ҚАЛБИМИЗДА МАНГУ ЯШАЙСИЗ!

Мана яна баҳор келди. Аммо, сиз келмадингиз, азиз сингилжонларим! Мен сизларни жуда соғиндим. Иккингизни ҳам онажоним гулга - баҳорга қиёслаб, бирингизга Гулчеҳра, бирингизга Гулбаҳор деб исм қўйган эдилар. Лекин минг афсуски, сизлар гуллаб-яшнамадиларинг, жуда эрта хазон бўлдиларинг. Иккалангиз ҳам ўқитувчи эдингиз, ўз фанингизни, ўз касбингизни жуда севардингиз. Кўплаб шогирдлар етиштирдингиз. Айни пайтда уларнинг бири муаллим, бири шифокор...
 Кам умр кўрдим-да деб асло,
   Жон синглим сен кўп ғам ема.
   Фарзандларга бердинг хўп билим,
   Шогирдларим сира кам дема.
       Бу дунёга айрим одамлар,
        Шундай келиб, шундай кетарлар.
       Бундай инсонларни ҳеч ким,
      Эсламас, тезда эсдан чиқар.
Азиз сингилжонларим! Сизларни шогирдларингиз, қариндош-уруғларингиз, дўст-ёрларингиз ҳеч қачон унутмайди. Охирги манзилга кузатаётганда, шунчалик кўп шогирдларингиз, таниш-билишларингиз келдики, ҳатто митинг қилиб, сизларнинг яхши фазилатларингизни, халқ учун қилган хизматларингизни, меҳрибон устоз эканликларингизни фахрланиб айтиб ўтишди. Сизларнинг порлоқ хотирангиз ана шундай яқин кишиларингиз қалбида абадий қолади.
Синглим Гулбаҳор Нуруллаева туман халқ таълими бўлимига қарашли 48-мактабда қатор йиллар директор бўлиб ишлаган. Гулчеҳра Нуруллаева эса Жиззах вилояти Жиззах туманидаги 16-мактабда ўқитувчи бўлиб фаолият юритган. Гулчеҳранинг турмуш ўртоғи жуда ёш оламдан ўтган. Беш нафар фарзандини ҳам ота, ҳам она бўлиб вояга етказди, ўқитди, илмли қилди, уйли-жойли қилди. Эндигина уларни ҳузурини кўраман деганда, бу ёруғ дунёни тарк этди.
Минг афсуски, иккала сингилжонларим ҳам ҳаётдан жуда эрта кетишди, кам умр кўришди. Лекин, уларни барча ҳамон ҳурмат билан тилга олишади. Устоз сифатида, меҳрибон она, садоқатли сингил сифатида барчаю барча фахрланиб тилга олишади.
 Азиз сингилжонларим, руҳларингиз доимо шод бўлсин. Сизнинг хотирангиз қалбимизда мангу яшайди.
Зулфия ПЎЛАТОВА,
Даҳбед шаҳарчаси, Навоий МФЙ Навоий кўчаси.
Мавзуга оид: