Инсон хотираси азиз ОҚДАРЁНИНГ ФИДОЙИ ФАРЗАНДИ ЭДИ 23 декабрь куни Янгиқўрғондаги 52-иқтидорли болалар мактаб-интернатида элимизнинг фидойи фарзанди Жамол Исроилов таваллудининг 70 йиллиги нишонланди

Жамол Ибрагимович Исроилов 1953 йил 21 декабрда Самарқанд вилояти Оқдарё туманидаги Янгиқўрғон шаҳарчасида деҳқон оиласида таваллуд топган.
1970 йил Янгиқўрғондаги Мирзо Улуғбек номидаги 2-ўрта мактабни аъло баҳоларга тугатади. Меҳнат фаолиятини шу йили тумандаги 7-ўрта мактабда математика фани ўқитувчилигидан бошлайди.
1973-1978 йилларда Самарқанд Давлат университетининг физика факультетида таҳсил олади.
Университет раҳбариятиинг фаолиятини олийгоҳда давом эттириш тўғрисидаги таклифи билан фаолиятини шу олий даргоҳда давом эттиради.
1978 йил 10 июлда отаси Иброҳим Исроиловнинг тасодифан юрак хуружидан вафот этиши унинг режалари ва тақдирини тубдан ўзгартириб юборади. Оиладаги 11 фарзандга бош бўлиш масъулияти уни Янгиқўрғонга қайтишга мажбур қилади.
1980-1983 йилларда жамоа хўжалигида касаба уюшма раиси бўлиб ишлади. 1983 йилда ўзи таълим олган 2-ўрта мактабга директор лавозимига тайинланади. Мактаб Жамол Исроилов даврида туман ва вилоятдаги энг илғор таълим муассасасига айланади.
1985 йилда бошланғич синф ўқувчилари учун замонавий типдаги 150 ўринли ўқув биносини қуриб, ишга туширади.
1986 йилда эса мактаб ўқувчилари учун барча шарт-шароитларга эга спорт зали қуриб битказилади.
1988 йилда Янгиқўрғон шаҳарчаси "Маҳалла" қишлоғида мактаб филиали қурилишини бошлайди ва мазкур филиал базасида ҳозирги 5-умумтаълим мактабини ташкил этишга эришади.
Бозор иқтисодиёти шароитида Жамол Исроилов ўз тадбиркорлигини бошлайди. 1990 йилда ташкил этган "Турон" МЧЖ Жамол Исроилов раҳбарлигида Оқдарё тумани ҳудудини 80 фоиз газлаштириш ишларида бош-қош бўлган. Шунингдек, қўшни Иштихон ва Пайариқ туманларида ҳам аҳоли пунктларининг газлаштириш ишларида фаол иштирок этган.
Самарқанд вилоятида мустақиллик йилларида барпо этилган мактаб, коллеж, шифохона, Регистон майдони, Рудакий боғини таъмирлаш ҳамда "Имом Бухорий" мажмуаси йўли қурилишида, СамДУ биноларини капитал таъмирлашда у ўзининг ташкилотчилик ва тадбиркорлик салоҳиятини намоён қилди.
Фидойилиги ва кўп йиллик ҳалол меҳнатларини инобатга олиб, 1999 йилда Оқдарё тумани аҳолиси ташаббус гуруҳи ташкил этиб, Жамол Исроиловни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ва вилоят Кенгашлари депутатлигига номзод қилиб кўрсатади.
Жамол Исроилов Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Кенгашига 4 муқобил номзод билан курашда 54,5 фоиз, вилоят Кенгашига эса 68,5 фоиз сайловчилар овози билан депутатликка сайланади.
Депутатлик фаолияти даврида у 100 дан ортиқ қонунларни ишлаб чиқиш, қабул қилиш ҳамда муҳокамасида фаол иштирок этган.
Зиёли инсон Жамол Исроилов раҳбарлик, тадбиркорлик билан бирга Самарқанд кооператив (ҳозирги иқтисодиёт ва сервис) институтида мустақил изланувчи сифатида илмий тадқиқот ишларини олиб бориб, 2004 йили номзодлик диссертациясини муваффақиятли ҳимоя қилган.
Самарқанд иқтисодиёт ва сервис институтида педагоглик фаолияти мобайнида Жамол Исроилов томонидан 100 га яқин илмий ишлар чоп этилган ва у доцент илмий унвонига сазовор бўлган.
Унинг 2 та дарслик, 7 та ўқув қўлланмаси бугун республикамиз олий таълим муассасаларида талабаларга билим беришда фойдаланилмоқда.
Жамол Исроилов фаолияти давомида амалга оширган тарихий ишларидан бири - мамлакатимизда биринчилардан бўлиб, 2010 йилда Янгиқўрғон шаҳарчасида 52-иқтидорли болалар мактаб-интернати ташкил этганидир.
Эндиликда мазкур ўқув даргоҳи ўқувчиларнинг олий ўқув юртларига кириш кўрсаткичи бўйича қарийб 100 фоизлик натижани қайд этиб келаяпти. Бундай кўрсаткичга мамлакат миқёсида саноқли ўқув даргоҳларигина эришмоқда.
Унинг шогирдлари бугунги кунда Ўзбе-кистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси, Бош прокуратура, Ўзбекистон Республикаси суд тизими, Республика миқёсидаги тиббиёт муассасалари ва кўплаб олий ўқув юртларида самарали меҳнат қилиб келаяптилар.
Шунингдек, кўплаб шогирдлари АҚШ, Канада, Германия, Япония, Корея каби бир қанча давлатларда илмий ва амалий фаолият олиб боришмоқда.
Жамол Исроилов турмуш ўртоғи Машҳура Қурбонова билан 2 ўғил, 3 қизни тарбиялаб вояга етказди. Фарзандларининг барчаси олий маълумотли бўлиб, турли соҳаларда эл-юрт равнақи учун фаол хизмат қилиб келишаяпти.
Тадбирда сўзга чиққан Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист, сенатор Фармон Тошев, "Ўзбекистон қишлоқ ва сув хўжалиги" журналининг бош муҳаррири, шоир Тоҳир Долиев, Жамол Исроиловнинг устози иқтисод фанлари доктори, профессор Мамаюнус Пардаев, Ўзбекистон фахрийларини қўллаб-қувватлаш вилоят Кенгашининг раиси Шуҳ- рат Негматов, иқтисод фанлари доктори, профессор Алишер Тўйчиев, меҳнат фахрийси, тўқсон ёшли отахон Баҳриддин Санақулов ва бошқалар марҳумнинг босиб ўтган ҳаёт йўли, ибратли фаолияти ҳақида ўз хотираларидан сўзлаб бердилар. Хотира кечасида марҳумнинг оила аъзолари тадбир ташкилотчиларига ўз миннатдорчикларини билдирдилар. Тадбир давомида Жамол Исроиловнинг ҳаёт йўлини акс эттирувчи "Авлодларга мактуб" китобининг тақдимоти ҳам ўтказилди ва барча иштирокчиларга эсдалик учун совға қилинди.

Тадбирда вилоят ҳокимлиги томонидан Ж.Исроиловнинг оила аъзоларига эсдалик совғалари топширилди.
Тадбир сўнггида Жамол Исроилов томонидан бунёд этилган "Бек" базмгоҳида Қуръон тиловат қилиниб, меҳмонларга дастурхон ёзилди.
Ўз мухбиримиз.
Суратларда тадбирдан лавҳалар акс эттирилган.

Янги асар хабари
- 11 мар, 17:02

Янги асар хабари
- 08 мар, 15:10

Янги асар хабари
- 04 мар, 13:37

Янги асар хабари
- 01 мар, 00:05