Матбуот анжумани ўтказилди

12 май куни туман Давлат хизматлари марказида туман ҳокимининг ёшлар сиёсати, ижтимоий ривожлантириш ва маънавий-маърифий ишлар бўйича ўринбосари С.Луқмонов, Ёшлар ишлари агентлиги туман бўлими бошлиғи М.Мусаевлар  иштирокида "Уюшмаган ёшларни тадбиркорликка ўқитиш борасида амалга оширилган ишлар" мавзусида матбуот анжумани ўтказилди. 
Оммавий ахборот воситалари вакиллари ва ижтимоий тармоқ фаоллари иштирок этган мазкур матбуот анжуманида  туманда уюшмаган ёшларни тадбиркорликка ўқитиш, касбга йўналтириш, асбоб-ускуналар билан таъминлаш орқали ўз-ўзини банд қилиш, уларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш борасида амалга оширилаётган ишлар хусусида берилган саволларига масъуллар томонидан батафсил жавоблар берилди.
Шунингдек, туман Мактабгача таълим бўлими мудири Чарос Ортиқова иштирокида ҳам матбуот анжумани ўтказилди. Унда  "Болаларни мактабгача таълим билан қамраб олишни кенгайтириш, мактабгача таълим хизматларидан фойдаланишни янада яхшилаш, уларнинг тўлақонли ҳаёт фаолияти учун қулай шарт-шароитларни таъминлаш юзасидан олиб борилаётган ишлар" мавзусида сўз юритилди.
Туман Маҳалла ва нуронийларни қўллаб-қувватлаш бўлими бошлиғи ўринбосари Ҳамидулло Қаршиев иштирокида журналист ва блогерлар учун ўтказилган матбуот анжуманида "Бир зиёли - бир маҳаллага маънавий ҳомий" мавзусида сўз юритилди. Хусусан, тумандаги 35 та маҳалла фуқаролар йиғинларига 2021 йилдан буён ҳар бир маҳаллага бир нафардан Тошкент давлат аграр университети Самарқанд филиалидан тажрибали ўқитувчилар бириктирилган бўлиб, ҳар ойда зиёлилар ўзларига бириктирилган маҳаллаларга боришиб, фаол кекса отахонлар билан биргаликда   ўқув семинарлари ва давра суҳбатлари ўтказишиб, ҳамжиҳатликда турли маънавий-маърифий тадбирлар ташкил этишаётганлиги ҳақида маълумотлар берилди. 
Туман Тиббиёт бирлашмаси бошлиғи Алижон Усанов иштирокида ташкил этилган матбуот анжуманида туман ҳудудида кундузги стационарларни ташкил этиш борасида олиб борилаётган ишлар ҳақида сўз юритилиб, аҳоли саломатлигини сақлаш йўлида кўрсатилаётган тиббий хизмат сифати ва самарадорлигини ошириш борасида амалга оширилаётган чора-тадбирлар ва келгуси режалар ҳақида журналистларга маълумотлар берилди. 
Тадбирда иштирок этган журналист ва блогерлар соҳага оид ўзларини қизиқтирган саволларига батафсил жавоб олишди.
Ўз мухбиримиз.