ҲАЁТ БЎСТОНИНИНГ ЙЎЛЧИ ЮЛДУЗИ

Устоз ва мураббийлар жамият биносининг бинокорлари, маърифат боғининг боғбонларидир. Улар ҳаёт бўстонидаги ниҳолнинг бақувват дарахтга айланиши учун беқиёс меҳнат қилади. Шунинг учун ҳам унинг шогирд устидаги ҳаққи бениҳоя катта ва улуғдир. Устоз шогирдини ўз фарзандидек кўради. Зимистон дунёсини илм қуёшининг мўъжизакор зиёси билан мунаввар этади. Сабр ва меҳр билан парваришлайди. Устозлар маънавият осмонида мусаффо зиё таратиб турган йўлчи юлдуздирлар, улар туфайли одамлар тўғри йўлни топадилар, уларнинг шарофати билан жаҳолат зулматларидан ёруғликка етишадилар.
Устоз ҳақида сўз юритилар экан, ҳар бир инсоннинг эришган ютуқларида устозларининг ҳиссалари беқиёс эканлигини алоҳида таъкидлаш керак. Менинг педагоглик касбини танлашимда эса оилавий муҳитнинг таъсири, қолаверса, ота-онамнинг роли катта эканлигини мамнуният билан тилга оламан. Негаки, ота-онам кўп йиллар мобайнида туманимиз таълим соҳасига ўзларининг муносиб ҳиссаларини қўшган фидойи инсонлардан биридир.
Отам - Сатторхон Нуриддинов 1937 йилда Ойтамғали қишлоғида таваллуд топган. Айни ёшлик дамлари Улуғ Ватан урушининг суронли йилларига тўғри келган. Халқимиз фронт ортини мустаҳкамлаш мақсадида оғир ва машаққатли кунларни бошидан ўтказаётган дамларда отам ҳам жуда ёш бўлишга қарамасдан халқимиз билан елкама-елка туриб, оғир ва машаққатли меҳнат фронтида иштирок этган. Урушдан сўнгги йилларда эса таълим соҳасида ўз фаолиятини давом эттирган. Фарғона Давлат университетининг тарих факультетини тугатиб олий маълумотли мутахассис сифатида тумандаги  9,10-умумий ўрта таълим мактабларида ишлаган. Сўнгра 8-умумий ўрта таълим мактабида қарийб 40 йил давомида директорлик вазифасида фаолият юритган. Ўша даврларда 8-мактабда таълим-тарбия соҳасини барча кўрсаткичлар бўйича юқори поғоналарга олиб чиқишга ҳаракат қилган. Ҳукуматимиз томонидан "Халқ таълими аълочиси" унвони билан тақдирланган. Нафақага чиққан йилларида ҳам туман халқ таълими бўлимида "Нуронийлар жамғармаси" жамиятининг раиси сифатида кўп йиллар мобайнида фаолият кўрсатиб, туманда таълим соҳасини ривожлантиришга ўзининг муносиб ҳиссасини қўшди. Айни пайтда отажоним ўз фарзандлари, шогирд-лари, набиралари ардоғида ўзининг табаррук 86 ёшини қарши олаётир. Йиллар давомида таълим соҳасида фаолият юритган, ўзининг бутун умрини халқ таълими соҳасини ривожлантиришга бахшида этган, юзлаб шогирдлар етиштирган отажонимиз билан биз ҳам ҳақли равишда фахр-ланамиз.
Дарҳақиқат, халқимизда "Устоз отангдек улуғ", деган нақл бежизга айтилмаган. Кимки, бу ҳаётда бирор ютуққа эришса, касбидан эъзоз топса, унинг қалбида устозларига, биринчи ўқитувчисига бўлган ҳурмат абадий муҳрланади. Шунинг учун ҳам устоздан таълим ва тарбия олган ўзини умрбод қарздор деб ҳис қилади. 
Устозларни қадрлаш ҳақида сўз борганда беихтиёр ҳазрати Мир Алишер Навоийнинг ушбу сўзлари ёдимизга тушади:
Ҳақ йўлида ким сенга бир ҳарф 
                       ўқитмиш ранж ила,
Айламак бўлмас адо онинг 
                  ҳаққин минг ганж ила.
Севимли она Ўзбекистонимиз дунё ҳамжамиятида ўзининг муносиб ўрнини эгаллаб, таълим, маданият, спорт ва бошқа соҳаларда тенглар ичра тенг овоз билан хал-қаро майдонда ўз мавқеига эга бўлишида устоз ва мураббийларнинг ҳам ўрни беқиёсдир. Мамлакатимизда ҳар йили 1 октябрь - Устоз ва мураббийлар куни байрами сифатида кенг нишонланади. Албатта, бу байрам мустақил юртимизда устозларга бўлган ҳурматнинг рамзий ифодаси бўлиб, аслида устозларга эҳтиром аждодларимиздан мерос бўлиб келаётган буюк қадриятларимиздан саналади. Шундай экан, устоз ва мураббийлар ҳар қанча эъзозланса арзийди. 
Машаққатли, аммо шарафли касбларида барча устозларга, мураббийларга саломатлик, бахт ва шарафли ҳаёт насиб этсин. Шижоат ва матонат ҳеч қачон уларни тарк этмасин. Ҳамиша шогирдлар ардоғида, эҳтиромда юришни, босиб ўтган ҳаёт йўлларининг ҳар бир лаҳзаси асрларга татигулик бўлишини тилайман. 
Азиз устозлар, барчангизга байрам муборак бўлсин. Ёш авлодга таълим ва тарбия беришдек машаққатли, аммо шарафли ишларингизда улкан зафарлар ёр бўлсин!                                   
Мўътабар НУРИДДИНОВА,
 46-умумий ўрта таълим мактаби директори. 
Мавзуга оид: