ҚУЛУПНАЙ ҲОСИЛИ МЎЛ БЎЛДИ

"Олчинтепа" маҳалласининг Бешкал қишлоғида истиқомат қилувчи Гулистон Расулова бир неча йиллардан буён қулупнай ўсимлигидан мўл ҳосил олиб келади. Қишлоқ аҳли ҳам Гулистон опани томорқада тиним билмай меҳнат қилиши, ер билан тиллашиши, ҳар қандай экинни вояга етказиш борасида катта тажрибаси борлигини алоҳида таъкидлашади. Бу йил ҳам опахоннинг ўз томорқасининг 10 сотих майдонида экилган қулупнай ўсимлиги айни вақтда пиша бошлади.
- Беш йилдан буён қулупнай ўсимлигини парваришлаб келаман. Ўтган йили ўн уч миллион даромад ҳам олдик, - дейди тажрибали деҳқон Гулистон Расулова. - Турмуш ўртоғим Қобил аканинг тавсияси ва кўмагида шу ишни бошлаган эдим. Айниқса, мамлакатимизда карантин бўлган даврда халқимиз томонидан биз етиштирган қулупнай ҳосилига бўлган қизиқиш янада ошди. Биз етиштирган ушбу маҳсулот нафақат қишлоғимиз аҳлининг дастурхонларига, балки, Лойиш деҳқон бозорларигача етиб борди.
Бу йилги об-ҳавонинг кутилмаган ноқулайликларига қарамасдан қулупнайнинг ҳосили юқори бўлиши кутилаяпти. Ўтган йили 1 август куни "Тошкент" навли қулупнай кўчатларини ўтқазгандик. Апрель ойининг охирги ўн кунлигидан бошлаб эса ўсимлик пиша бошлади. Айни кунларда маҳалламиздаги дўконлар ва хонадонлар аҳолиси ўзлари келиб уйимиздан олиб кетишаяпти. Меҳнатимизга яраша оиламизга қўшимча даромад ҳам бўлаяпти. Негаки, халқимиз томонидан айтилганидек, томорқа даромад манбаи ҳисобланади. Фақатгина ундан унумли фойдаланиш талаб этилади.
Дарҳақиқат, Гулистон Расулова йиллар давомида ўз томорқасидан унумли фойдаланиб, қулупнай экиш, уни парваришлаш ва мўл-кўл ҳосил олиш сир-асрорларини пухта эгаллади. Меҳнаткаш ва заҳматкаш бу аёл қулупнай ўсимлигини парваришлаш борасида ҳамқишлоқларига ва бу иш билан қизиқувчиларга ўз тажрибаларини ўргатишни, муҳим бўлган тавсияларни сўзлаб беришни яхши кўради. Опахоннинг таъкидлашича, ушбу ўсимликни соя жойларга экиш тавсия этилмайди. Қулупнайни баҳорнинг боши ёки кузнинг бошида экиш тавсия этилади. Қулупнай намлик даражаси юқори бўлган ерларни хуш кўради. Қулупнай экиладиган ерни маҳаллий ўғит билан яхши аралаштириш тавсия этилади. Ҳар бир қулупнай ўсимлиги ораси 30 см.дан кам бўлмаслиги, жўяк (қатор) оралари 40-70 см. бўлиши керак. Қулупнай ўсимлигининг ҳосили пишгунга қадар намлик даражасига қараб 13-24 маротаба суғорилади.
Бугунги кунда Гулистон Расулова уч қиз, бир ўғил, 10 нафар невараларнинг меҳрибон онаси. Шундай бўлсада, онахон ўзининг севимли машғулоти бўлган томорқачилик билан машғул. Негаки, ҳақиқий меҳнат билан топилган даромаднинг баракаси ҳам оилага татийди. Қолаверса, меҳнатдан келса бойлик, турмуш бўлар чиройлик, деганларидек, опахон ўз меҳнати билан нафақат ўз оиласининг, балки, халқимизнинг дастурхонига ҳам файзу барака бахшида этиб, элимизнинг олқишини олмоқда. Шундай экан, ўзининг камтарин меҳнати, оилапарварлиги билан ҳамқишлоқлари ўртасида иззат-ҳурмат қозонаётган Гулистон Расулованинг келгусидаги ишларига ривож тилаб қоламиз.
Суннатулло ИБРАГИМОВ.
Мавзуга оид:

Янги асар хабари
- 11 мар, 17:02

Янги асар хабари
- 08 мар, 15:10

Янги асар хабари
- 04 мар, 13:37

Янги асар хабари
- 01 мар, 00:05

Янги асар хабари
- 25 фев, 16:00