Кўчадаги муаммо

Таҳририятга келган мурожаатлар

ҲОЛИ ХАРОБ КЎЧАЛАРГА ҚАЧОН ЭЪТИБОР БЕРИЛАДИ?

«Примкент» маҳалласи Ўтарчи қишлоғининг асосий кўчаси таъмирталаб эканлиги, ёз фаслида чанг-тупроқ, қишда эса лой бўлиши қишлоғимиз аҳолисини чуқур ташвишга солмоқда. Қишлоқ йўлининг 3 километргача бўлган масофадаги қисмига  (асфальт ҳақида орзу ҳам қила олмаймиз) тош ётқизилса ҳам бошимиз кўкка етган бўлар эди. Шу вақтга қадар бизнинг арз-додимизга бирор бир мутасадди эътибор бергани йўқ. Бу ҳоли хароб кўчамизнинг бугунги ҳолати қисман бўлсада, ушбу фотолавҳада ҳам яққол кўриниб турибди. 

Ёмғирли ва қорли кунларда йўлимиз жуда балчиқ ҳолатга келиши барча йўловчилар учун ноқулайликлар ва муаммоларни юзага келтираётганлиги аҳолининг ҳақли эътирозига сабаб бўлмоқда. 

Шунингдек, қишлоғимизнинг қабристонга бориш йўли ҳам аянчли лой кўча ҳисобланади. Ижтимоий тармоқлар, қолаверса, туманимиз кўзгуси ҳисобланган "Оқдарё овози" газетасида чоп этилган  танқидий мақолалар орқали туманимиз маҳаллаларидаги кўчаларда олиб борилаётган ободонлаштириш ишларини мунтазам кузатиб бормоқдаман. 

Шундай экан,  бизнинг асосий муаммоларимиздан бири бўлган Ўтарчи қишлоғининг йўли ҳам яқин орада таъмирланишидан албатта умидвор бўлган ҳолда бу борадаги ечимни тегишли масъуллардан кутиб қоламиз.


Бир гуруҳ ҳамқишлоқлар номидан Сафар Мамадалиев,

Примкент маҳалласи

 Ўтарчи қишлоғи.


Мавзуга оид: