Инсон одоби билан улуғ
ЮҚОРИ ТАШКИЛОТЛАРДА
ИШЛАЁТГАН ХОДИМЛАР САЛОМ БЕРИШНИ
БИЛИШМАЙДИМИ?
Буюк мутафаккир Абдулла Авлоний бундан юз йиллар илгари "Тарбия биз учун ё ҳаёт ё мамот..." деганида минг бора ҳақ эди. Чунки инсон дунёга келгандан сўнг, унга тарбия энг аввало ота-она томонидан берилади. Шу боис Президентимиз доимо ёшлар тарбияси долзарб масала эканлигини таъкидлаб келаётганлиги бежиз эмас.
Хўш, бугунги ёшларимиз оилада қандай тарбия олаяпти? Инсоннинг қандай тарбияланганлиги аввало унинг юриш-туришида, муомаласида намоён бўлади. Кузатишлардан маълум бўлаяптики, нуфузли ташкилотларда фаолият кўрсатаётган айрим ёшлар оддий саломлашиш одобини ҳам билишмайди. Фикримнинг исботи учун мисол келтирмоқчиман:
Яқинда тумандаги нуфузли бир ташкилотга касбим тақозосига кўра боришга тўғри келди. Мен учрашиш лозим бўлган ходим бошлиғининг хонасида экан. Кутдим. Хайрият, у чиқди. Мен мақсадимни тушунтиришга ҳаракат қилдим. У бўлса гапларимни эшитишни ҳам истамас, хаёли бош-қа жойда эканлиги сезилиб турарди. Охири сабрим чидамай сўрадим:
- Ёшингиз нечада?
- Нимайди?, - у беписандлик билан саволимга савол билан жавоб берди.
- Билмоқчи эдимда.
- Ёшим ўттизда, - деди у виқор билан.
- Ундай бўлса, менинг энг кичик ўғлимдан ҳам ёш экансиз, - дедим ҳамон сизлашда давом этарканман. - Аммо ўғилларим доимо ўзидан ёши катталарга салом беришга одатланишган.
- Бу ерга келиб-кетувчилар кўп бўлса, қайси бирига салом берамиз, - деди ходим истамайгина. - Биз шунга одатланиб қолганмиз.
Очиғи, йигитнинг бу гапидан бироз ранжигандек бўлдим. Бироқ, шу идоранинг бошлиғи билан учрашганимдан сўнг, бунинг асосий сабаби бошлиғида экан, деган фикрга келдим. Чунки ўша куни бошлиғи билан суҳбатлашганимда ҳам у гарчи мендан анча ёши кичик бўлсада, хонасига кирган заҳотим саломлашиш ўрнига "Хўш, хизмат?", дея кутиб олганди.
Хулоса қилиб айтганда, тумандаги айрим ташкилотларда меҳнат қилаётган ёш ходимлар саломлашиш одобини билишмайди. Демак, уларга ота-оналари томонидан тушунча, йўл-йўриқлар берилмаган. Шундай экан, ташкилотларнинг раҳбарлари ходимларига энг аввало ишга қабул қилаётганларида муомала маданияти ва саломлашиш одобларини ўргатишлари жуда зарур.
ЖЎШҚИН.

Тарихга бир назар
- 21 янв, 14:22

Оқдарё ижодкорлари
- 14 дек, 14:00

махсус-тактик машғулотлар
- 11 дек, 15:36