Оқдарё ижодкорлари Бир қатра шеъримга ҳамдард топилса, Дунё топганимни айланг эътироф

Султон Нарзи - мутолаага, ижодга, айниқса, шеъриятга ошно қалб эгаси эди. Ижодкорнинг 2008 йилда "Поёнсиз даман", "Идрок", 2009 йилда "Рангин рақам" деб номланган китоблари Тош- кентдаги "Vektor-Press" нашриётида чоп этилган.
Муаллифнинг мазкур китоблари тўртликлардан ташкил топган бўлиб, уларда шоирнинг ўқиган-билганлари, кўрган-кечирганлари, хуллас, ҳаётий тажрибалари ўз ифодасини топган. Тўртликларда меҳнатсеварлик, ростгўйлик, она-Ватанни севиш, уни кўз қорачиғидек авайлаш, табиат манзаралари, экология муаммолари, шунингдек, одоб-ахлоқ, меҳр-оқибат ҳақида фикр юритилади.
Қуйида газетхонларимизнинг илтимосига кўра, оқдарёлик шоирнинг ижод маҳсулидан намуналар келтирдик. Тўртликлардан таркиб топган ушбу ижод намуналари ўқувчиларнинг маънавий-эстетик оламини бойитишига ишончимиз комил.
ТЎРТЛИКЛАР
Бошга оқ булут ёпинган тоғда,
Оламни муаттар айлаган боғда,
Айни қизғалдоқлар очилган чоғда,
Жаннат ҳавас қилур Ўзбекистонга!
***
Дўст қайда, эл билан ҳамюз бўлмасанг,
Эл қайда, барчага ўз-ўз бўлмасанг.
Ҳаёт йўқ майдонин саҳна деб билмай -
Ниқоблар масхида кўз-кўз бўлмасанг.
***
На қилдинг Дилором, шамга ўт ёқиб,
Ўчирмоқ истадинг самога боқиб.
Тун бўйи милдираб сизди-ку ёшлар,
Тонг отса кўзлар ҳам тушади оқиб.
***
На замин, на юлдуз, наки каҳкашон,
На Раҳмон, на шайтон, на Дукчи эшон,
Ҳеч нима, ҳеч кимга тингилма, эй дўст,
Ўзингга, ўзингга, ўзингга ишон!
***
Ҳаётинг қийнаса олиб аксига,
Курашиб яшайвер қасдма-қасдига.
Кун ботиб тонг отар, айланар дунё,
Ният холис бўлса қайтар аслига.
***
Энтикдинг, шодликлар бошингда қуюн,
Яшаш пардек енгил, ҳаётинг - ўйин.
Дўст-душман кўзингга кўринар якранг,
Ҳаддингдан зиёда бахт ҳам бир афюн.
***
Сабо гул юзидан юваркан ғубор,
Бағридан жой олар муаттар ифор.
Ҳар эзгу рафторинг бадалсиз эмас,
Олган нафасингда мукофоти бор.
***
Баҳри муҳит узра сузар бир қайиқ,
На замин, на юлдуз, фақат сув ёйиқ.
Умид ва қўрқувдан иборат дунё,
Чекингга на тушса, сен шунга лойиқ.
***
Фоний дунё инсон зотин ютмоққа мойил,
Лаҳза-лаҳза ғалабалар хотироти йил.
Улуғ мақсад иродага бўлганда пайванд,
Бир киши ҳам қила олур жаҳонни қойил.
***
Борлиқ интилади янгилик сари,
Нурдан сайқал берар дунё саҳари.
Ҳатто ўлим келса қайғураверманг,
Бу олий вужуднинг янги асари.
***
Тобора ҳаволаб бормоқда варрак,
Ерни титратгудай урмоқда юрак.
Токи тугаб битмас умрнинг ипи,
Ҳаёт иқболига югурмоқ керак.
***
Дилинг тоза бўлсин, сақламасин кин,
Қўпол сўз бузмасин фасоҳат чокин.
Ноўрин туйғуга сира эрк берма,
Нодонлик - жиззаки, донолик - сокин.
***
Насабим улуғ деб керилма, эй зот,
Неча бор шоҳ бўлган, қул бўлган бот-бот.
Ҳар кимнинг маҳрига тушганда ҳаёт -
Фақат ўз саъйидан маъно олур от.
***
Бировнинг ҳаққидан ҳазар қил қўлим,
Балои нафс эрур инсонга ўлим.
Оз олдим гуноҳга ботмадим дема,
Кам-камдан улғайди золим ва зулм.
***
Хоҳишинг юзингга тортади қамчи,
Ўз умринг бўйнингга бўлар арғамчи.
Ҳаёт тузоғини туну кун тўқиб,
Охир ўз тўрида ўлар ўргамчи.
***
Эй тезоқар дарё, айлагил шитоб,
Яна манзилингга элтиб қўяр бод.
Биз сенсиз ҳаётни эплай олмаймиз,
Йилда бир баҳорни берамиз барбод.
***
Бир гулда ҳаётнинг жами мужассам,
Мужассам бир гулда ҳаёт эрур жам.
Гул деб хазон бўлма умримиз боғи,
Яна боғ кўкаргай гулдан жамулжам.
***
Гўзал Ўзбекистон гулзорга мавсум,
Она Ер юзида бўстон - табассум.
Жаҳонда гул, гулзор кам эмас бироқ,
Чаманзор қайда бор бу каби маъсум.
***
Мендек бир фақирга на ҳожат сарроф,
Танқид кор айламас, мева бермас лоф.
Бир қатра шеъримга ҳамдард топилса,
Дунё топганимни айланг эътироф.
Султон НАРЗИ
Мавзуга оид:

Оқдарё бахшилари
- 25 мар, 15:06

Янги асар хабари
- 01 мар, 00:05

"ТОҲИР-ЗУҲРА" ВА ТУРИЗМ ОҚДАРЁНИ ДУНЁГА МАШҲУР ЭТАДИ
- 01 фев, 12:30

Тарихга бир назар
- 21 янв, 14:22