Миннатдорчилик сатрлари ЭЛ ХИЗМАТИДАН АСЛО ҲОРИМАНГ, ШИФОКОРЛАР!

Соғлигимни тиклаш мақсадида яқинда тумандаги "Устоз" сиҳатгоҳида даволаниб чиқдим.  Мени сиҳатгоҳ бош шифокори Камол Исмоилов ҳамда катта ҳамшира Наргиза Абдужабборовалар илиқ кутиб олишди ва тезда керакли муолажаларни ёзиб беришди. 
Сиҳатгоҳнинг бош шифокори Камол Исмоилов қарийб 25 йилдан буён шу масканда фаолият кўрсатмоқда. 1974 йили Иштихон туманидаги 10-мактабни муваффақиятли битирган К.Исмоилов СамМИга ўқишга кириб, ушбу олийгоҳни 1980 йилда тугаллаб, дастлаб ички ишлар бўлимида даволовчи врач бўлиб фаолият юритади. Сўнгра амбулатория бош шифокори ҳамда даволовчи терапевт сифатида ишлайди. 1999 йилдан бошлаб эса туманимиздаги "Устоз" сиҳатгоҳида ўз фаолиятини бошлайди. Айни пайтда кўп йиллик тажрибали терапевт, қўли эм шифокор К.Исмоиловнинг даволаш усули игна билан даволаш муолажаси бўлиб, у ҳар куни беморларни қон босимини ўлчаб кўриб, зарур бўлганида қўшимча дори-дармонларни ҳам тавсия қилади. Бу масканга ташриф этган ҳар қандай беморнинг дардига малҳам топишга, соғлигини тиклашга астойдил ҳаракат қилади.
- Мен ушбу сиҳатгоҳда йигирма икки йилдан буён фаолият кўрсатмоқдаман, - дейди бош ҳамшира Наргиза Абдужабборова. - Бугунги кунда сиҳатгоҳимизга ташриф этган дам олувчилар учун барча шарт-шароитлар яратилган. 24 турдаги замонавий асбоб-ускуналар ёрдамида 25 нафар ўз касбининг усталари бўлган тиббиёт ходимларимиз намунали хизмат кўрсатишиб, эл олқишига сазовор бўлишмоқда. Шунингдек, дам олувчилар учун сифатли тиббий хизмат кўрсатиш билан бир қаторда уларнинг мароқли ҳордиқ чиқаришлари учун ҳам турли хил концерт дастурлари, қизиқарли учрашувлар ва бошқа маданий-маърифий тадбирлар ўтказиб турилади.   
Дарҳақиқат, сиҳатгоҳда бугунги кунда ўз касбининг усталари бўлган тиббиёт ходимлари томонидан беморларга 24 турдаги муолажалар кўрсатилмоқда. Энг аввало ушбу шифобахш масканга ташриф этар экансиз, бу ердаги мавжуд турли хил манзарали  дарахтлар, арчалар, товланиб турган товуслар киши кўзини қувнатади ва инсон кайфиятини кўтариб, соғлигингизга соғлик қўшади гўё. Эрталабки гимнастика машғулотлари ва маданий ҳордиқ чиқариш мақсадида ташкил қилинган концерт дастурлари ҳам дам олувчилар учун манзур бўлди. Ошхона хизматчилари эса ўзларининг шириндан ширин ва парҳезбоп таомлари билан дам олувчиларга беминнат хизмат кўрсатишди. 
Айниқса, шифо масканида даволанувчилар учун астойдил хизмат кўрсатаётган "Физиотерапия" ходимларидан барча мамнун эканлигини алоҳида таъкидлаш жоиз. Кўп йиллар давомида фаолият кўрсатиб келаётган фидойи ҳамшира Махсуда Қурбонова, ўз касбининг устаси бўлган қўли эм ҳамшира Шаҳрибону Тўхтаева, Садоқат Султонова, Гулжамол Саидова, Ойша Тўрамқулова, Дилшода Жўраева, Яйра Нуралиева, Ирода Зиёева, Ноила Маҳ- мудовалар ўзларининг хушмуомалалиги ҳамда беминнат хизматлари билан эл олқишига сазовор бўлишмоқда. Шунинг-дек, Дилшода Қўзибоева, Гулшода Миршаевалар ҳам мазали таомлар тайёрлашиб, дам олувчиларга чин дилдан хизмат кўрсатишмоқда.
Бир сўз билан айтганда, туманимизнинг сўлим масканида жойлашган "Устоз" сиҳатгоҳи кўп йиллардан бери нафақат туманимиз аҳлига, балки, республикамизнинг барча вилоятларидан ўз дардига шифо истаб келаётган беморларга намунали хизмат кўрсатмоқда. Негаки, Сурхондарё вилоятидан Гулнора Назарова, жиззахлик Холмўмин Сувонов, Пастдарғом туманидан Ҳасан Ҳазратқулов, ургутлик Жумагул Алибекова, Каттақўрғон туманидан Ойша Камолова сингари юртдошларимиз ҳам ушбу сиҳатгоҳ ҳақида, бу ерда фаолият кўрсатаётган фидойи шифокорлар ҳақида ўзларининг миннатдорчиликларини изҳор қилишди.
Мен ҳам ушбу масканда ўн кун давомида даволаниб, ўз оилам бағрига қайтар эканман, соғлигимга соғлик, умримга умр қўшилганлигини юракдан ҳис этдим. Шундай экан, юқорида номлари қайд этилган олижаноб қалбли, хушмуомалали қўли эм шифокорлар томонидан биз каби беморларга кўрсатилган намунали тиббий хизматдан ниҳоятда мамнун бўлганлигимизни яна бир бор таъкидлаб ўтаман. Уларнинг эзгу мақсад йўлидаги ишларига ривож тилаб, эл хизматидан асло ҳориманг, саломатлик посбонлари, деб қоламиз.  
Гулзода АБДУЛЛАЕВА,
           Мустақиллик маҳалласи.