ПЕДАГОГ ЗАМОН БИЛАН ҲАМНАФАС БЎЛМОҒИ ЛОЗИМ

Биз бугун   замон  шиддат  билан   ривожланаётган бир  даврда яшамоқдамиз. Бир  кун   янгиликлардан  бехабар  қоладиган   бўлсак, қисқа  муддат  ичида   узилишга дуч келишимизни ҳаммамиз   яхши биламиз. Шундай вазиятга тушмаслик   учун тинимсиз ҳаракатда бўлишимиз ва ўз устимизда мунтазам ишлашимиз лозим. Чунки, ёш авлодга замонавий билим бериш, касб-ҳунар ўргатиш, иқтидорини, қобилиятини ва интеллектуал салоҳиятини ошириш учун зарур бўлган  барча имкониятларни яратиш, айни  пайтда уларни умуминсоний ва миллий  қадриятлар, эзгу фазилатларга садоқат  руҳида   тарбиялаш масаласи давлатнинг доимий эътиборига айланди.
Хўш, ўйлаб кўрайлик-чи, ёш авлод  қаршимизда, таълим беришимиз учун имконият  ва  шароитлар   яратилган,  биз  етук   салоҳиятли,  комилликка   интилаётган шахсни тарбиялаш  учун  ўзимизнинг  салоҳиятимиз қандай? Ҳурматли Президентимиз Шавкат Мирзиёев  2019 йил  23 август куни ўтказилган видеоселектордаги маърузасида шундай фикрларни  айтди:
"Бу   касбнинг  обрўсини  фақат ўқитувчининг ўзи фидокорона меҳнати,  ўз   устида тинимсиз ишлаши, бошқаларга   ўрнак бўлиши билан ошира   олади". Демак,  барча  гап ўзимизда эканлигини англаб етган ҳолда  таълим соҳасига, хусусан, педагогнинг олдига  қўйилган  мақсадини оширишда қабул қилинган  Ўзбекистон Республикасининг  "Таълим тўғрисида"ги қонуни, Кадрлар тайёрлаш  миллий  дастурининг ҳаётга  татбиқ   этилиши, мазкур  дастурнинг  мантиқий   давоми  бўлган  "Мактаб   таълимини  ривожлантириш  Давлат умуммиллий  дастури" ва бошқалар доирасида амалга оширилаётган  ишлар замирида фарзандларимизни  комил  инсонлар   қилиб  тарбиялаш орқали юртимиз тараққиётининг  пойдеворини  мустаҳкам   қилиб  қўйиш,  унинг   буюк  келажагини  бунёд   этишда фидокор, фаол ва энг муҳими юксак   салоҳият эгаси бўлишимизни унутмаслигимиз ва бунга ҳаққимиз йўқлигини англаб  етмоғимиз  даркор.
Айтишимиз   мумкинки,  бугунги  кундаги   таълим  соҳасидаги ислоҳатлар,  амалга оширилаётган  ишлар,   яратилаётган имкониятлар  таҳсинга  лойиқ.   Мана  шундай имкониятларга лаббай,- деб  жавоб  бериш   ва  давлатимиз,  халқимизнинг   порлоқ келажаги   учун  ҳар   томонлама  етук,  мустақил    ва  креатив  фикрловчи, енгилмас иродага эга бўлган  ёшларни тарбиялаш  таълим   соҳасининг   фидокор  педагогларига боғлиқ  эканлигини қалбан ҳис қилишимиз шарт.
Жумладан, она   тили  ва адабиёт  таълими   олдига  юксак  салоҳиятли, нутқи   равон, ўзида   нотиқлик  санъати  ривожланган, дунёқараши  кенг, мустақил   фикрловчи,   баркамол авлодни  тарбиялаш масъулияти,  вазифаси  қўйилган. Яна шу нарсани алоҳида таъкидлаш   керакки, бугунги таълим  ўқитувчидан   дарсга инновацион ёндашувни талаб   этади.
Бизга маълумки, мактабларда ўқитишнинг асосий мақсади олий таълимга киритиш эмас, балки комил шахсни тарбиялашдир. Комил шахсни тарбиялаш учун  эса ўқитувчининг ўзи ҳам шахсий, ҳам  касбий, ҳам амалий сифатларга эга бўлмоғи керак. Шахсий жиҳатдан инсонга хос ижобий фазилатлари билан намуна бўлса, касбий жиҳатдан маҳоратли ва билимли бўлса, амалий жиҳатдан ўзининг хатти-ҳаракатлари билан ўқувчиларга ўрнак бўла олса кутилган натижага эришилади.
Бундан ташқари ўқитувчи нотиқ, луғатшунос, сценарист, режиссиёр, актёр, санъаткор, китобхон, журналист, ижодкорлик каби талантларга эга бўлиши керак. Санаб ўтилган сифатларнинг барчаси мужассам бўлса, буларни ўз ўрнида машғулотларимиз билан уйғунлаштира олсак, натижамиз кутилгандек бўлади ва ўқувчиларимиз ҳам билимда, зукколикда ҳар қандай  ёшлар билан тенглаша олади.
Устоз ҳақида гап кетганда мен устозларимни эсламаслигимнинг иложи йўқ. Чунки бугун мен нимагаки эришган бўлсам, бунинг замирида  ота-онам ва устозларимнинг меҳнати ётибди. Отам-онам менга ҳаёт бериб, тўғрисўзлик, кенгфеълликни ўргатган бўлса, устозим билим бериб, мустақил ҳаётда ўз ўрнимни топишимда йўлчи юлдуз бўлганлар. Мен касбий фаолиятим давомида ўқувчи ёшлар билан ишлаганда  қандай муаммога дуч келган бўлсам, дарҳол ўзимнинг ўқувчилик йилларимни эслайман. Мен тушган ҳолатда устозим қандай йўл тутарди? Ва шундан келиб чиқиб  вазиятга баҳо бераман.
Айниқса, биринчи устозимдан кўп нарсани ҳали ҳам ўрганаман. Устозим дарсга кечикиб келган ўқувчига "Нега кечга қолдинг?", - деб танбеҳ бериш ўрнига "Тинчмисан? Соғлигинг жойидами?",- деб сўрардилар. Ёки дарсни тайёрламай келган ўқувчига "Уйга вазифанг қани?"- деб бақирмасдан,  "Бугун ўзингга ўхшамабсан, бугунги машғулотда мен энг фаол ўқувчи сен бўлишингни тахмин қилгандим", деб ётиғи билан муомала қилар ва бу билан ўқувчининг кўнглида ўзига нисбатан меҳр уйғотарди.
Биламизки, қачон ўқувчининг кўнглидан жой олсаккина, у бизга кўнглини очади ва ўзимиз билан бирга фанимизни ҳам яхши кўради. Ўқитувчи, устоз жамиятнинг келажагини тарбия қилар экан, бу жараёнда лоқайдлик қилишга, ўз ишимизга совуққонлик қилишга ҳеч кимнинг ҳаққи йўқлигини англаб етмоғимиз даркор.
Зеро, мудом буюк аталган, ардоқланган, касбларнинг ичида онадек меҳрибон, отадек улуғ қиёфа касб этган  шарафли номга муносиб бўлиш барчамизга насиб этсин.
Лобар УЗОҚОВА,
10-умумий ўрта таълим
 мактаби она тили ва адабиёт фани ўқитувчиси. 
Мавзуга оид: