Педагогика

Шахсий фикр


ЁШ ПЕДАГОГЛАРГА ЭЪТИБОР КЕРАК

Яқинда мактабларнинг бирида  эндигина фаолиятини бошлаган ўқитувчи йигит ўз дардини айтиб қолди.

- Контракт асосида ўқиб олийгоҳни  яхши ниятлар билан битирдим. Қишлоғимиздаги мактабга ишга жўнатишди. Катта умидлар билан бордим. Аммо менга бор-йўғи олти соат дарс ажратишди. Ойлиги кам. Бошқа соҳада ишлай десам  қўлимда бошқа ҳунарим йўқ. Барча дарсларни пенсионер ўқитувчилар эгаллаб олган. Мактабимизда 12 нафар пенсиядаги педагоглар бор. Уларга бир нарса деб бўлмайди. Ҳаммаси бизни ўқитган.  Нима қилишга ҳайронман.

Очиғини айтганда, кейинги пайтларда бундай мурожаатлар кўпаймоқда. Бунинг сабабларидан бири ёшларимизда олий маълумот олишга, ўқитувчининг касбига қизиқишларининг ортиб  боришидир. Чунки Президентимиз томонидан ўқитувчиларнинг ойлик маошларини оширилиши ва қўшимча имтиёзларнинг берилиши бу соҳага ёшларнинг қизиқишларини оширмоқда.

Яқинда халқ таълими вазири Ш.Шерматов бугунги кунда  Ўзбекистонда 80 мингдан ортиқ ўқитувчи ортиқча эканлигини алоҳида таъкидлади. Бу рақам кўпми ёки оз? Ҳар ҳолда кам рақам эмаслиги бу бор гап. Хўш бунинг учун нима қилиш керак?  Яқин-яқинларгача  аёл ўқитувчилар 50 ёшдан, эркак педагоглар эса 55 ёшдан пенсияга чиқарилар, уларнинг ўрнига эса ёшлар қабул қилинарди. Бу усул ўзини  оқлаётган эди. Эндичи?  Ҳозир барча касбдаги аёллар 55 ёшдан, эркаклар эса 60 ёшдан пенсияга  чиқариладиган бўлди. Пенсияга  чиққан ўқитувчилар яна  мактабга қайтиб ишлай бошлашди. Бунинг сабаби улар ҳам ойлик олишади, ҳам юз фоиз пенсиясини олишадиган бўлишди. Ортиқча пул кимга керак эмас. Ваҳоланки, таълим соҳасида кадрлар  белгилангандан ҳам кўп эканлиги барчага аён. Шундай экан, бизнингча халқ таълими соҳасида меҳнат қилаётган аёл ўқитувчиларни худди аввалгидек 50 ёшдан, эркакларни  эса 55 ёшдан пенсияга чиқариш мақсадга мувофиқ бўлади. Пенсияга чиққанларни эса мактабларга қайтариш шарт эмасга ўхшайди. Тўғри айрим чекка қишлоқларда  фаол ўқитувчилар, кадрлар  етишмаса пенсионер ўқитувчилардан фойдаланиш мумкин. Агар аҳвол шу даражада давом этаверса олийгоҳларни битириб келаётган ўз касбига садоқатли бўлган ёшларимиз ишсиз қолишлари турган гап. Бу борада халқ таълими  вазирлиги, қолаверса меҳнат вазирлигидаги масъуллар ўйлаб кўришлари лозим. Чунки масалани чўзиб, пайсалга солиб бўлмаслиги барчага маълум. Шундай қилиш керакки, сих ҳам, кабоб ҳам куймасин.

                                                                            Йўлчи Муҳаммадиев