Саховатли инсонларимиз бор бўлсин! ПОЙТАХТЛИК ТАДБИРКОР ОҚДАРЁДА САВОБ ИШ ҚИЛДИ

 Юртимизда яхшилик ва эзгуликни амалга ошираётган саховатли тадбиркорлар ортиб бораётганлиги ғоятда қувонарли ҳол. Айниқса, муқаддас Рамазон ойида бу эзгу ва хайрли ишлар ҳар бир жойда бўлаётганлигини кўриб, кўнглимиз яйрайди. Бундай саховатпеша инсонлар ночор аҳволга тушиб қолган оилалар, бемор юртдошларимиз холидан хабар олишаётган бўлишса, яна кимлардир халқ манфаатларини кўзлаб ўз ёрдамларини аяшмаяпти. Айни пайтда улар йўл қураяпти, масжид таъмирлашга салмоқли ҳиссасини қўшаяпти, керак бўлса, мактаб ва боғчалар қуриш йўлида ўз ҳисобларидан беминнат ёрдам қилишмоқда. 
  Баъзида шундай тадбиркорларимиз ҳам борки, улар ҳаттоки,  ўз исмларини ҳам ошкор қилмасдан, саховатли ишларини давом эттиришмоқда. Албатта, уларнинг яхшиликлари Яратганнинг гувоҳлигида бўлаётганлигини таъкидламоқ керак. Ана шундай савобли ҳаракатларни амалга ошираётган пойтахтлик тадбиркор - юртдошимиз ҳам Оқдарёда эзгу ишга қўлди. Бу тадбиркор ўз ҳисобидан Амир Темур маҳалласида жойлашган “Қум” жомеъ масжидининг айвон қисмини акфа ромлари билан ўраш бўйича ташаббус билан чиқди ва буни амалга оширди.
- Яқинда бир гуруҳ тошкентлик юртдошларимиз билан бирга Умра зиёратини адо қилган эдик, - дейди “Қум” жомеъ масжиди имоми Рустамхон Эргашев. – Зиёратимиз чоғида мен Каъба олдида туриб Аллоҳ таолодан масжидимизни обод қилиш, бу ерга келувчи фуқароларимизга қулай шароит яратиш учун сўраган ниятим буни қарангки, ижобат бўлди ҳамда карами кенг Аллоҳнинг марҳамати билан мени шундай саҳоватли инсонларга дуч қилди. Масжидимизда рўй бераётган бу катта ўзгариш яна саноқли кунлардан сўнг бўлиб ўтадиган Рамазон “Ҳайит” байрамига муносиб туҳфа бўлди. Масжидимизни таъмирлашга ёрдам қўлини чўзган тошкентлик тадбиркор биродаримизнинг барча хайрли ишларига Яратган ўзи куч-қувват ато этишлигини сўраб, унинг ҳаққига дуода бўлиб қоламиз. 
  Дарҳақиқат, бу каби хайрли ишларни амалга ошираётганлар албатта шу замин, шу юрт учун фидокорона меҳнат қилишаётир. Серқуёш ўлкамизда эса бундай эзгу ишлар бардавом бўлаверсин.

Суннатулло ИБРАГИМОВ.