ТУҒМА ЖУРНАЛИСТ ДЕЙИШАРДИ

Оқдарёлик журналистлар орасида Ниёзхон Алиевнинг салмоқли ўрни бор. У 1952 йили Пилол қишлоғида дунёга келди. Мактабни тугаллагач, 1970-1972 йилларда ҳозирги "Оқдарё овози" газетасида, туман радиосида фаолият кўрсатди. 1972 йилда Тошкент Давлат университетининг журналистика факультетига ўқишга кирди. Шу орада "Тўқимачилар овози" газетасида мухбир, муҳаррир бўлиб ишлади.
Н.Алиев университетни тамомлагач "Оқдарё овози" газетасида ижодий фаолиятини давом эттирди. Дастлаб мухбир, кейин қишлоқ хўжалик бўлими мудири сифатида ўзининг ўткир, долзарб мақолалари, танқидий чиқишлари билан эл назарига тушди. Айниқса, унинг "Раис нега хуноб?", "Резервлар кўп, аммо...", "Комитет фаолият кўрсатмаяпти" сингари танқидий чиқишлари туман раҳбарлари томонидан муҳокама қилиниб, айбдорларга нисбатан чоралар кўрилганди.
Истеъдодли журналист Ниёзхон Алиев 1980 йили 28 ёшида газета муҳаррирлигига тайинланди. Ўша йили Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси пленуми аъзолигига сайланди. Газета муҳаррири сифатида ҳам у катта ташкилотчилик ишларини амалга оширди. Ўтган асрнинг 80-йилларида журналистика факультетини битирган кўпчилик ёшлар Ниёзхон аканинг шогирдлари ҳисобланади. 
Н.Алиев 1987 йилдан бошлаб Лойиш шаҳарча фуқаролар йиғинида котиб, раис ўринбосари, раис, туман маънавият ва маърифат кенгаши раиси, туман маҳаллалар фаолиятини мувофиқлаштириш кенгаши раиси вазифаларида самарали фаолият кўрсатди. 
Ниёзхон ака турмуш ўртоғи, иқтидорли журналист Гулчеҳра Исмоилова билан мазмунли умр кечирди. Катта қизи Гулжаҳон ва ўғли Жаҳонгир ҳуқуқшунос, Гулруҳ эса тиббиёт ходими сифатида фаолият кўрсатишмоқда. 
Устоз Ниёзхон Алиев ҳозир орамизда бўлмаса-да, Оқдарё халқи у кишини доимо туғма журналист сифатида эслайдилар.