Хотира муқаддас

САМИМИЙ ВА КАМТАРИН ИНСОН ЭДИ

Одамлар борки, тиригида ўликдир,

Одамлар борки, ўлганида ҳам тирикдир.

Мақсуд Шайхзода.


Жамол ака билан  бундан 48 йил муқаддам - 1973 йилнинг август ойи охирларида танишган эдим. У пайтда газетамиз "Ленинизм йўлидан" номи билан чоп этилар, таҳририят Даҳбедда жойлашганди. У пайтлари мен корректор бўлиб ишлардим. Кечки пайтлар эди. Котиба қиз муҳаррир хонасига чақираётганлигини айтди. Муҳаррир хонасига кирганимда 22-23 ёшлардаги тўладан келган, кўринишидан спортчиларни эслатадиган кенг келбатли йигит ўтирарди.

- Бу киши сен билан менинг ҳамкасбимиз ва юртдошимиз Жамол Турсунов бўлади, - деди муҳарриримиз Мамараҳим Мардиев, у киши томон ишора қилар экан. - ҳозир "Ленин йўли" газетасида ишлайди…

Шу тариқа ўша кундан бошлаб Жамол ака билан худди ака-укадек бўлиб кетдик. У киши Самарқанддан қайтишда таҳририятга кирган пайтларда дилдан суҳбатлашардик. У пайтлари мен эндигина мактабни битириб ишга борган кунларим эди. Шу боис газетанинг сир-асрорларини ҳали яхши билмас ва тушунмасдим. Бир куни у киши сўраб қолди.

- ҳозир бу ерда ишлаяпсан, келгусида журналист бўлмоқчимисан?

- ҳа, албатта, - дедим мен у кишининг саволига жавоб бериб.

- Сенга очиғини айтишим керак, - деди у киши кўзларини бир нуқтага тикканча. Бу касб инсондан катта куч-ғайратни, сабр-тоқатни ва фидойиликни талаб қилади. Бундан ташқари, ойлик маошларимиз ҳам унчалик кўп эмас. Кўп қийинчиликларга чидашга тўғри келади. Энг муҳими, бизнинг касбимизда ўртамиёналик деган нарса бўлмаслиги керак. Журналист бўлдингми, қаламинг орқали сени халқ танийди. Шу орқали элда обрў-эътибор қозонасан. Бу ҳамиша ёдингда турсин.

Албатта, Жамол аканинг бу насиҳатлари менга далда бўлиш билан бирга масъулият ҳам юклади. Шу боис бу соҳанинг сир-асрорларини қунт билан ўрганишга киришдим. Шу орада журналистика факультетига кириб ўқидим. Ўшанда ҳам доимо Жамол аканинг сўзлари қулоғим остида жарангларди.

Худди кечагидек эсимда. 1990 йиллар эди. Ўша йили республикамизда Олий Мажлисга ва маҳаллий кенгашларга сайловлар ўтказилди. Буни қарангки, вилоят кенгаши депутатлигига Лойиш округидан 7 нафар номзод кўрсатилди. Номзодлар орасида тумандаги йирик ва нуфузли ташкилотларнинг раҳбарлари ҳам бор эди. Улар қаторида мен билан Жамол аканинг номзоди ҳам кўрсатилганди. Сайлов жуда шиддатли курашлар остида ўтди. Биринчи босқичдаёқ 5 нафар рақибимиз сайловдан чиқиб кетди. Фақатгина мен билан Жамол ака иккинчи   босқичга қолдик. Ўшанда Жамол аканинг сайловолди учрашувлари, одамлар билан қилган учрашувларидаги маърузаларига гувоҳ бўлганман. Ўзининг самимий ва содда, халққа яқин сўзлари билан одамлар ҳурматига сазовор бўлганди. Шу боис бир овоздан Жамол Турсунов Лойиш сайлов округидан вилоят кенгашининг депутатлигига сайланди. Депутат сифатида ҳам у киши самарали ва намунали фаолият кўрсатганлигини алоҳида таъкидлашни истардим. Шанба ва якшанба кунлари Лойишга ташриф буюриб, оқсоқоллар ва фаоллар билан учрашиб мавжуд бўлган муаммоларни ҳал қилиш йўлларини маслаҳатлашарди. Бир сўз билан айтганда, беш йил давомида фидойи ва халқпарвар депутат сифатида из қолдирди. У кишининг орзулари кўп эди. Афсуски, шафқатсиз ўлим ўз касбининг чинакам фидойиси бўлган бу инсонни орамиздан эрта олиб кетди.

Агар ҳаёт бўлганларида шу кунларда биз барчамиз у кишининг табаррук 70 ёшини нишонлаган бўлардик. Нима ҳам дердик, ўлим ҳақ. Ҳар бир киши тақдирдан қочиб қутула олмайди. Бизга таскин берадиган нарса шуки, Жамол аканинг орзуларини унинг фарзандлари давом эттиришмоқда. Оқдарёликлар ҳам доимо ўзининг ана шундай эл фаровонлиги йўлида хизмат қилган ҳақиқий фарзанди билан ҳақли равишда фахрланадилар. Биз ҳамиша бу инсонни қалбимизда доимо ардоқлаймиз. У кишининг охиратлари обод бўлсин.


Йўлчи МУҲАММАДИЕВ.

Мавзуга оид: