Халқ таълими фахрийлари ИБРАТЛИ УМР СОҲИБАСИ
Дунё иморатлари ичида энг улуғи мактаб, касб-ларнинг ичида энг шарафлиси ўқитувчи ва мураббийликдир. Зотан, бир мурғак гўдакнинг инсон бўлиб камол топиши, шахс бўлиб шаклланишида бу фидойи касб соҳибларининг ҳиссаси улуғ.
Ойсултон Баҳромова ҳам ана шундай улуғ касб эгаси сифатида ўзининг умрини туманимизда халқ таълимини ривожлантиришга, ёш авлодга пухта билим беришга бахшида этди. У муаллимлик касбини ўзининг умр мазмуни деб билди, ҳаёти давомида касби ва жонажон мактабига содиқ қолди.
Меҳнат фаолиятини тумандаги 8-мактабда бошланғич синф ўқитувчиси сифатида бошлади. Айни шу даргоҳда у муаллимлик касбининг баланд-пастини ўрганди, тобланди, тажриба орттирди. Ойсултон Баҳромова 31 йилдан зиёд фаолияти давомида ўзини моҳир ўқитувчи, ёшларнинг севимли устози, ўқув-тарбия жараёнларини илмий асосда ташкил этиш, таълимни ҳаёт ва амалиёт билан уйғунлаштириш, соҳага замонавий технологияларни жорий этиш борасида катта салоҳиятга эга бўлган билимдон мутахассис сифатида намоён этди. Иш жараёнида мактабда бошланғич таълим сифатини яхшилаш, самарадорликни ошириш йўлида кўп изланди, муаммолар ечимини топишга ҳаракат қилди. Мамлакатимиз мустақилликка эришгандан сўнгги йиллари бошқа соҳалар қатори таълим тизимида ҳам ислоҳотлар амалга оширила бошланди. Ойсултон Баҳромова ўзининг юксак касбий тажрибаси, маҳорати ва инсоний фазилатлари билан мустақиллик йилларида туманимизда таълим-тарбия соҳасида кенг кўламли ислоҳотларни амалга оширишга, ёш авлодни ватанпарварлик ва истиқлол ғояларига садоқат руҳида тарбиялашга муносиб ҳиссасини қўшди.
- Ўқитувчи асло ҳаракатсиз бўлмаслиги керак, -дейди фидойи устоз. - Лекин ясама ҳаракат ҳам болага ёқмайди, уни тезда зериктиради. Ўқитувчи учун албатта қолипга солинган ёки четдан тайёр дарс услуби ҳам шарт эмас. Услубни ўқитувчи ўз ҳаракати, билими ва изланишлари билан ўзи кашф этмоғи керак. Негаки, ўқитувчи ижодкор ва санъаткор бўлмоғи лозим. Шундагина уни ўқувчилари бир умрга ҳурмат қилади, қадрлайди.
Фидойи педагогнинг иш тажрибаси бир неча маротаба туман ва вилоят миқёсида кенг ўрганилиб оммалаштирилди. Устоз сифатида ўз иш тажрибаларини ёш мутахассисларга ўргатди, кўплаб шогирдлар етиштирди. Ҳаёти, инсоний фазилатлари, кўз нури ва қалб қўри, бутун борлиғини таълим тизимига бахшида қилди. Таълим соҳасида ўз мактабини яратди. Ўз шогирдларини фарзандларидек чин қалбидан яхши кўрди ва ҳамон уларни эслаб туради.
Ойсултон Баҳромова моҳир педагог бўлиш билан бир қаторда севимли рафиқа, меҳрибон ва фидойи она ҳамдир. У турмуш ўртоғи, ўзи ишлаган 8-умумтаълим мактабида кўп йиллар давомида директорлик лавозимида фаолият кўрсатган Саттор ака Нуриддинов билан ибратли оила қуришиб, 12 нафар ўғил-қизни тарбиялаб, вояга етказишди. Фарзандлари, шогирдлари бугунги кунда жамиятимизнинг турли жабҳаларида фаолият кўрсатишиб, Ойсултон онага элу юрт ўртасида катта эътибор, ҳурмат келтиришмоқда.
Бутун умрини таълим соҳасига бахшида этган пиру бадавлат онахон бугунги кунда ўзининг табаррук 74 ёшини қарши олмоқда. Онахон ўзининг ўтган умридан беҳад манун. Негаки, у ўзининг умр мазмунига айланган ўқитувчилик касбини севиб ардоқлади. Ўзи билан бир сафда туриб ҳаётини халқ таълимини ривожлантиришга бахшида этган моҳир педагог Саттор ака Нуриддинов билан мазмунли ва ибратли ҳаёт кечиришди, 12 нафар ўғил-қизни рисоладагидек тарбиялашиб, бугунги кунда кўплаб невара-чевараларнинг даврасида пиру бадавлат отахону онахон сифатида кексалик гаштини суришмоқда. Ахир инсон учун бундан ҳам ортиқ бахт борми. Зеро, бу инсонлар ҳаётда ўзларига хос ёрқин из қолдиришмоқда. Уларнинг гоҳо равон, гоҳо машаққатли турмуш йўли барчамизга ибратлидир.
Фурсатдан фойдаланиб, ибратли умр соҳибаси Ойсултон Баҳромовани табаррук 74 ёши билан самимий муборакбод этар эканмиз, онахонга соғлик-саломатлик тилаб, юз ёшлар билан юзлашиб юришини тилаб қоламиз.
Г.НАМОЗОВА.

Янги асар хабари
- 11 мар, 17:02

Янги асар хабари
- 08 мар, 15:10

Янги асар хабари
- 04 мар, 13:37

Янги асар хабари
- 01 мар, 00:05