Инсон азиз - хотира муқаддас ОҚДАРЁДА ШУНДАЙ ОНАХОН БОР ЭДИ

Менинг бу ҳикоям ўша машъум уруш йиллари ва урушдан кейин ҳам ўзининг ҳалол меҳнати билан бутун республикамизга танилган Ленин номли колхоз (ҳозирги Зарафшон жамоа хўжалиги) раисаси Турдиой Бекназарова ҳақидадир.
Турдиой Бекназарова 1923 йил Оқдарё туманининг Муллахўжа қишлоғида туғилган. Ёшлигиданоқ меҳнатсеварлиги, қатъиятлилиги, тўғрисўзлиги ва самимийлиги билан ўз тенгдошларидан ажралиб турадиган фазилатларга эга бўлганлиги боис, халқ меҳрини қозонган. Унинг ақлу-фаросатга, кенг дунёқарашга, ғайрат-шижоатга тўлган ўсмирлик даври 1941 йилда бошланган иккинчи жаҳон уруши йилларига тўғри келди. Уруш йилларида, хусусан, 1939 йилдан бошланган қизил армия сафини ҳимоячи аскарлар билан тўлдириш бошланиши муносабати билан қишлоғимизнинг Турдиой тенги ўсмир йигитлари армия сафига жалб қилина бошланди. 1941-1943 йилларда айниқса, барча армия хизматига яроқли бўлган ўсмир йигитлар-у, ўрта ёш эркаклар ҳам Ватан ҳимоясига отланишди. Колхоздаги асосий юмушлар, дала ишлари хотин-қизлар зиммасида қолди.
Турдиой Бекназаровадаги йигитларга хос ғайрат-шижоат, ғурур ва меҳнатсеварлик фазилатлари туфайли уни колхозда звено бошлиғи вазифасини бажаришга ундади. Кейинчалик колхоз раҳбарлари Турдиой Бекназаровани бригада бошлиғи этиб тайинладилар. Колхоз ишларини уддалаб, пахта етиштиришда илғорлар сафида бўлди. Шунингдек, колхозчиларни зарбдорлик ишларига сафарбар этишда, фронт ортини  мустаҳкамлашда жонбозлик кўрсатди. Шу сабабли туман раҳбарлари Турдиой Бекназаровани 1951 йили Самарқандга колхоз раисларини тайёрлаш ва малакасини ошириш учун 1 йиллик курсга ўқишга юборадилар.1952 йил бу курсни муваффақиятли битириб келган Турдиой опани раҳбарлик лаёқати борлигини сезган туман раҳбарияти "Янгикент" қишлоқ кенгаши (сельсовети) раиси вазифасига тайинладилар.
Ўзига топширилган вазифага сидқидилдан киришган Турдиой Бекназарова қишлоқ фуқароларининг дарди билан яшай бошлади. Урушдан қайтмаган эркакларнинг аёлларига, оила аъзоларига ҳам моддий, ҳам маънавий кўмак бериб турди. Кунларни тунга, тунларни кунга улаб, бор куч-ғайратини қишлоқ аҳолисининг муаммоларини ҳал қилишга, фаровон турмуш тарзини яратишга қаратди. Мазкур вазифада қарийб ўн йил ишлаб, 1960 йилдан Ленин номли (ҳозирги Зарафшон жамоа хўжалиги) колхозга раис этиб тайинланди.
Меҳнатда чиниққан, қишлоқ хўжалик ишларини чинакам мутахассисига айланган Турдиой Бекназарова қўриқ ерларни, хусусан, Бурганли, Найман, Қўтирбулоқ, ўалаба қишлоқ ерларини чакалакзорлардан, тўқайзорлардан тозалаб, пахта майдонларига айлантиришда, пахтадан мўл ҳосил етиштириб, вилоятда пешқадамлар сафида жонбозлик кўрсатишда бор имконият ва маҳоратини ишга солди. 
Турдиой опанинг жасоратли меҳнатларини қишлоқ аҳли ўзгача ҳурмат билан эсга оладилар. У киши фақатгина қишлоқ хўжалиги ишлари билангина банд бўлиб қолмасдан, қишлоқ ёшларини келажаги учун сидқидилдан қайғурадиган ҳокисор инсон эди. Ёшларнинг илм-фанни эгаллашлари учун барча имкониятларни ишга солиб, олий ўқув юртларини тугатиб келган ёшларни ўз мутахассисликларига оид иш билан таъминлашга жиддий эътибор қаратганлар.
Турдиой Бекназарова бир неча марта туман кенгаши депутати ва республика кенгаши депутати этиб сайланиб, депутатлик ваколати доирасида Оқдарё туманида катта ишларни амалга оширишга эришди. Жумладан, ночор оилаларга кўмак бериш, йўлларни асфальтлаш, янги мактаблар ва боғчалар қуриш, таъмирталабларини таъмирлаш, жамоа хўжалигини электр энергияси билан таъминланишига муносиб ҳисса қўшди.
Турдиой Бекназарова ер билан тиллаша оладиган билимга, тажрибага эга бўлди. Пахта майдонларидан олинган ҳосил гектарига 20-27 центнер ўрнига 30-35 центнерга кўтарилди. Халқнинг даромади ўсиб, турмуш тарзи янада фаровон бўлишига имкон яратилди. Турдиой опанинг раислик йилларида хўжаликда иқтисодий ўсиш юксалиб, аҳолининг турмуш маданияти яхшиланган. Равон йўллар, дала шийпонлари, хўжалик идораси, ошхона, техника саройлари ва бошқа маиший хизмат бинолари барпо қилинди. У ҳақли равишда халқ ва миллат дарди, ҳасрати ва эртанги кежалажаги билан яшади. Бир зум бўлсада, ўзини уларнинг ташвишларисиз тасаввур эта олмасди. Асосийси, у мамлакатимиз равнақи, халқимиз бахт-саодати йўлида фидокорона меҳнат қилди. Қилган меҳнатлари эвазига муносиб рағбат сифатида "Меҳнат Қизил Байроқ" ордени, "ҳурмат белгиси" ордени, "Октябрь революцияси" ордени ва яна бир қанча орден ва медаллар, кўплаб фахрий ёрлиқлар, ташаккурномалар, қимматбаҳо совғалар (жумладан енгил автомашина) билан тақдирланган эди.
Оқдарё туманидаги 19-ўрта мактабда қарийб 31 йил давомида мактаб директори вазифасида ишлаган Эркин ака Равшанов Турдиой опа ҳақида шундай хотирлайди:
- Турдиой опа жуда қатъиятли, шижоатли, меҳнатсевар ва ғурурли инсон эди. ар қандай ишни бажараман, дедими, уни албатта, бажарар эди. Мен ишлаган 19-ўрта мактабни қурилиш лойиҳасини ҳам типовой қурилишига бош-қош бўлиб, биринчи ғиштини ҳам ўзлари қўйиб берганлар. Туман марказидан мактабгача бўлган ҳозирги йўлларимизни асфальт қилиш ҳам опамизнинг ташаббуси билан амалга оширилган. Опа жуда ҳаракатчан, тиниб-тинчимас аёл эдилар. Агар у киши мустақиллик давригача яшаганларида эди, улардаги шижоатни, меҳнатсеварликни, қатъиятни кўрган ёшларимиз улардан ўрнак олишга интилар эди. озирги ёшларимизга ишонч катта.
Агар 1973 йил колхоз фермасига ўт кетмаганда эди, Турдиой Бекназарова мустақиллик даврини кўрган бўлар эди. Раиса опамиз бу шум хабарни эшитибоқ фермага борган, у ердаги ёнғинни кўриб, молларни, отларни ёниши-ю, азоб еб бақираётганлигини кўриб қон босими ошиб кетган ва ўша ернинг ўзида йиқилиб, инсульт бўлган. Бу ёнғин дўстдан бўлганми, душманданми, бунинг сабаби аниқланмаган. Шундан сўнг опа бетоблиги сабаб ўз ишини - раислик вазифасини топширдилар,- дея сўзини тугатди Эркин ака.
Ана шу машъум воқеадан сўнг Турдиой Бекназарова жуда кўп даволанишлар ёрдамида оёққа туради ва келин олиш тараддудига тушиб қолади. Бу йигит ўз тарбиясига олган синглисининг ўғли Исмоилов Исматилло эди. 1973 йил ўқишимни сиртқи бўлимга айлантириб, 19-ўрта мактабга ишга кирган йилларим эди. Исматилло акадан менга   совчи борди. Ота-онам, акаларим мана шу аёлнинг ҳурматини қилишиб, тўйга розилик беришди. 1974 йил 29 март куни тўйимиз бўлиб ўтди. Мен нотаниш хонадонга келин бўлиб тушган эдим. Лекин хонадон эгалари жуда очиқкўнгил, меҳрибон инсон эдилар. Менинг қайнонам - раис онажоним жуда дилкаш, меҳрибон аёл эди. Онажоним - қайнонам менинг ўқишим учун ҳам, ишлашим учун ҳам шарт-шароит яратиб берган эди.
1974 йил октябрь ойининг охирларида онажоним соғлигини тиклаш мақсадида Самарқанддаги раҳбарлар даволанадиган шифохонага ётди. Минг афсуски, бу касалхонада у кишининг касали оғирлашиб, уйга жавоб бериб юборишди. Бир ойдан ортиқ вақт давомида туман шифокорлари уйга қатнаб даволадилар. Лекин натижа бўлмади. Онажонимизнинг аҳволи тобора оғирлашди. 1974 йил 13 декабрь куни 51 ёшида бу ёруғ дунёни тарк этди. Фотиҳага келган инсонларнинг барчаси у кишининг меҳрибон, оқила аёл бўлганликларини таъкидлаб, жуда эрта вафот этганликларини айтиб қаттиқ қайғурдилар. Раис онажоним мени не умидлар билан келин қилдилар-у ҳузур-ҳаловат кўрмасдан, набиралар суймасдан бизни ташлаб кетдилар. Онажонимнинг менга қилган охирги васиятлари шундай эди:
- Мен сени келин эмас, қизим деганман. Сен атрофдагиларга кўп ҳам ишонавермагин, ўзингни эҳтиёт қилгин. Мағрур бўлгин, болам. Агар ўзингни ночор кўрсатсанг, баъзи инсонлар борки, сени эзишни истайди. Сени ёлғиз ташлаб кетяпман, афсус. Орзуларим кўп эди, неваралар боқаман деган эдим. Уларни сенга бермасдан ўзим катта қиламан, деб юрардим. Афсус, насиб қилмади болам.
Раҳматни ҳам уйлантира олмадим, сенга яхшигина овсин тушсин илоҳим. Опа-сингилдай бўлинглар, ёлғизлигинг билинмайди болам. Ота-онанг, опанг, акаларинг яхши одамлар, сени ёлғизлатиб қўймайдилар, лекин, барибир эҳтиёт ва ҳушёр бўлгин. Менинг сингилларим, жиянларим келганида очиқ чеҳра билан кутиб олгин. Дастурхонинг доимо очиқ бўлсин. Мени маъракаларимга қиммат бўлса-да, сифатли нарсалар олинглар, нозик меҳмонлар кўп келади. Мен сенга ишонаман, уйимни чироғи сенсан болам".
Бу гапларингиз ҳамон ёдимда онажон. Сизни ҳеч қачон унутмайман, сизнинг васиятингизга амал қилиб келдим, бундан кейин ҳам сўзларингизни ҳеч қачон унутмайман:
Мени келин қилган меҳрибон аёл,
Оқила, самимий эди бир дилкаш.
Лекин қалби тўла ғам-алам эди,
Соғлигин йўқотган, йўқ эди дардкаш.
Мен билан овунди онажонгинам,
Қувонсам қувонди, кулсам гар, кулди.
Энди мен яшашим керак дедилар,
Қалблари қувончга, нурларга тўлди.
Лекин афсус, ҳаёт бешафқат экан,
Онажоним орзуси бўлди-ку армон.
Набира суймасдан, уни кўрмасдан,
Бизни ташлаб кетди она меҳрибон.
Қайнонамас, менга она эдилар,
Қизим деб, эркалаб мени суярди.
Ёш деб, авайларди ширин сўз билан,
Ўғлини мен учун койиб қўярди.
Онажон! Жойингиз бўлсин жаннатда,
Номингиз унутмам, эканман ҳаёт.
Сиз менинг қалбимда яшайсиз мангу,
Шеърларимда яшайсиз доим
                                               барҳаёт.
 Онажонимдан боғлар, гуллаб-яшнаётган янги очилган далалар, текис равон йўллар хотира бўлиб қолди. Барча қишлоқ аҳли: "Мана шу асфальт ётқизилган йўллар Турдиой опамизнинг саъй-ҳаракатлари билан бўлган, у кишидаги шижоат ҳозирги ёшларимизда бўлса эди, қишлоғимиз, маҳалламиз гуллаб-яшнаб кетарди. Эҳ-ҳе, қанча-қанча одамларга ёрдами теккан бу аёлни",- дея эслашади.
Онамдек меҳр бериб,  ҳаёт дарсини берган бу аёлда, чинакам сабр, садоқат, матонат, ўзбек аёлларига хос бўлган иффату-диёнат, шиддат, жасорат бор эди.
Ўша жасорат менга куч берарди, сабрли бўлишга, ҳаёт қийинчиликларига чидашга, қийинчиликлар олдида букилмай, енгилмай мардонавор бўлишга ўргатган экан, энди билсам.
Кўпчиликнинг қалбидан жой олиб "опа-хон"га айланган бу буюк қалб эгасининг руҳи поки олдида доимо таъзимдаман. Қачонки, маҳалладошлар орасида бу аёл ҳақида сўз кетганда, "Жойлари жаннатда бўлсин, илоҳим", дейилади. Ушбу сўзларни эшитар эканман, қалбимда ғурур билан онажонимнинг руҳи покларига дуо қилиб шундай дейман:
Онажон жойингиз жаннатда бўлсин,
Қабрингиз доимо нурларга тўлсин.
Руҳингиз ҳамиша биз билан бирга,
Оллоҳим охират ободлигин берсин.
Адолат АБДУЛЛАЕВА,
Халқ таълими фахрийси.
Мавзуга оид: