ТИББИЁТДАГИ ИСЛОҲАТЛАР-ИНСОН ҚАДРИ УЧУН

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022 йил 16 июндаги "Аҳолига тез ёрдам кўрсатиш тизимини такомиллаштириш тўғрисида"ги 283-сонли қарори асосида аҳолига тез ва шошилинч тиббий ёрдам кўрсатишни янада яхшилаш чора-тадбирлари белгилаб берилди. Шунингдек, 2022 йил 18 март куни Ўзбекистон Республикаси Президентининг соғлиқни сақлаш соҳаси вакиллари билан "Тиббиётдаги ислоҳотлар - инсон қадри учун" мавзусидаги очиқ мулоқоти доирасида белгиланган вазифалар ижросини таъминлаш мақсадида қуйидаги ишлар амалга оширилди.
Мазкур қарор асосида туман "Тез тиббий ёрдам кўрсатиш бўлими" республика тез тиббий ёрдам Самарқанд филиали Оқдарё станцияси деб ўзгартирилди. ҳозирги кунда туманимиз аҳолиси томонидан бўлаётган чақириқлар 103 рақамга тўғридан-тўғри шаҳар орқали боғланмоқда. Туманда Республика тез тиббий ёрдам маркази ва унинг 14 та ҳудудий филиали тез тиббий ёрдам хизмати ҳамда тиббий автохўжаликлар негизида ташкил қилинди. Тез тиббий ёрдамнинг ягона вертикал тизими йўлга қўйилди. Оқдарё туман станциясидаги ҳар бир бригада учун планшетлар ажратилди. Чақириқларни узатувчи ходимлар ҳам компьютер ва планшетлар билан таъминланди. Натижада чақириқларга етиб бориш 3-4 дақиқага қисқарди. Чақириқ бригадамиз беморга етиб боргунга қадар вилоят Call марказ томонидан бемор ва бемор яқинларига тиббий маслаҳатлар бериб борилади. Шунингдек, Республика тез тиббий ёрдам Самарқанд вилояти директори Д.Тоғаев раҳбарлигида чет эл (корея) мутахассислари томонидан медицина ходимларимиз учун ўқув машғулотлари ташкил қилинган бўлиб, ходимларимиз навбат асосида ўз малакаларини ошириб келишмоқда.
ҳозирги вақтда аҳолига кўрсатилаётган Вертикал тизимнинг фойдали томони шундаки, беморга қайси бригада яқин бўлса ёки бўш бўлган бригадалар беркитилади. Бугунги кунда туман станциясида 46 нафар малакали шифокор, 101 нафар фельдшер, 64 нафар ҳайдовчи туманимиз аҳолисига беминнат хизмат кўрсатиб келишмоқда. Бўлимда фаолият кўрсатиб келаётган тажрибали шифокорларимиз, қўли эм фельдшер ва ҳамшираларимиз туманимиз халқининг саломатлигини муҳофаза қилиш, дардига малҳам топишдек эзгу мақсад йўлида кунларни тунларга, тунларга эса тонгларга улаб астойдил ҳаракат қилаётирлар. Бу борада тез ёрдам станциясининг тажрибали шифокорларидан М.Нарзиқулова, Э.Рашидов, С.Тошбекова, А.Сувонов, фельдшерлардан З.Турсунмуродова, В.Нарзиқулова, Ш.Шарипов, Э.Эргашов, Н.Раҳматов, М.Абдуллаева сингари оқ халатли фидойи шифокорларнинг номларини алоҳида тилга олса арзийди. 
Халққа хизмат - олий ҳиммат, дейишади дона халқимиз. Шундай экан, туманимиз халқига сифатли тиббий хизмат кўрсатиш, аҳоли томонидан қилинаётган ҳар бир чақириққа лаббай, деб жавоб бериш бизнинг муқаддас бурчимиздир. Негаки, ҳар бир чақириқ ортида инсон, унинг тақдири, ҳаёти борлигини асло унутмаслигимиз керак. Биз шифокорлар инсон саломатлигининг посбонлари сифатида тилга олинар эканмиз, зиммамизга олган бурчимизни оқлашга ва халқимиз саломатлиги йўлида астойдил хизмат қилаверамиз.
С.САМАРОВ,
республика тез тиббий ёрдам Самарқанд филиали Оқдарё станцияси бўлим мудири.
 С.ПАРДАЕВА,
 туман тез ёрдам станцияси катта ҳамшираси.