Бошланғич таълим - билимлар пойдевори УСТОЗ - НАҚАДАР УЛУҒ СЎЗ

Устозлик мақоми буюк, машаққатли ва шарафлидир. Фарзандлар таълим-тарбияси, ёш авлодни комил инсон руҳида тарбиялаш, уларга алоҳида эътибор қаратиш, ҳар бир устозга хос эзгу фазилатдир. Устоз деганда ҳар бир инсон кўнглида чуқур ҳурмат ва эхтиром, чексиз миннатдорлик туйғулари, шу билан бирга ҳар қандай бойлик билан ўлчаб ҳам, адо этиб ҳам бўлмайдиган қарздорлик ҳисси пайдо бўлади.
Ана шундай устозларимиздан бир қатори 45-ИДУМ нинг бошланғич таълимида фаолият юритаётган азиз ва меҳ- рибон устозлардир. Шарафли касбининг буюк қироли бўлган бошланғич таълим устозларига мингдан-минг ташаккурлар айтсак арзийди. 
Бошланғич таълим жамоамизда кўп йиллар ўз меҳнати билан эл ичида шон-шуҳрат қозонган фидоий, фахрий устозларимиз С.Йўлдошева, Б.Элибоева, М.Таниева, А.Рустамова, Г.Зубайдуллаевалар ёш ўқитувчиларга устозлик қилиб, ўз касбининг сир-асрорларини ўргатиб келмоқдалар. Шижоати ва ғайрати чексиз, ёш ижодкор устозларимиз эса ўзларининг таълимдаги янги ўзгаришларни амалга оширишда муносиб ўринларни эгаллаб, ёш авлодга замон талаби асосида ўз билим ва юксак фазилатларини ўргатиб келмоқдалар. 
Ана шундай намунали устозларимиздан бири 2-"Д" синф раҳбари Гулмира Қосимова ўзининг ўқувчилари ёрдамида 2023 йил 23 май куни ўқув йили якуни муносабати билан "Зукко ва билимдон ўқувчиман" шиори остида байрам тадбири ўтказишди. Тадбирда барча бошланғич синф ўқитувчи ва ўқувчилари фаол иштирок этишди. Ўқувчилар "Қум ёрдамида расм ишлаш", "Ўрнини топ" ўйини, "Расмлар танлови", "Қўл меҳнати", "Қизиқарли математика", "Ментал арифметика", "Креатив фикр-    лаш"га оид танлов шартларида иштирок этишди. 
Танлов ғолиблари эсдалик савғалар ва фахрий-ёрлиқлар билан тақдирландилар. Ушбу тадбирда мактаб психологлари А.Холиқова ва Ф.Исматуллаевалар ҳам иштирок этиб, хар бир иштирокчи ўқувчининг қобилиятига қараб ўзларининг психологик фикр ва мулоҳазаларини билдириб ўтишди. Ажойиб тадбирни ташкил этиб, болажонлар қувончига сабабчи бўлган бошланғич таълим ўқитувчиси Г.Қосимовага ва унга ёрдам берган 2-"Д" синф ота-оналари ҳамда ўқитувчиларига ўз миннатдорчилигимизни билдирамиз. Шу ўринда мактабимизда ўқув йили давомида ўзларининг ноанъанавий очиқ дарслари, ажойиб кўнгилочар тадбирлари, ўз устида ишлаб билим ва салоҳиятини халқининг фарзандига бериб, ўзидан муносиб из қолдираётган ёш ижодкор устозларимиз талайгина эканлигини алоҳида таъкидлаб ўтамиз. Биз мана шундай ўз ўрнига эга устозларимиз билан фахрланамиз.
Устозга бўлган фахр туйғуси бу энг олий туйғудир. Ҳар бир инсон учун аввало унга билим ва маърифат дунёси сари йўл очиб берган, унинг қалбига юксак инсоний фазилатлар ҳиссини сингдирган, илм йўлида заҳмат чеккан, устозларига нисбатан кўнглида ҳамиша миннатдорлик туйғуси билан яшашдир.
Шоир айтганидек:
Адо этиб виждоннинг бурчин, 
Кўрсатдингиз билимнинг кучин.
Сизга ҳамиша, ҳаммаси учун, 
Таъзимдамиз, устоз муаллим.
Касблар ичра аъло мумтози,
Бўлсин сиздан Аллоҳ ҳам рози.
Сиз бошланғич таълим устози,
Таъзимдамиз, сизга муаллим.
Билим олмоқ дилимизда фарз, 
Сиздан асло узилмайди қарз.
Жонфидолик - бир соатлик дарс,
Таъзимдамиз, устоз муаллим.
Шоҳиста Рустамова,
45-ИДУМнинг бошланғич
таълим ўқув ишлари бўйича 
директор ўринбосари.
Мавзуга оид: