Мутахасис огоҳлантиради

ГАЗДАН ЗАҲАРЛАНГАНДА  

БИРИНЧИ ЁРДАМ КЎРСАТИШ

Маълумки, ёқилғи маҳсулотлари ичида бошқаларига нисбатан хавфлироқ бўлгани - бу табиий газ ҳисобланади. Табиий газнинг тўлиқ ёнмаслиги, газ оқимининг бехосдан узилиб қолиши, хона ичида газ тўпланиши, газни ёқиб, қаровсиз қолдириш, иситиш тизимларига газни улашда хавфсизлик қоидаларига риоя қилмаслик оқибатида портлаш ва ёнғин содир бўлиши ҳамда табиий газ ва ис газларидан заҳарланиш ҳолатлари билан боғлиқ бахтсиз ходисалар содир бўлиши мумкин. Натижада инсонлар турли хил тан жароҳатлари олишлари ёки ҳаётдан кўз юмиш ҳолатлари ҳам учрайди. 

Туман фавқулодда вазиятлар бўлими томонидан аҳоли ўртасида тушунтириш тар-ғибот ишлари олиб борилиб, барча ҳолатдаги заҳарланишларда аввало нималарга эътибор қаратилиши зарурлиги уқтирилмоқда. Жумладан, газдан заҳарланиш ҳолатлари кузатилган пайтда зудлик билан тез тиббий ёрдамни чақириш ва шифокор етиб келгунга қадар қуйидагиларни амалга ошириш керак:

- жабрланувчини зудлик билан газланган ҳудуддан тоза ҳавога олиб чиқиш ва қўл-  оёқларини кўтарилган ҳолатда ётқизиш;

- нафас олишига халақит берувчи барча нарсаларни йиғиштириш (тугмаларни ечиб ёқани очиш, камарни бўшатиш ва бошқалар);

- жабрланувчининг ухлаб қолмаслигини назорат қилиш. Жабрланувчини юргизиш тақиқланади. Нафас олмаётган бўлса, унга тоза ҳавода ёки ҳавоси яхши айланадиган хонада сунъий нафас олдиришни бошлаш лозим, жумладан нашатир спиртини ҳидлатиш, шунингдек, ҳушига келган вақтида йиқилиб, жароҳатланмаслиги учун чоралар кўриш;

- жабрланувчининг ҳолати яхши бўлса, иссиқ чой ёки қаҳва ичириш,кислород ёстиғи ёрдамида кислород бериш лозим бўлади.


Ис гази хонадонларимизда фойдаланиладиган табиий газнинг тўлиқ ёнмаслиги, кўмир ва органик моддаларнинг чала ёнишидан ҳосил бўладиган газдир. Ис гази инсон организмининг нафас йўллари ва нафас аъзоларига кучли таъсир қилиб,нафас йўллари орқали организмни, хусусан, марказий асаб тизимини зарарлайди. Ис газидан қатор органик моддалар синтез қилувчи корхоналарда, гаражларда вентиляция ёмон бўлганда, янги бўялган, шамоллатилмайдиган хоналарда, шунингдек, уй шароитларида табиий газ ёниб турганда ва печка билан иситиладиган уйларда печка қопқоғи ўз вақтида ёпилмаганда заҳарланиб қолиш мумкин.

Ис гази (углерод оксиди) рангсиз, ҳидсиз заҳарли газ. Кимёвий формуласи - CO. Ис гази ер юзида энергияни жадал ишлатилишидан юзага келадиган, табиатда энг кўп тарқалган заҳарловчи газлардан биридир. Қазиб олинадиган ёқилғиларнинг тўлиқ ёнмаслиги ис газининг бош манбаидир. У асосан кўмир, табиий газ ва бошқа ёқилғиларнинг тўлиқ ёнмасли сабаб юзага келади. Нафас олинувчи ҳаво таркибида 0,1% ис газининг бўлиши, ўлим ҳолатига олиб келиши мумкин.

Ис гази организмга тушганда у қон таркибидаги гемоглабин ва кислород ташувчи эритроцитларни ўзаро боғлаб, кислородни тана бўйлаб ҳаракатланишини чеклайди. Натижада инсон ҳушини йўқотади. 

Юқорида айтиб ўтилган фикрлардан ҳар бир тумандошимиз тўғри хулоса қилсалар,  оиласи ва маҳалладошларини ис газидан заҳарланишини олдини олишига ёрдам берган бўлади.

Норбек САЙДАНОВ,

туман Фавқулодда вазиятлар 

бўлими ФВДТваФМ фаолиятини 

ташкиллаштириш

хавфсизлик тарғиботи бўлинмаси бошлиғи, катта лейтенант.