Тадбиркорлик субъектлари давлат ҳимоясида
Барчамизга маълумки, жорий йилнинг январь ойида мамлакатимизда ҳаво ҳароратининг кескин совиб кетиши оқибатида барча фуқаролар қатори тадбиркорлик субъектларининг фаолиятига ҳам ўзининг салбий таъсирини кўрсатди.
Шу сабабли қийинчиликларга дуч келган тадбиркорлик субъектларини қўллаб-қувватлаш ва фаолиятини жадал қайта тиклаш мақсадида 2023 йил 3 февраль куни Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Ҳаво ҳароратининг кескин совиб кетишининг иқтисодиётга салбий таъсирини камайтириш учун тадбиркорлик субъектларини қўллаб-қувватлаш чора-тадбирлари тўғрисида"ги ПҚ-43-сонли қарори қабул қилинди.
Қарор талабларига кўра, тадбиркорлик субъектларининг 2023 йил 1 январга нисбатан 1 февраль ҳолатига ошган (ҳосил бўлган) солиқ қарзини 2023 йил 1 мартдан 1 июлга қадар фоизларсиз, қўшимча шартлар қўймасдан ва таъминот талаб этмасдан тенг улушларда бўлиб-бўлиб тўлашга рухсат берилган.
Бу борада, Солиқ қўмитасига солиқ қарзини бўлиб-бўлиб тўлаш имкониятини бериш тўғрисидаги аризаларни 5 кунгача муддатда кўриб чиқиш вазифаси юклатилган. Шунингдек, тадбиркорлик субъектларининг солиқ қарзига пеня ҳисоблаш 2023 йил 1 апрелга қадар тўхтатилган.
Ташқи савдо операциялари бўйича муддати ўтган дебитор қарздорлик учун хўжалик юритувчи субъектларга жарималар қўлланилиши, шунингдек, мазкур қарор кучга киргунига қадар қўлланилган жарималар ундирилиши 2023 йил 1 апрелга қадар тўхтатилди.
Бундан ташқари, тадбиркорлик субъектларига 2022 йил декабрь ва 2023 йил январь-февраль ойларида давлат мулкидан фойдаланганлик учун ижара тўловларини 2023 йил 1 мартдан бошлаб 1 июлга қадар тенг улушларда бўлиб-бўлиб тўлашга рухсат берилди.
Давлат мулкидан фойдаланиш юзасидан 2022 йилдан буён амалда бўлган ижара шартномалари бўйича ижара тўловлари миқдори 2023 йил 1 апрелга қадар ўзгаришсиз қолдирилди. Тадбиркорлик субъектлари томонидан бўлиб-бўлиб тўлаш шарти билан сотиб олинган давлат активлари бўйича 2022 йил декабрь ва 2023 йил январь ойларида тўланиши лозим бўлган тўловлар, шу жумладан дастлабки тўлов тўланмаганлиги учун фоизлар ва пенялар ҳисоблаш 2023 йил 1 апрелга қадар тўхтатиб турилиши белгиланган.
2022 йил декабрь ва 2023 йил январь ойларида давлат харидлари доирасида тузилган шартномалар шартлари ҳаво ҳароратининг кескин совиб кетиши туфайли бажарилмаганлиги учун тадбиркорлик субъ-ектларига давлат буюртмачилари (шу жумладан, устав фондида давлат улуши 50 фоиз ва ундан юқори бўлган корхоналар) томонидан жарима ва пенялар қўлланилмайди. Ҳаво ҳароратининг кескин совиб кетиши оқибатида қийинчиликларга дуч келган тадбиркорлик субъектларига нисбатан 2023 йил 1 апрелга қадар давлат фойдасига ундирувлар билан боғлиқ суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларининг мажбурий ижроси тўхтатиб турилади.
Энг асосийси, Президент қарори билан Марказий банк тижорат банклари билан биргаликда жорий қиш мавсумида ҳаво ҳароратининг кескин совиб кетиши туфайли талафот кўрган тадбиркорлик субъектларининг:
- кредитлари бўйича 2023 йил январь - март ойлари учун тўловлар муддатини 2023 йил 1 июнга қадар узайтириш;
- муддати ўтган кредитларига жарима санкциялари ва гаров таъминоти бўйича 2023 йил 1 апрелга қадар ундирув чораларини қўлламаслик;
- фаолияти узлуксизлигини таъминлашга, шу жумладан вақтинчалик пул оқимларидаги узилишларини қоплаш ва айланма маблағларини тўлдиришга йўналтирилган қисқа муддатли (револьвер) кредит маҳсулотларини олдиндан маъқулланган (модул) қарорлар асосида таклиф этиш;
- носоз ҳолга келган асосий воситаларини таъмирлаш учун кредитлар ажратиш;
- кредит бюроларида кредитлари бўйича тўловлар муддатининг узайтирилишини уларнинг кредит тарихи ва скоринг кўрсаткичларини текширишда инобатга олмаслик бўйича тегишли чоралар кўриш вазифаси юклатилган.
Шунингдек, тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлаш давлат жамғармасига тадбиркорлик субъектларига ҳаво ҳароратининг кескин совиб кетиши оқибатида носоз ҳолга келган асосий воситаларни таъмирлаш учун ажратилган кредитлар бўйича:
- кредит суммасининг 50 фоизигача (50 фоизи ҳам киради), лекин умумий қиймати 2,5 млрд. сўмдан ошмаган миқдорда кафиллик бериш;
- фоиз ставкаси Марказий банк асосий ставкасининг 1,5 бараваридан ошмайдиган кредитлар бўйича фоиз ставкасининг Марказий банк асосий ставкасидан ошадиган, бироқ асосий ставканинг 30 фоизидан кўп бўлмаган қисмини қоплаш учун кредитнинг бутун даври, бироқ кредит олинган кундан бошлаб 24 ойдан ортиқ бўлмаган муддат давомида компенсация тақдим этилиши белгиланган.
Бундан ташқари қатор вазирликларга, жумладан, Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлигига, Иқтисодиёт ва молия вазирлигига, Энергетика вазирлигига, Қишлоқ хўжалиги вазирлигига, манфаатдор вазирликлар билан биргаликда энг кўп талафот кўрган тармоқларга жорий йилнинг I чорагида қўшимча манзилли ёрдам кўрсатиш чораларини кўриш вазифаси топширилган.
Юқоридагиларга асосан, шартнома шартларини бузилишига ҳаво ҳароратининг кескин совиб кетиши сабаб бўлиши натижасида кўрилган зарар ёки бошқа ҳуқуқий оқибатларни томонлар ўртасида ўзаро тинч йўл билан ҳал қилиш имконияти топилмаса, низони ечимига фақат ҳаво ҳароратининг кескин совиб кетишини "Форс-мажор" ҳолати деб топиш тўғрисида сертификат олишнинг зарурияти туғилган тадбиркорлик субъектлари ёзма ариза билан Савдо-саноат палатасининг Самарқанд вилоят ҳудудий бошқармасига ёки палата ходимларининг 99.770-05-22, 91.548-76-70 телефон рақамларига мурожаат қилишлари мумкин.
Э.РЎзиев,
Ўзбекистон Республикаси
Савдо-саноат палатаси Самарқанд вилоят ҳудудий бошқармаси бошлиғи ўринбосари.

Янги асар хабари
- 11 мар, 17:02

Янги асар хабари
- 08 мар, 15:10

Янги асар хабари
- 01 мар, 00:05

Тадбиркорлар хизматида
- 05 фев, 11:30