Шеърият саҳифаси

ХУШ КЕЛИБСАН

Қаҳратонга чечак билан найза тутган,

Тупроқларнинг кафти билан майса тутган.

Ҳар кўнгилга қувонч олиб келган баҳор,

Ёмғир билан осмонларга ойна тутган.


Янги умр, янги кунлар, янги баҳор,

Юрагимда туйғуларнинг жанги баҳор.

Юзларимга сурай энди бойчечакни,

Капалаклар қанотининг чанги баҳор.


Эй, йил боши, фасл боши баҳоргинам,

Юрагимни дарё қилган анҳоргинам.

Хуш келибсан, ҳушлик қилгин табаррругим,

Қиш бағрига тўкилмаган оҳоргинам.


Оқибат бер, муродларни чин сўз қилгин,

Шод кунларнинг эртасини эгиз қилгин.

Йўлларимга сочиб қўйиб чечакларни,

Наврўз қилгин ҳар кунимни Наврўз қилгин!

Наврўз ҲАСАНОВ.

МУҲАББАТ

Нигоҳингга бир назар солай,

Изн бергин, дардингни олай.

Қўлларингга ҳар кеч тутиб май,

Эй муҳаббат, ёнингда қолай.


Кўзларингни ёш этди кимлар? 

Юрагингни ғаш этди кимлар? 

Ва дийдангни тош этди кимлар? 

Эй муҳаббат, ёнингда қолай. 


Дунёсидан кечайлик дема, 

Самоларга учайлик дема. 

Ёлғиз қўймам сени, ғам ема, 

Эй муҳаббат, ёнингда қолай. 


Гарчи бағри куюккинамсан, 

ғзинг менинг суюккинамсан. 

Қиёси йўқ буюккинамсан. 

Эй муҳаббат, ёнингда қолай. 


Икки ёрти бутун бўлайлик, 

Бирга йиғлаб, бирга кулайлик. 

Ҳаётни бир синов билайлик, 

Эй муҳаббат, ёнингда қолай. 


Ҳасратларинг ўйлама, унут, 

Осмонимиз тарк этиб булут. 

Кўнглимиз ҳам бир кун бўлар бут, 

Эй муҳаббат, ёнингда қолай. 


Сўнг ёндириб мингта гўзални, 

Сенга ёзгум энг зўр ғазални. 

Топмам чунки сендан афзални, 

Эй муҳаббат, ёнингда қолай.


Шаҳноза РАСУЛОВА.


О Н А

Она мўътабардир, она буюк зот,

Юртга тинчлик тилаб дуолар қилар.

ғзи минг қийналиб чекса ҳам фарёд,

Фарзандига доим саодат тилар.


Дунёга келтириб не-не зотларни,

Олим-у шоирни, шоҳ-у гадони.

Меҳрини аямас, қилар тарбия,

ғргатар барча тўғри-хатони.


Фақат онага хос бир ҳислат бордир,

Меҳри ўлчанмайди, унинг ҳеч қачон.

Уларнинг қучоғи дунёга тенгдир,

Ҳар бир фарзандига бирдек меҳрибон.


Агар ҳаётингда қилсанг хатолар,

Излайсан кимдандир нажот ва паноҳ.

Ёр-у дўстларинг ҳам сендан йироқлар,

Ёлғиз онанг сенга бўлади ҳамроҳ.


Баъзида уларни хафа қилсанг ҳам,

Сенинг қувончингни доим ўйлайди.

Тунлари уйқусиз бедор бўлса ҳам,

Келишингни кутиб, йўлинг пойлайди.


Топилар бойлигу, мансабу, ҳурмат,

Онангиз қадрига етинг эй дўстлар.

Яшасин кўриб роҳат-фароғат,

Онангиз ҳаётга бир марта келар.


Тириклик чоғида асраб-авайланг,

Узоқ умр тилаб доим эъзозланг.

Дунёда боқийдир асл ҳақиқат,

Оналар оёғи остида Жаннат.


Оилам, болам деб тиним билмаган,

Онани улуғлаб сўзлар етмаган.

Шоирлар таърифин тугатолмаган,

Она мўтабардир, она буюк зот!


Озода Қурбонмуродова.


СОҒИНЧ

Мени оташ бўлиб қучади шаҳар,

Тун-у кун излайман соғинчга малҳам.

Мен учун кулчалар ёпар ҳар саҳар,

Олис қишлоқдаги онажонгинам.


Бунда хаёлларим билмайди сарҳад,

Шаҳар шовқини гоҳ ўғирлар тинчим.

Юрак-юрагимни ўртайди фақат,

Олис қишлоқдаги онам соғинчи.


Баланд биноларга бойланди қалбим,

Авради шаҳарнинг қалдирғочлари.

Кун сайин оқариб борар тонг каби,

Олис қишлоқдаги онам сочлари.


Энг баланд дорларга чўздим қўлимни,

Дилни осонгина алмашдим тошга.

Ҳеч ким тушунмади менинг кўнглимни,

Олис қишлоқдаги онамдан бошқа.


Зилдай соғинчларни елкамга илиб,

Шаҳар баҳо қўшар қадрим нархига.

Жуда кетгим келди болакай бўлиб,

Олис қишлоқдаги онам бағрига.


Майли тарк этмасин мени соғинчим,

Майли ғам ўртасин синиқ жонимни.

Оллоҳим, паноҳ бўл, асра мен учун,

Олис қишлоқдаги онажонимни.

Фарҳод Рўзиев.


Мавзуга оид:
Қарорлар

Қарорлар

  • 23 ноя, 15:07