Футбол СПОРТЧИ ОТАХОН ЭЪЗОЗЛАНДИ

Президентимизнинг 2023 йил 28 июлдаги "Маҳаллаларда спорт инфратузилмасини ривожлантириш ва спорт майдонларидан фойдаланишни ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида"ги қарори асосида чекка қишлоқларда спорт майдончалари ташкил этиш бўйича анчагина ибратли ишлар амалга оширилаяпти. Бу   борада туманимизда ҳам кўзни қувонтирадиган тадбирлар ўтказилаётганлигини эътироф этмоқ лозим. 
Ўтган якшанба куни туман "Нуронийлар" Кенгаши ва "Янгиқишлоқ" маҳалла фуқаролар йиғини ташаббуси билан 44-умумтаълим мактабининг футбол ўйингоҳида ажойиб тадбир ўтказилди. Бундан қирқ йил муқаддам шу ўйингоҳни ташкил этишга ўзининг муносиб ҳиссасини қўшган спорт фахрийси Норқул Омонтурдиевнинг 70 ёшли юбилейини нишонлашга бағишланган тантанали тадбирга туманимизнинг барча жойларидан спорт мухлислари ташриф буюрдилар. Қувончли томони шундаки, отахонни қутлаш учун ва мухлисларни мамнун этиш учун Самарқанднинг "Динамо" жамоаси ҳам бу юбилейда иштирок этдилар. Оқдарёнинг футбол фахрийлари ва Динамочилар ўртасида ўтказилган мусобақа ғоят кескин курашларга бой бўлди.  Учрашувнинг дастлабки дақиқаларидаёқ меҳмонлар ўз маҳоратларини намойиш этиб, мезбонлар дарвозасига тўп киритишиб ҳисобда олдинга чиқиб олишди. Шундан сўнг оқдарёлик футболчилар ҳам ҳисобни тенглаштириш учун астойдил ҳаракат қилдилар. Бу эса ўзининг натижасини кўрсатиб, ҳисоб тенглашди. 
Шу тариқа ҳар иккала жамоа аъзолари ҳам ғолиблик учун астойдил ҳаракат қилдилар. Иккинчи бўлимда ҳам ҳар иккала дарвозага тўплар киритилиб, 4:4 ҳисобида жанговар дуранг билан якунланди. Динамо жамоасидан Бобур Зиёев, Давлат Абдураҳмонов сингари футболчилар ўз маҳоратларини намо-йиш этишган бўлса, Оқдарё жамоасидан Учқун Қобилов ва Исмоил Машрабовларнинг ўйинлари мухлисларга завқ бағишлади.
Мусобақа тугагач, стадионнинг ўзида ўзининг етмиш ёшини нишонлаётган Норқул Омонтурдиевга вилоят "Динамо" академияси бошлиғи Шуҳрат Сайфуллаев, вилоят жисмоний тарбия ва спорт фахрийлари кенгашининг раиси профессор Ҳамроқул Рофиев, туман "Нуронийлар" Кенгашининг раиси Ҳамидулло Қаршиевлар томонидан ФАХРИЙ ЁРЛИҚ ва эсдалик совғалари топширилди. Тадбирдан сўнг меҳмонларга ва футболчиларга тўкин дастурхон ёзилиб, ош тортилди.
Бурхон УМИРОВ,
Мусобақа бош ҳаками.
Суратларда: тадбирдан лавҳалар акс эттирилган.