Ўзбек боксчилари 6 та олтин медаль билан турнирда биринчи бўлди

Шу йил 22-27 февраль кунлари Болгария пойтахти София шаҳрида бокс бўйича нуфузли «Stranja Cup» халқаро турнири бўлиб ўтди.
73-бор ташкил этилган мазкур турнирда жаҳоннинг 37 мамлакатидан 370 нафардан ортиқ эркак ва аёл боксчилар иштирок этди.
Мусобақа эркаклар ўртасида 13 та, аёллар ўртасида эса 12 та вазн тоифасида ташкил этилди. Ўзбекистон терма жамоаси мазкур турнирда 8 нафар эркак ва 5 нафар аёл боксчи билан қатнашиб, якунда 6 та олтин ва битта бронза медалини қўлга киритди.
Мусобақа якунига кўра, Ўзбекистон терма жамоаси умумжамоа ҳисобида 1-ўринни эгаллади. Россия терма жамоаси эса 5 та олтин билан иккинчи ўриндан жой олди. Кучли учликка 4 та олтин медаль билан Қозоғистон ҳам кирди. Ён қўшниларимиз эркаклар ва аёллар ўртасидаги мусобақаларда 2 тадан олтин медалга эга чиқишди.
Кеча терма жамоамиз таркибидаги энг оғир вазнли боксчимиз, +92 кг. вазн тоифасида рингга чиққан Лазизбек Муллажонов ҳам олтин медалга сазовор бўлди.
Терма жамоамиз сафида совриндор бўлган боксчиларимиз:
Олтин медаль:
-51 кг: Ҳасанбой Дўсматов,
-57 кг: Абдумалик Халаков,
-63,5 кг: Мужибилло Турсунов,
-80 кг: Одилжон Аслонов,
-92 кг: Мадияр Саидраҳимов,
 +92 кг: Лазизбек Муллажонов,
Бронза медаль:
-52 кг: Турсуной Раҳимова
Ўзбекистон терма жамоаси аъзолари бугун тунда, яъни 28 февралдан 1 мартга ўтар кечаси соат 02:00 да юртимизга қайтиб келади.
Мавзуга оид: