Эл эъзозига сазовор муаллима

Барногул Бобобековани қарийб 40 йилдан бери биламан. Сабаби у билан бир қишлоқда катта бўлиб, битта пахта далаларида болалигимиз ўтган. У билан мактаб даврларида бирга пахта териб, ҳатто далаларда ҳам биргаликда математикага оид масалаларни ечар эдик. 
   Бу қизиқиш иккаламизни ҳам мактабни битиргач Самарқанд Давлат университетининг математика факультетига етаклади. Мен 1980 йил ўқишга кирган бўлсам, Барногул 1985 йил олий ўқув юртига кирди. Бир йил у билан ўқишда ҳам математика фани бўйича билимларимизни ўзаро фикрлашдик. У фанга қизиқиши, изланувчанлиги билан дарров талабалар орасида ажралиб устозлар эътиборини қозонди. 
Барногул Бобобекова олийгоҳни аъло баҳоларга тугатиб, 1991 йил Арпа қишлоғидаги 4-умумтаълим мактабига математика ўқитувчиси бўлиб ишга кирди. У ўз фаолияти давомида билимини ўқувчиларга математика сирларини ўргатишга қаратиш билан бир қаторда ўз устида ҳам тинимсиз ишлади. Мен туман Халқ таълими бўлимида математика-информатика фанлари услубчиси вазифасида ишлаган давримда Бобобекова Барногулнинг ўз фанига бўлган қизиқишини, фанга ўқувчиларини қизиқтиришини яна бир бор гувоҳи бўлдим. Чунки унинг ўқувчилари туман ва вилоят олимпиадалари, билимлар беллашувида фахрли ўринларни эгаллади. 2010 йил 7-синф ўқувчиси Баҳромов Шоҳрух, 2015-2016 йиллар Очилов Рустам туман босқичидаги математика фанидан ўтказилган билимлар беллашувида фахрли 1-ўринни эгаллаб, вилоят босқичига йўлланмани қўлга киритди. Бу ўқувчилар бир неча йил туман олимпиадаларида биринчикни эгаллаб келишди. 
Б.Бобобекова ўз касбининг билимдони, фидойи ўқитувчиси сифатида мактабда ўқувчиларга математика фанининг сир-асрорларини қунт билан ўқитиш, уларни фанга бўлган меҳрини оширишга астойдил ҳаракат қилди. Шунинг билан бир қаторда мунтазам равишда ўз билимини ошириш, ўз устида ишлашга алоҳида эътибор қаратди. Тажрибали ўқитувчининг изланишлари ўз самарасини кўрсатди. У 2014 йил "Сирли бармоқлар" илмий методик мақоласини ёзди ва мақола 2014 йил 20 апрелда  "Зиёкор" журналида, 2014 йил 20 сентябрда эса "Маърифат" газетасида босилиб чиқди. Мазкур мақола "Педагог-муаллифининг долзарб материали"  номинациясида ғолиб деб топилиб, мақола муаллифи Бобобекова Барногул "Фахрий ёрлиқ" ва пул мукофоти билан тақдирланди. Шуни ҳам алоҳида таъкидлаш керакки, муаллиманинг "Сирли бармоқлар" мақоласи 2022 йил 13 январда Индонезия  журналида босилиб чиқди.
Барногул Бобобекованинг таълим соҳасидаги самарали меҳнатлари инобатга олиниб, 2014 йил унинг педагогик иш фаолияти туманда, 2015 йил вилоятда, 2017 йил эса республикада оммалаштирилди. 
Б. Бобобекова нафақат ишда жонкуяр устоз, балки, у оилада ҳам жонкуяр онадир. У турмуш ўртоғи Шуҳрат Толлиев билан 4 фарзандни тарбиялаб вояга етказди. Уларни билимли, одобли эл корига ярайдиган олий маълумотли инсонлар қилиб тарбиялади. Катта ўғли Каттақулов Жўрабек Самарқанд Давлат Иқтисодиёт ва сервиз институтини тамомлаб, ҳозирда ҳисобчи вазифасида фаолият юритаяпти. Иккинчи фарзанди Каттақулова Наргиза Гулистон Давлат университетини математика-информатика факультетини тугатиб, ҳозирда Тошкент шаҳридаги 62-мактабда ўқитувчи бўлиб ишлайди. Учинчи фарзанди Каттақулов Рустам Самарқанд давлат  университетининг математика факультетини тугатиб, ҳозирда туманимиздаги 57-ихтисослашган Президент мактабида ўқитувчи бўлиб ишлайди. Тўртинчи фарзанди Каттақулова Раъно Самарқанд Давлат чет тиллар институтини инглиз тили факультетини тугатиб, Фарғона шаҳрининг 9-мактабида инглиз тили фанидан дарс беради.
Барногул Бобобекова ва Шуҳрат Толлиевларнинг фарзандлари ўзларига таълим-тарбия берган ота-оналаридан ниҳоятда мамнун эканликларини алоҳида таъкидлашади. Ҳар бир ишимизда  онамизнинг маслаҳатига амал қиламиз, чунки онамиз бизга доимо ҳалолликни ва меҳнатсеварликни ўргатиш билан бир қаторда, одамларга хушмуомала бўлишни ўргатиб келади. Зеро, ота-она насиҳатини олган  фарзанд ҳеч қачон кам бўлмайди.
Мен Барногул Бобобековани энг яхши шогирдларимдан бири деб ҳисоблайман. У ҳозирги кунгача изланишдан тўхтамайди, ўқувчиларига ҳам ўз билимини беришдан чарчамайди. Ҳозир у нафақада бўлса ҳам 4-умумтаълим мактабида ўқувчиларга математика фанидан сабоқ бериб келмоқда. Шу билан бир қаторда ўқувчиларга қўшимча дарслар ташкил этиб, математика сирларини ўргатади.
Барногул Бобобекова яқинда ўзининг 56 ёшини қарши олади. Фидойи устоз, меҳрибон она Барногул Бобобековани таваллуд айёми билан самимий муборакбод этар эканман, ёш авлодга таълим-тарбия беришдек эзгу мақсад йўлидаги иш   фаолиятини ҳормай-толмай давом эттиришига тилакдошман.
Манзура ҚУВОНДИҚОВА,
                              Халқ таълими аълочиси.