрта таълим муассасаларининг ички тартиб ва одоб-ахлоқ қоидалари" тўғрисида шундай дейилган: 
- Мазкур қоидалар талаблари умумтаълим мактаби жамоа аъзолари, ўқувчилари ва уларнинг ота-оналари учун таълим муассасаси доирасида мажбурий ҳисобланади. Таълим муассасаси ҳудудида ҳар бир ўқувчи ўз уяли алоқа воситаларини ўчириб қўйиши шарт. Ўқувчилар таълим муассасасига мактаб формасида ва дарсга кечикмасдан ўз вақтида келишлари, таълим муассасасига мактаб Уставида маън етилган либос ва қиёфада, жумладан ўғил болалар калта шим, футболка, қиз болалар калта очиқ, тор кийимда келиши ҳамда турли хил тақинчоқлар тақиши, дарс жараёнини уяли алоқа воситасининг камераси орқали суратга олиши таъқиқланади. Ота-оналарнинг таълим муассасасидаги дарс жараёнига аралашиши мумкин эмас, томонлар ўртасида юзага келган ҳар қандай баҳсли вазиятлар фақатгина мактаб раҳбарияти ҳамда мактаб психологи билан дарс жараёнига ҳалақит бермаган ҳолатда ҳал этилади. 
Вазирлар Маҳкамаси томонидан 2012 йил 21 майда "Ўзбекистон Республикаси таълим  муассасаларида мобил телефонлардан фойдаланиш тартиби тўғрисида"ги 139-сонли қарорининг мазмун-моҳияти тўғрисида Халқ таълими вазирлигининг тегишли буйруғига кўра ўқув машғулотлари ва тадбирлар бошланишидан олдин таълим олувчилар телефонини ўчириб қўйиши ҳамда сумкасига солиб қўйиши шартлиги уқтирилган. Ушбу талаблар бузилган тақдирда таълим муассасасининг ҳар қандай педагог ходими таълим олувчидан телефонини олиб қўйиш, билдиришнома расмийлаштириш ва уни телефон билан бирга таълим муассасасининг директорига ва директор ўринбосарига, ке-йинчалик уни ота-оналарга бериш ҳуқуқига эга эканлиги ҳам йиғилиш иштирокчиларига алоҳида таъкидлаб ўтилди.
"Фарзанд тарбиясида биз билишимиз керак бўлган муҳим жиҳатлар" мавзуси бўйича фикр-мулоҳаза юритган мактаб директорининг маънавият ва маърифат ишлари бўйича ўринбосари Ж. Мавлонов қуйидаги саволларни ўртага ташлади:
1. Болаларнинг тарбиясида ота-онанинг шахсий намунаси қандай рол ўйнайди? 
2. Болалар асосан кимларга тақлид қилади?
3. Ота-оналар ва фарзандлар ўртасидаги мулоқот тарбиянинг асосий омили эканлиги ростми? 
Дарҳақиқат, ҳар бир ота-она худди шу каби саволларни ўзларига бериб кўрсалар,  улар билан яқиндан мулоқотда бўлсалар, ўйлайманки, фарзандларининг ўқишларида ижобий ўзгаришлар бўлади. Халқимизда "Қуш уясида кўрганини қилади",  деган нақл бор. Сиз ўз оилангизда қандай муҳитни яратсангиз, болаларингиз ҳам ўшанга мос  ҳолда улғайишади. Бола ўз оиласида кўриб турганига тақлид қилади ва натижада унда хулқи, ўқишга нисбатан мойиллик пайдо бўлади. Шунинг учун ота-оналар ўз фар-   зандлари олдида яхши хулқ-атвори билан намуна бўлиши лозим. Агар боланинг хулқ-атворида салбий томонга ўзгариш кузатилса, албатта бу ҳолатнинг сабабини аниқлашга ҳаракат қилинг. Балки у ўзидаги ўзгариш билан сизнинг эътиборингизни тортмоқчи бўлаётгандир. Балки у сизни ёрдамга чақираётгандир. Сиз тезда унинг муаммоларини тингланг, мавжуд вазиятни тушинишга ҳаракат қилинг. Болага имкон қадар кўпроқ мустақиллик беришга ҳаракат қилинг, бўш вақтларини сайр, спорт ўйинларига сарфлагани муҳимроқ. Сиз фарзандингизнинг фақат баҳоларига эмас, кундалик ҳаётига ҳам қизиқиш билдиринг, унга қизиқ бўлган предметлар ва мавзуларни муҳокама қилинг, акс ҳолда у ўзини эътибордан четда қолгандек ҳис қилади. Болани назорат қилиш эмас, унга ғамхўрлик қилиш - мактабдаги янгиликларга қизиқиш билдириш, уни тинглаш ва қўллаб-қувватлаш лозим. 
Хулоса қилиб айтганда, унинг сиз билан ҳаёти умумий эканлигини, ундан муҳимроқ ишлар йўқлигини кўрсатиш лозим. Катталарнинг ҳаётида иш қандай ўрин тутса, мактаб ҳам болалар ҳаётида шундай ўрин тутади. Зеро, ҳар бир ота-онанинг ўз фарзандига "Сен менинг ғурур-ифтихоримсан",  дейиши фарзанд тарбиясидаги энг муносиб хатти-ҳаракатдир. Фарзанд - Яратганнинг ота-онасига энг юксак инъоми. Фарзанд қалби эса - Аллоҳнинг ота-она қўлига парваришлаш учун берган энг катта омонати. Болангизга вақт ажратинг, уларни эътиқодли, одамларга ишончи баланд қилиб тарбияланг. Уларнинг ҳаётдаги энг ишончли дўстига айланинг. 
                     
Зебинисо Ҳусанова, 
        29-мактабнинг ижодий-маданий масалалар бўйича тарғиботчиси.
Мавзуга оид:
Тадбирлар

Тадбирлар

  • 27 ноя, 11:51