Таълим ва тарбия самарадорлигини ошириш - бош масала

Жорий йилнинг 5 февраль куни Президент раислигида ижтимоий соҳадаги устувор вазифаларга бағишланган йиғилиш бўлиб ўтди. Унда мамлакатимизда кейинги йилларда мактабгача ва мактаб таълимида эришилган катта ўзгаришлар билан бир қаторда айрим камчиликлар ҳақида ҳам фикр юритилди. Жумладан, боғча билан мактаб, мактаб билан коллеж ва олийгоҳ ўртасида узвийлик етарли даражада эмаслиги алоҳида таъкидланди.

Маълумки, бугунги кунда мактабларда ўқувчилар давомати долзарб масалалардан бири ҳисобланади. Бу борада маҳалла раиси мактабда тарбия ва давомат масалалари, ота-оналар билан ҳамкорлик қилиши зарурлиги, мактабда маънавият ва спорт тадбирларини ташкил этишга тегишли масъуллар томонидан эътиборсизлик қилинаётганлиги айтилди. Жумладан:

-   Жорий йилда мактаблар ва мактаб таълимига 46 триллион сўмдан зиёд маблағ ажратиш режалаштирилган. 

- Лекин, математика, ўқиш ва табиий фанлар бўйича ўтказилган 2022 йилги PISA халқаро дастури натижалари соҳада қилинадиган ишлар ҳали кўплигини аниқ кўрсатди. Ёки, 500 та мактабда янги баҳолаш тизими жорий қилиниб, ҳақиқий билим қай даражада экани аниқланди.

- Ҳозирда 1-11 синфларда хорижий тилга ажратилган 984 соат доирасида ўқувчиларни ярми ҳам "B1" даражага эга бўла олмаяпти.

Йиғилишда мактаб таълимидаги ислоҳотларни янада жадаллаштиришга қаратилган вазифалар белгилаб берилди. Мактабларда оғриқли масалалардан бири, бу - тарбия ва маънавият.

Ўтган йили вояга етмаганлар 3,5 мингта жиноят содир этган. Шундан 2 минг 280 нафарини мактаб ўқувчилари ташкил қилади. Президент мактабларда хорижий тиллар ва касб-ҳунарларга ўқитишни кенгайтириш юзасидан қатор топшириқлар берди. 

Давлатимиз раҳбари мактабларда тарбия ва маънавият масалаларига эътиборни кучайтириш муҳимлигини таъкидлади. Ўқувчиларни ватанпарварлик руҳида тарбиялаш орқали уларда "ҳуқуқбузарликка қарши иммунитет" яратиш бўйича тизим қилиш зарурлиги таъкидланди.

Ўқувчиларнинг бўш вақтини мазмунли ўтказиш ва касбга йўналтириш, тарбияси ва ўқишида муаммо бўлган ўқувчиларнинг ота-оналари ва маҳалла фаоллари билан бирга ишлаб, муаммоларни ечишга қаратилган аниқ чораларни кўриш муҳимлиги қайд этилди. 

Дарҳақиқат, мактабларда таълим ва тарбия масаласи долзарб вазифа. Шундай экан, Президентимиз томонидан кўрсатилган барча топшириқ ва вазифаларни ҳаётга татбиқ этиш бугунги куннинг муҳим вазифаларидан биридир.  Зеро, келажагимиз ворисларига мактабда таълим ва тарбия берар эканмиз, бу борада биз албатта, ўқувчининг ота-онаси, маҳалла ҳамда тегишли ташкилотлар билан ҳамкорликни янада мустаҳкамлашга астойдил ҳаракат қиламиз.

 А.Асроров,

                                             30-мактаб директори.