Инсон ва қонун ФИРИБГАР РАҲБАР ЖАЗОЛАНДИ

Судланувчи А.В. 2017 йил 30 январь кунидан "TURON" маъсулияти чекланган жамияти масъул лавозимида ишлаб келган. У ўзининг иш фаолияти давомида ғаразгўйлик ва бошқа манфаатларни кўзлаб, хуфёна иқтисодий фаолият орқали ноқонуний йўллар билан шахсий бойлик орттиришни ўз олдига мақсад қилиб олади. Ўзбекистон Республикаси Солиқ кодексининг 223-моддаси талабларини қўпол равишда бузиб, жамият томонидан 2021 йил давомида 1.572,2 млн сўмлик бажарилмаган иш бўйича сохта ҳисоб-фактуралар расмийлаштирганлиги натижасида қўшилган қиймат солиғидан 205,1 млн сўм, кирим қилинмаган юқори ликвидли 662,8 млн. сўмлик товарларни реализaция қилишдан олинган тушум суммасини ҳисобга олиш регистрларида ва ҳисоботларда акс эттирмасдан, камайтириб кўрсатганлиги натижасида юридик шахслардан олинадиган фойда солиғидан 25,2 млн. сўм, шунингдек, 42,3 млн. сўмлик иш ҳақи фондини камайтириб кўрсатиб, даромад солиғидан 5,1 млн. сўм ва ижтимоий солиқдан 5,1 млн. сўм, жами 240.500 минг сўмлик жуда кўп миқдордаги солиқларни давлат бюджетига тўлашдан қасддан бўйин товлаган.

Шунингдек, судланувчи А.В. хусусий корхонасини раҳбари лавозимида ишлаб келиб, мазкур корхонада 2018 йил ҳисобот даврида 20.548,2 минг сўмлик суюлтирилган газ (пропан) реализацияси ҳисоб регистрларида акс эттирилмаганлиги сабабли 2018 йилда амалда бўлган Солиқ кодексининг 114-моддасига асосан яширилган (камайтириб кўрсатилган) Солиқ базаси 20.548,2 минг сўм, 2020-2022 йиллар учун юридик шахслардан олинадиган даромад солиғига 131.664,2 минг сўм, аксиз солиғига 18.997,0 минг сўм, жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғига 174.089,2 минг сўм, шахсий жамғариб бориладиган пенсия жамғармасига 1.941,9 минг сўм, ижтимоий солиққа 140.853,1 минг сўм, ер солиғи бўйича 83.632,8 минг сўм, мол-мулк солиғига 42.134,5 минг сўм, жами 613.860.9 минг сўмлик жуда кўп миқдордаги солиқларни яшириб, давлат бюджетига тўлашдан қасддан бўйин товлаб келган. 2018 йилдаги фаолияти юзасидан ўтказилган текширишда, қўшилган қиймат солиғидан 261.839,6 минг сўм ва 2020 йил учун аксиз солиғига 875,1 минг сўм жами 262.714.7 минг сўм камайишга ҳисобланган бўлиб, 351.146,2 минг сўмлик, жами 591.646.200 сўмлик жуда кўп миқдордаги солиқ ва бошқа мажбурий тўловларни тўлашдан қасддан бўйин товлаган.

Бундан ташқари, судланувчи А.В. олдиндан ўйланган жиноий режа асосида фаол ҳаракат қилиб, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 13.02.2003 йилдаги 75-сонли ва 17.11.2011 йилдаги "Фискал хотирага эга бўлган назорат-касса машиналарининг қўлланишини янада такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида"ги 306-сонли Қарори билан тасдиқланган "Аҳоли билан пулли ҳисоб-китобларни амалга оширишда фискал хотирага эга бўлган назорат-касса машиналарини қўллаш тартиби тўғрисида"ги Низомнинг 2-бандига асосан хўжалик юритувчи субъектлар томонидан фискал хотирага эга бўлган назорат-касса машиналарини мажбурий тартибда қўллаган ҳолда амалга оширилиши шартлиги каби талабларини қўпол равишда бузиб, "TURON" маъсулияти чекланган жамиятининг ноқонуний фаолияти давомида 7.867.174,3 минг сўмлик тез сотилувчан ҳамда харидоргир товарларни тергов давомида аниқлаш имкони бўлмаган шахсларга нақд пулга сотиб, уларни белгиланган тартибда хизмат кўрсатувчи банк муассасасига топширмасдан бошқа мақсадларда ишлатиб юбориб, савдо ёки хизмат кўрсатиш қоидаларини жуда кўп миқдордаги қийматда бузган.

Судланувчи А.В. Ўзбекистон Республикаси ЖК 184-моддасининг 3-қисми ва 189-моддасининг 1-қисмида назарда тутилган жиноятларни содир этганликда айбли деб топилди ва унга Ўзбекистон Республикаси ЖК 184-моддасининг 3-қисми билан базавий ҳисоблаш миқдорининг 300 баравари миқдорида, яъни 90.000.000 сўм жарима жазоси тайинланди.

Ўзбекистон Республикаси ЖК 59-моддасининг 8-қисмига асосан жиноят ишлари бўйича Каттақўрғон шаҳар судининг 2023 йил 4 майдаги ҳукми билан тайинланган жазонинг ўталган қисмини суд томонидан та-йинланган жазога қисман қўшиш йўли билан жиноятлар мажмуи бўйича узил-кесил 2 йил муддатга муайян ҳуқуқдан, яъни транспорт воситаларини бошқариш ҳуқуқидан маҳрум қилиниб, ҳар ойда ойлик иш ҳақидан 20 фоиз миқдорини давлат даромади ҳисобига ушлаб қолган ҳолда 3 йил муддатга ахлоқ тузатиш ишлари жазоси тайинланди.

А.Ваҳабов,

туман прокурори, адлия 

маслаҳатчиси.