Миннатдорчилик сатрлари МЕН СИЗДАН ДАВО ТОПДИМ

Халқимиз орасида "Қадр кўрсатган қадр топади", "Кексаларга ҳурмат кўрсатсанг, иззат топасан", деган пурмаъно мақоллар бежизга айтилмаганлиги ҳаётимизда синалган. Июнь ойининг ўрталари ҳаво ҳарорати жуда иссиқлиги туфайли  бироз қон босимим кўтарилиб, юрагим, оёқ-қўлларимда оғриқ пайдо бўлди. Туман тиббиёт бирлашмасининг "Асаб касалликлари" бўлими шифокори Алишер Раббимовга учрашдим. Шифокор мени илиқ кутиб олди ва шикоятларимни обдон эшитиб кўриб: "Опажон, сиз ётиб даволанишингиз керак, бўлмаса бу касаллик белгилари ёмон оқибатларга олиб келиши мумкин", деди. Бўлим бош ҳамшираси Дилрабо Эшонқуловага мени палатага жойлаштириб, биринчи ёрдамни кўрсатишларини тайинлади.
Касалхонага киришимдаёқ бўлимдаги тартиб-интизом, тозалик менинг диққатимни тортган эди. Негаки, тартиб-интизом, тозалик бор жойда масъулият ҳам бўлади, масъулият бўлган жойда эса иш сифати, беморларга кўрсатиладиган тиббий хизмат ҳам самарали бўлади. Шифокорларга ишониб адашмаган эканман. Бўлимда 10 кун даволандим. Шу давр мобайнида бу ерда фаолият кўрсатаётган врачлар, ҳамширалар ҳамда бошқа ишчи-хизматчиларнинг менга кўрсатган беминнат хизматларидан, ширин муомалаларидан жуда хурсад бўлдим. Ётоқхоналардаги ҳамда ошхонадаги тозалик, озодалик, дам олиш залидаги гуллар киши кайфиятини кўтаради. 
Бу каби ютуқларда албатта бўлимнинг бош врачи, кўп йиллик тажрибага эга бўлган Н.Эшназаровнинг роли каттадир. Шунингдек, бош ҳамшира Дилрабо Эшонқулова, ҳамшира Нилуфар Эшназарова, навбатчи ҳамширалар Башорат Жонхўрозова, Гулшан Амирова, ишчи-ходимлардан Наргиза Соипова, Рухшона Рўзиеваларнинг номларини ҳам ҳурмат билан тилга олса арзийди. Негаки, мен пойтахтимиз Тошкентдаги поликлиникаларда даволаниб, шундай шарт-шароитлар ўзимизда ҳам бўлса эди, дея ҳавас қилар эдим. Мана бизни туманда ҳам шундай шарт-шароит қилса бўлар эканку, дея хурсанд бўлдим.
Мен касалхонадан дардимга даво топиб чиқар эканман, даволовчи шифокорим А. Раббимов, кордиолог врач Н.Қодировга ҳамда юқорида номлари келтирилган барча медицина ходимларига ўз миннатдорчилигимни билдираман.
Азиз шифокорлар, халқимиз бахтига ҳамиша соғ-саломат бўлингизлар, фарзандларингизнинг бахту иқболини кўриб, қутлуғ ёшларга кириб юриш     насиб этсин:
Мен сиздан даво топдим,
        Меҳрибон шифокорлар.
        Мақсади саломатлик,
        Жонга жон шифокорлар.
 Адолат АБДУЛЛАЕВА,
                                                                 Темирак қишлоғи.
Мавзуга оид: