ТАНЛОВЛАРДА ҒОЛИБ БЎЛГАНДИ

Ўзбекистон Журналистлар уюшмасининг аъзоси Ўктам Қурбонов 1952 йил 2 февралда Қоратери қишлоғида туғилди. У ўрта мактабни битириб ҳарбий хизматда бўлди. Шундан сўнг, Самарқанд Давлат педагогика институтининг ўзбек тили ва адабиёти факультетида таҳсил олди. Бадиий ижод билан щуғулланиб шеърлар, хикоялар ёзди. 
Институтни битиргач, оила қурди ва бир муддат тумандаги 32-умумтаълим мактабида ўқитувчи ва директор ўринбосари вазифаларида ишлади. Сўнг "Окдарё овози" газетасида мухбирлик фаолиятини бошлаб муҳаррир ўринбосари вазифасигача бўлган йўлни босиб ўтди. Қатор йиллар "Зарафшон" газетасида мухбир, бўлим мудири вазифаларида ишлади. Кўплаб публицистик танкидий ва таҳлилий йўналишдаги мақолалар ёзди. 
Кейинчалик Республиканинг "Қишлоқ ҳаёти", "Миллий тикланиш" газеталарининг Самарқанд вилоятидаги махсус мухбири вазифаларида ишлади. 2002-2003 йилларда Самарқанд вилоят телерадиокомпаниясининг бош муҳаррири вазифасида ишлаган кезлари ўзидаги тележурналистик қобилиятини намоён эта олди. 
Тажрибали журналист Ўктам Қурбонов нафақага кадар Республика "Маҳалла" газетасининг Самарқанд вилояти бўйича мухбири ва шу билан бир пайтда Фуқаролик жамияти шаклланишини мониторинг қилиш мустақил институти вилоят худудий бўлинмасида катта илмий ходим бўлиб ишлади.
Самарали меҳнати учун бир қатор фахрий ёрлиқлар билан тақдирланиб, Республика миқёсида ўтказилган танловларда ғолибликни эгаллади. У ўз касбини севувчи катта қалб соҳиби эди. Ҳамкасблари даврасида ҳамиша яйраб ўтирар, ёш қаламкашлар билан суҳбатлашиб, уларга керакли маслаҳатлар берарди.
Ўктам Қурбоновнинг беш нафар фарзанди, 14 нафар набираси ҳамда 5 нафар эвараси бор. 
Турмуш ўртоғи Малика Ашурова кўп йиллар тумандаги 33-умумтаълим мактабида ўқитувчи бўлиб ишлади. Ҳозирда нафақада.
Қизи Машҳура Қурбонова тумандаги хўжалик ҳисобидаги туманлараро давлат архивининг раҳбари вазифасида бир неча йил фаолият олиб борди. Ҳозирда уй бекаси.
Қизи Қурбонова Гўзал кўп йиллар туман Почта алоқа бўлимида фаолият олиб борди. Ҳозирда уй бекаси.
Ўғли Бунёд Қурбонов хусусий тадбиркор сифатида фаолият олиб бормокда.
Ўғли Шерзод Қурбонов ота касбини давом эттириб, 2002 йилдан 2007 йилгача Самарқанд вилоят телерадиокомпаниясида тасвирчи, 2007 йилдан 2018 йилгача Республика "Фидокор" ва "Миллий тикланиш" газеталарининг Қашқадарё вилоятидаги махсус мухбири лавозимларида фаолият олиб борди. 2018 йилдан буён Самарқанд вилоят телерадиокомпаниясининг ўз мухбири вазифасида ишлаб келмокда. 
Ўғли Ҳаёт Қурбонов айни пайтда Шароф Рашидов номидаги Самарқанд Давлат университетида илмий ходим сифатида фаолият кўрсатаяпти. 
 Саҳифани Йўлчи МУҲАММАДИЕВ тайёрлади.