А Д А Б И Ё Т С А Ҳ И Ф А С И Оқдарё ижодкорлари

Илҳом Муҳаммадиев - 1961 йил 3 декабрда Оқдарё тумани Лойиш шаҳарчасида туғилган. Самарқанд қишлоқ хўжалиги институтини тугаллаган. 

И.Муҳаммадиев тумандаги 47-умумтаълим мактабида ўқиб юрган ўқувчилик чоғларидаёқ барча фанлардан аъло баҳоларга ўқиш билан бир қаторда   шеър мутолаа қилиш, ижод билан шуғулланишга жуда қизиқар эди. Унинг шеърлари туман, вилоят газеталарида чоп этилган.

Минг афсуски, шафқатсиз ўлим тумандошимиз Илҳом Муҳаммадиевни ҳаётдан бевақт олиб кетди. Қуйида оқдарёлик ижодкорнинг қаламига мансуб бўлган шеърларидан намуналар келтирамиз.  

   ТЎҒРИ СЎЗ

Воажаб, дерман боқиб эгри сўз одамларга,

Илтифот қилгай кишилар ўғри кўз одамларга,

Ёвқараш айлаб ва лек тўғри сўз одамларга,

Туққанингга ҳам асли ёқмагайдир тўғри сўз.


Гар киши қилса хато, сен хато қилдинг дема,

Бошига келса бало ул бало келди дема,

Айтган бирла сўзингга ул парво қилди дема,

Туққанингга ҳам асли ёқмагайдир тўғри сўз.


Ҳеч кишига айтмагин сен эй дўст, фикринг сирин,

Не десанг дегил майли сен унга яхши кўрин,

Хом сут эмган бандага не ажаб, ёлғон ширин,

Туққанингга ҳам аслида ёқмагайдир тўғри сўз.


Тўғри сўз аччиқ бўлур, билсанг гар ютмоқ қийин,

Бош омон қолгай ахир, эгилганда гар бўйин,

Ўз-ўзимга неча бор такрор-такрор айтайин,

Туққанингга ҳам аслида ёқмагайдир тўғри сўз.

ТАРИХГА НАЗАР

Оврупага мудом бўлди зид,

Ул ёзилган тарихлар шоҳид.

Куни келиб Амир Темурга,

Тиз чўкди Йилдирим Боязид.

Қанчаларнинг жонини олган,

Қанчаларнинг шонини олган,

Даҳшат солиб бутун қитъага,

У Боязид номини олган.

Ўтиб кетди Искандарлар ҳам,

Қўлдан кетди топган зарлар ҳам.

Бўлганида эди агарда имкон,

Қабрини ҳам беркитмасди Чингизхон.

Хитой хоқонлари, ё қудратли Рим,

Ҳаммаси вақт етиб топдилар хотим.

Ўша машҳур, ўша Наполеон ҳам,

Бўламан деганди дунёга ҳоким.

Ниҳоят гапни ҳам этсам мухтасар,

Не куч бўлса бошқа кучга тўқнашар.

Қай томонда бўлсанг - манфийми, мусбат,

Умринг якунида берилар нисбат.

   САБР

Не қилмоқчи эдим, буни ким билур,

Агар қолиб кетса, уни ким қилур.

Хаёлимда олис самодан туриб,

Кимдир мийиғида устимдан кулур.


Денгизда яшасам эди мабода,

Бўлардим балки у улкан бир китдай.

Бу ақлим айтдики бунга жавобан,

Қуруқда яшайвер оддий бир итдай.


Гапирма, бекорчи ҳавасни унут,

Бошингда йиғилиб қолмасин булут.

Ҳар бир нарса келса фурсатин кутар,

Сабр-тоқат билан ўз вақтини кут.


Бўлса кимки агар сабр-тоқатсиз,

Жавоби қайтади аниқ шафқатсиз.

Ўйламай қўяркан оёғин одам,

У жарлик томонга босмоқда қадам.

ТЎРТЛИКЛАР     

Дарахтлар эк, қушлар қўниб сайрасин,

Гулзор ярат, кўриб кўнгил яйрасин.

Одамзотдан кутма хайру раҳматни,

Умринг берсин, сени худо сийласин.

                   ***

Инсон зоти адашар - хулосага ўрин бор,

Йўлинг тушса ким билан муросага ўрин бор.

Хислат кўп бу дунёда, нисбат кўп бу дунёда,

Ним косанинг устида шокосага ўрин бор.

                 ***

Кўзингни кўр қилар жаҳлнинг йўли,

Пешонанг шўр қилар майлнинг қули.

Курашган чоғингда рақиблар билан,

ўолибу зўр қилар ақлнинг йўли.

               ***

Билмаган нарсамни билмасим аниқ,

Билганларим эса эмас тип-тиниқ.

Бир умр дилимда шубҳаю-гумон,

Бундай ҳаётимдан топмадим мантиқ.

                       ***

Яхши биладирман ўз қимматимни,

Сен ҳам билиб юргин ўз иззатингни.

Тиллога баҳолаб сотаман дема,

Инсонга инсондай  бир хизматингни.

                       ***

Сенга қараб менинг ёришар кўнглим,

Баъзан кўтарилар ва тушар кўнглим.

Ҳайронман қайларда қолиб кетдиму,

Қайдаги тупроққа қоришар кўнглим.

***

Ногоҳ бир кун тикон кирди товонимга,

Симиллаган оғриқ кирди бу жонимга.

Биламанки, бу оғриқлар ўтиб кетар,

Чидаб келдим мудом яхши-ёмонингга.


Ташна бўлиб кетганимда ўз қонимга,

Тикиламан кўм-кўк чексиз уммонимга.

Ўшал вақтда яқин келма ҳеч ёнимга,

Ҳалал берма, мен кетганман осмонимга.

                ***

Сочлар оқармайди яхши кунларда,

Сочлар оқаради қаро тунларда.

***

Бировнинг ишига қилмай қозилик,

Аввало сен ундан сўра розилик.

Бошингга иш тушса, сўрма ҳайрона,

Қайдан келди дея бундай кўргулик.

                  ***

Кўнгил тортди, келдим энди,

Кулгум келди, кулдим энди.

Гар йиғласам айб этмагин,

Ҳаёт шудир, билдим энди.

               ***

Ўйласам меҳнатда ўтди ҳаётим,

Ҳар турфа заҳматда ўтди ҳаётим.

Эрта бир кун биров мени эсларми,

Дунёда ким деган қолади отим.

                  ***

Қаровсиз ҳовлида қаровсиз дарахт,

Мунғайиб турибди ахволи карахт.

Тагига эринмай сувлар оқиздим,

Барглари шивирлар одамдадир бахт.

Илҳом МУҲАММАДИЕВ.

Мавзуга оид: