ЭЗГУЛИККА ЙЎҒРИЛГАН ХАЙРИЯ ТАДБИРЛАРИ

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 26 апрелдаги тегишли фармойиши асосида жорий йилнинг 30 апрель куни "Маҳалла ободлиги - юрт фаровонлиги" шиори остида туманимизда ҳам умумхалқ хайрия ҳашари ўтказилди. Байрам арафаси кунлари юртимиз бўйлаб давом этган умумхалқ хайрия ҳашари туманимизда қизғин олиб борилди. Тумандаги барча ташкилот ва муассасалар билан бир қаторда маҳаллалардаги қабристонларда ҳам кенг жамоатчилик иштирокида ободонлаштириш, ҳашар ишлари ташкил этилди. Рамазон ҳайити намозларини муносиб тарзда ўтказиш мақсадида тумандаги мавжуд барча жоме масжидларида Дин ишлари бўйича қўмитанинг бош мутахассиси А.Насимов иштирокида оммавий ҳашар уюштирилди. Умумхалқ хайрия ҳашари доирасида ташкил этилган мазкур ободонлаштириш тадбирида масжидлар атрофи ва масжидга олиб борувчи йўлларда ободонлаштириш ишлари олиб борилиб, ҳайит намозини ўқишга тайёр ҳолатга келтирилди.
Дарҳақиқат, бежизга Рамазон ойи ойларнинг султони дейилмайди, чунки бу ой меҳр-мурувват, хайр-саховат, ибодат ва эзгу амаллар кўплаб қилинадиган ойдир. Туман ҳокими Шерзод Қудратов Рамазон ҳайити байрами муносабати билан жойларда бўлиб, ижтимоий ҳимояга ва эътиборга муҳтож, хасталикка чалинган кексалар ҳолидан хабар олди. Нуронийларни байрам билан қутлаб, уларга ҳайитлик совғаларини улашди.
Шунингдек, Рамазон ҳайити байрами муносабати билан туман ҳокими Шерзод Қудратов туман сектор раҳбарлари ҳамда туман бош имом хатиби билан биргаликда тумандаги ёши улуғ нуронийлар ҳолидан хабар олиб, ҳайитлик совғаларини улашишди. Раҳбарлар ташрифидан мамнун бўлган нуронийлар юртимиз тинч, осмонимиз мусаффо бўлишини, жонажон Ватанимизни, азиз халқимизни ўз паноҳида асрашини Яратгандан сўраб дуолар қилишди.
Туман ҳокимлиги томонидан туман деҳқон бозорида эзгуликка йўғрилган тадбир ташкил этилиб, фуқароларга байрам туҳфаси сифатида озиқ-овқат маҳсулотларидан иборат ҳайитлик улашилди. Бундай эзгуликка йўғрилган хайрия тадбирлари жамиятимизда меҳр-оқибат, одамийлик, эзгулик каби фазилатларни янада кучайтириши билан бирга барчани хайрли савоб ишлар сари ундайди.
Ютимизни фаровонлик, хонадонларимизни бахт ва қувонч ҳеч қачон тарк этмасин!
Ўз мухбиримиз.
Мавзуга оид:

Янги асар хабари
- 08 мар, 15:10

Янги асар хабари
- 25 фев, 16:00

Ҳадислар дунёси
- 19 фев, 14:42

Тадбирлар
- 27 ноя, 11:51