ХАЛҚ ТАЪЛИМИ ТИЗИМИДА ИШЛОВЧИ ХОДИМЛАРГА ҚОНУНЧИЛИКДА БЕЛГИЛАНГАН ИМТИЁЗ ВА КАФОЛАТЛАР

Ҳозирги кунда  ўқитувчи ва муаллимларнинг ижтимоий ҳаётдаги нуфузи ва мавқейини ошириш мақсадида уларнинг мақомини қонун даражасида белгилаш таклиф қилиниб келинмоқда.
Жумладан, 2020 йил 1 октябрь - Ўқитувчи ва мураббийлар кунига бағишланган тантанали маросимда иштирок этган Президент Шавкат Мирзиёев мамлакатдаги таълим соҳасини ривожлантиришдаги муҳим масалалар борасида гапирган. Ўқитувчиларнинг ҳуқуқлари давлат ҳимоясида бўлиши, уларнинг касбий фаолиятига ноқонуний аралашув, бошқа ишларга жалб қилиш жавобгарликка сабаб бўлишини қонун билан қатъий белгилаш кераклиги айтиб ўтилди.
Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 11 январдаги "Олис ҳудудлардаги бюджет ташкилотларига малакали мутахассисларни жалб қилиш чора-тадбирлари тўғрисида"ги ПФ-4940 сонли қарори асосида 1 январдан бошлаб олис ҳудудларда жойлашган бюджет ташкилотларига бошқа ҳудудлардан ишлаш учун келган олий маълумотли мутахассисларга қуйидаги имтиёзлар берилди:
*50 БҲМ (1 февралдан - 12 250 000 сўм) бир марталик бошланғич ёрдам пули;
*уй-жойларни ижарага олганлик учун 2 БҲМ (1 февралдан - 490 000 сўм) ҳар ойлик пул компенсацияси берилади.
Бундан ташқари, ўқитувчилар учун тўловлар айнан қандай тоифадаги педагогларга тўланиши бўйича учта асосий кўрсаткич бор:
*олий ёки биринчи тоифали бўлиши;
*бошқа ҳудуддан келиб ишлаши (тумандан бошқа туманга, вилоятдан бошқа вилоятга);
*охирги мактабида бир йил давомида ишлаган бўлиши керак. Яъни "қизил" ҳудудга жалб қилинаётган ўқитувчи "яшил" ҳудуддаги мактабда охирги бир йилда ишлаган бўлиши талаб қилинади.
Қолган талабларни Халқ таълим вазирлиги ишлаб чиқади. Жумладан, 2021 йил 1 мартдан бошлаб, "қизил" мактабларда дарс бериш учун бошқа ҳудудлардан жалб қилинган педагогларга қуйидаги миқдорда махсус устамалар тўланади:
*бир маъмурий-ҳудудий бирлик доирасида бошқа туман ва шаҳардан келиб ишлаётган ўқитувчи-педагогларнинг базавий тариф ставкаларига 50 фоиз;
*бошқа маъмурий-ҳудудий бирликдан келиб фаолият юритаётган ўқитувчи-педагогларнинг базавий тариф ставкаларига 100 фоиз.
Таълим даражаси юқори бўлмаган ("қизил") мактаблар рўйхатини ХТВ ва Таълим инспекцияси тузади. Рўйхат вазирлик сайтида эълон қилинди.
Бошқа ҳудудлардан жалб қилинган педагогларга махсус устамалар улар борган мактаб "қизил" тоифадан чиққан йилдан кейинги йил учун ҳам тўланиши белгиланган. Шу билан бирга Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 19 майдаги "Ўзбекистон Республикасида хорижий тилларни ўрганишни оммалаштириш фаолиятини сифат жиҳатидан янги босқичга олиб чиқиш чора-тадбирлари тўғрисида"ги  ПҚ-5117-сонли қарори қабул қилинди. Ушбу Қарорга асосан хорижий тилларга ўқитишнинг сифатини ошириш мақсадида қуйидагилар белгиланди:
*2021/2022 ўқув йилидан бошлаб туманлар (шаҳарлар)да умумий ўрта таълим муассасалари негизида хорижий тилларни ўқитишга ихтисослаштирилган 207 та мактаблар ташкил этиш;
*2021 йил 1 сентябрдан бошлаб хорижий тилларни ўқитиш бўйича энг яхши натижаларга эришган мактабларни рағбатлантириш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Президенти соврини таъсис этиш.
 Бунда, соврин учун мусобақалар умумтаълим мактаблари ўртасида қуйидаги уч босқичда ташкил этилиши белгиланди:
биринчи босқич - туман ва шаҳарларда ўтказилиб, ғолиблар 100 млн сўмгача;
иккинчи босқич - Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳрида ўтказилиб, ғолиблар 250 млн сўмгача;
учинчи босқич - республика миқёсида ўтказилиб, ғолиблар 500 млн сўмгача пул маблағлари билан мукофотланиши белгиланди.
Хулоса қилиб шуни айтишимиз мумкинки, ҳозирги кунда халқ таълими тизимида ишловчи ходимларнинг ойлик маошлари босқичма-босқич оширилиб, уларга бериладиган имтиёзлар ва кафолатлар такомиллаштириб борилмоқда.
А.Куйланов,
туман адлия бўлими 
                       бош маслаҳатчиси.  
Мавзуга оид: